Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:46

Ўзбекистон президентининг Хитойга сафари тугади


Ўзбекистон президенти И.Каримов (ч) ва Хитой раҳбари Ху Цзинтао, 19 апрел 2011 йил
Ўзбекистон президенти И.Каримов (ч) ва Хитой раҳбари Ху Цзинтао, 19 апрел 2011 йил

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Хитойга икки кунлик давлат ташрифи ниҳоясига етди. Сафар давомида икки давлат ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга оид қатор ҳужжатлар имзоланди.


20 апрел куни президент Каримов Хитой Ташқи ишлар вазири билан учрашди. Мулоқот чоғида Ян Цзечи Ўзбекистон раҳбарининг Хитойга давлат ташрифини муваффақиятли, дея бахолади.

Ўзбекистон президенти бир кун олдин Хитой Халқ Республикаси Раиси Ху Цзинтао билан учрашди. Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар алоқалар, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик, шунингдек, икки томонни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди.

Синхуа ахборот агентлиги хабарига кўра, Ху Цзинтао Хитой Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини ҳамда БМТ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотлари доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш истагини билдирган.

Ўзбекистон 1994 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ариза берган ва ҳозирча бу ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Ўзбекистон ва Хитой расмийлари сўнгги йилларда ўзаро алоқалар ривожланиб келаётганини айтишади.

Хитойнинг Тошкентдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чжан Сяонинг “Жэньминь жибао” интернет газетасига берган интервьюсида 2010 йил охирига келиб Хитойнинг Ўзбекистонга ётқизган сармояси ҳажми тўрт миллиард АҚШ долларига етганини айтган.

Элчига кўра, 2005 йилда Ўзбекистонда Хитойнинг 83 ширкати фаолият юритган бўлса, 2010 йилга келиб улар сони 200дан ошган.

Чжан Сяога кўра, 2005 йилдан 2010 йилга қадар икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 680 миллион доллардан 2,47 миллиард долларга етган.

Хитой элчисига кўра, бу билан Ўзбекистон МДҲ давлатлари ичида Хитойдан маҳсулот олишдан кўра, кўпроқ маҳсулот сотаётган ягона давлатга айланган. Аммо таҳлилчилар бу борада шубҳа билдиради.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ ходими, ҳозирда Остона шаҳридаги Евроосиё миллий университети доценти Сапарбай Жубаев Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Хитой билан савдода ижобий сальдога эришганига шубҳа қилмаслигини айтди.

Унинг фикрича, Ўзбекистон Хитой билан савдода ижобий кўрсаткичга эришганига қарамай, уни Россия ва Қозоғистоннинг Хитой билан савдо айланмаси ва инвестицияларини солиштириб бўлмайди.

- Ҳажми бўйича албатта Россия олдин, кейин Қозоғистон, кейин капитал инвестиция қилиш ҳажмларига қараш керак. Мана масалан ўтган йили Ўзбекистон Хитойдан қанча инвестиция олган бўлиши мумкин? Бир цифрани кўрган эдим. 703 миллион долларга боради бошқа корхоналарга, ўзининг фирмаларига берган пуллари билан. Лекин Россия билан Қозоғистонга Хитойнинг инвестицияси 10 миллиардлаб долларга чиққан. Шунинг учун бу нарсада солиштириш мумкин эмас. Лекин Хитой элчиси Ўзбекистон ҳақида ўзининг бир ижобий томонини топиб гапириши керак. У шуни топганда, шуни гапираяпти. Лекин бу жуда ажабланадиган нарса эмас. Мен ҳайрон бўлиб турибман таҳлилчилар нега бунга ажабланиши керак, - дейди Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ ходими, ҳозирда Остона шаҳридаги Евроосиё миллий университети доценти Сапарбой Жубаев.

Раис Ху билан учрашувдан кейин президент Каримов Ўзбекистон Хитой билан муносабатларга катта аҳамият бериб келгани ва Хитойни ишончли ҳамкор деб билишини таъкидлади.

Музокарадан кейин Ислом Каримов ва Ху Цзинтао Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Каримовнинг Хитойга сафари давомида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Хитойнинг Синхуа ахборот агентликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолади.
XS
SM
MD
LG