Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2018, Тошкент вақти: 19:53

Мюллер Трамп Сешнзни ишдан бўшатмоқчи бўлганини тергов қилмоқда


АҚШ Бош прокурори Jeff Sessions

АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер президенти Доналд Трамп ўтган йили ёзда бош прокурор Jeff Sessions (Жефф Сешнз) ни лавозимидан истеъфо беришга мажбурлагани билан боғлиқ гумон юзасидан тергов ўтказмоқда.

“Washington Post” газетаси бунга Россиянинг 2016 йилги сайловга аралашувини тергов қилишга президент қаршилик кўрсатишга уринганини сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Газета 28 февраль куни Мюллер бошлиқ терговчилар Трампнинг июль ва августдаги хусусий изоҳларига ойдинлик киритиш учун гувоҳларни сўроқ қилаётгани хусусида хабар тарқатди. Ўшанда у Твиттерга Сешнзнинг ҳамиятига тегувчи бир туркум изоҳлар қўйган эди.

Мақолада айтилишича, ўтган йили ёзда Трамп Сешнзни ишдан бўшатиш ёки мажбурлаб кетказиш масаласини хусусий тартибда муҳокама қилган. Бу ҳам етмагандай, у бир сафар Оқ уй ходимларига Сешнздан истеъфога чиқиш тўғрисида ариза олишни буюрган. Оқ уйда маслаҳатчи бўлиб ишлаётган бир кишининг айтишича, Сешнз ҳалиям ишдан кетмаганини эшитиб, президент “ росмана ажабланган”.

Газета Мюллер мана шу ва бошқа хабарларга асосланиб, Трамп Твиттерга қўйган изоҳлардан мақсад “ишдан кетишга мажбурлаш учун омма кўз ўнгида бош прокурорнинг обрўсини тўккан-тўкмагани”ни аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бундан мақсад унинг ўрнига бошқа одамни тайинлаб, Трампнинг 2016 йилги сайлов вақтида ўз ҳаракатларини Россия билан мувофиқлаштирганига оид гумонлар билан боғлиқ терговни назорат қилишга уриниш бўлган бўлиши мумкин.

“New York Times” газетаси олдинроқ Мюллер Трампнинг 2017 йил баҳорида Сешнзни ишдан бўшатишга урингани ҳақидаги гумонларни ўрганиб чиқаётгани хусусида ёзган эди.

Трамп Россия билан боғлиқ можарони тергов қилишга халақит берганини инкор қилмоқда. Айтишича, кампания вақтида Россия билан ҳеч қандай келишув бўлмаган. Россия ҳам сайловга аралашганини инкор қилиб келмоқда.

Ҳозирча на Оқ уй, на Адлия вазирлиги “Washington Post” газетасида чоп этилган мақолага изоҳ бериш тўғрисидаги илтимосларга жавоб қайтарди.

Мақола Трамп яна Твиттерда Сешнзни танқид қилганидан кейин пайдо бўлди. Сешнз эса ушбу масала юзасидан суриштирув олиб боришни Адлия вазирлигининг мустақил бош инспекторига топширганини айтди.

– Модомики, бош прокурор эканман, ўз вазифамни ҳалол ва сидқидилдан бажаравераман. Вазирлик ҳам ишини мавжуд қонунлар ва Конституцияга кўра, одил ва ҳаққоний адо этаверади, – деди Сешнз.

Трамп билан Сешнзнинг муносабатлари бош прокурор бир йил олдин Россия билан боғлиқ масалани тергов қилишдан бош тортгандан бери ëмонлашиб бормоқда. Унинг бу терговдан ўзини четга олиши Мюллернинг махсус прокурор этиб тайинланишига сабаб бўлди. Мюллер эса ўз навбатида Трампнинг бир неча собиқ ёрдамчиси ва сайлов кампанияси вақтидаги маслаҳатчисига айбловлар эълон қилди.

XS
SM
MD
LG