Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:05

Обама: Ғалати ва бетайин вақтда яшаяпмиз...


АҚШнинг экс-президенти Барак Обама 17 июль куни Жанубий Африка республикасининг илк қора танли президенти Нелсон Манделани хотирлаш маросимида нутқ сўзлади ва дунё “ғалати ва нотайин замон”га қадам қўйганидан огоҳлантирди. Бу Дональд Трампга яширин ҳужум эканини пайқаб олиш қийин эмас.

Обама Трампнинг отини очиқ атамади, бироқ “қўрқув ва норозилик” сиёсати кенг ёйилаётганидан огоҳлантирди. Унга кўра, бунга раҳбарларнинг ҳақиқатдан нафратланиб, “уялмай-нетмай” ёлғон гапириши сабаб бўлмоқда.

У айримлар иқлим ўзгараётганини тан олмаётганини, ирққа асосланган миграция сиёсатини, жиловсиз капитализм ва “замон зўрники” сиёсатини кескин танқид қилди. Айни жиҳатлар зиддиятларга тўла Трамп президентлигининг алоҳида белгилари ҳисобланади.

‒ Биз яшаб турган ғалати ва бетайин вақтни, ҳар куни хавотирли хабарлар тарқалаётганини ҳисобга олиб, мен бир лаҳза ортга чекиниб, келажакка боқишни маъқул деб билдим, ‒ дея нутқини бошлади Обама.

Обама Йоҳаннесбург шаҳридаги крикет стадионида Нелсон Мандела таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирга йиғилган 10 минг киши олдида маъруза қилди.

‒ Ҳукуматлар ва таъсир кучига эга аъёнларнинг омадсизлиги сабаб... дунёнинг аксарият қисмига бизнес юритишнинг эски, хавфли ва шафқатсиз усулларига қайтиш таҳдид солмоқда, ‒ деди Обама.

У миграция масаласида Трамп сиёсатини танқид остига олди: “миллий чегара муҳим аҳамиятга эга экани тўғри... аммо ирқ, миллат ёки динга асосланган иммиграция сиёсатини оқлаб бўлмайди”.

У иқлим ўзгариши масаласида Трамп ва яна бошқа америкалик консерваторларнинг илмий жиҳатдан исботланган нарсаларга шубҳа билан қараётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини айтди.

Обаманинг маърузаси Манделанинг туғилган кунига бағишланди. Бу кун - 18 июль - бутун дунёда нишонланади.

Обама 2017 йили Оқ Уйдан кетгандан бери жамоатчилик олдига камдан-кам ҳолларда чиқади. Аммо ҳар доим Манделани ўзини бир умр илҳомлантирган киши сифатида таърифлаб келади.

Улар иккаласи ҳам ўз мамлакатларининг илк қора танли президентлари бўлди.

XS
SM
MD
LG