Линклар

АҚШ савдо вазири Россия компанияси билан ҳамкорликда гумон қилинмоқда


АҚШ савдо вазири Уилбур Росс

Оммавий ахборот воситаларига сиздирилган минглаб молиявий ҳужжатлар АҚШ савдо вазири Уилбур Росснинг Россия президенти Владимир Путинга яқин кишилар назоратидаги юк ташиш компаниясига сармоя ётқизганидан далолат бермоқда.

Журналист суриштирувлари бўйича халқаро консорциум (International Consortium of Investigative Journalists, ICIJ) 5 ноябрь куни эълон қилган ва “Жаннат қоғозлари” (Paradise Papers) деб номланган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Россиянинг давлат назоратидаги улкан “Газпром” компанияси ва ВТБ банки АҚШнинг технология фирмаларига кўп миқдорда инвестиция киритган.

Ҳужжатлар орасидан қиролича Елизавета II нинг бир оффшор компаниясига 13 миллион АҚШ долларилик сармоя киритгани ҳақидаги маълумот чиқиб қолди.

Қароргоҳи АҚШда жойлашган ICIJ 2016 йилда “Панама ҳужжатлари”ни ОАВга сиздирган эди. Панаманинг адвокатлик фирмасидан олинган ўша ҳужжатларда дунёдаги кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда бадавлат кишиларнинг оффшор зоналарда банк ҳисоблари борлиги фош этилган эди.

“Жаннат қоғозлари” тарқатган материаллар оффшор зоналарда хизмат кўрсатувчи 2 та провайдерлик компаниясидан ва 19 та солиқ имтиёзлари берувчи компания регистридан олинган. Ушбу ҳужжатларни Германиянинг “Зюддойче Цайтунг” газетаси қўлга киритди. Бундан ташқари, ICIJ уларни “Гардиан” ва “Нью-Йорк Таймс” газеталари ва Би-Би-Си корпорацияси ва ўнлаб ахборот агентликларига тарқатди.

Ҳужжатлар жуда катта миқдорда бўлгани учун бошқа кўплаб ОАВга ҳам берилди ва “Жаннат лойиҳаси” деган ном олди.

13,4 миллионта файлнинг дастлабки қисмида “қармоққа илинган наҳанглар” Росс ва қиролича Елизавета бўлди. Гарчи ҳужжатларда ҳеч бир кишининг молиявий фаолияти ноқонуний экани айтилмаган бўлса-да, Росснинг Россия бизнеси билан алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар изсиз кетмаслиги аниқ. Чунки АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти фаолияти манфаатлар зиддиятига оид кўплаб саволларга сабаб бўлмоқда.

Трамп ёрдамчиларининг Россия билан потенциал алоқалари Москва 2016 йилги АҚШ президенти сайловига аралашгани ҳақидаги гумонлар боис АҚШда кўплаб суриштирувларга сабаб бўлди. АҚШ президенти Россия билан бирор алоқа бўлганини рад этмоқда ва суриштирувларни “ажина ови” деб атамоқда.

Компанияларнинг чигал тўри

Ҳужжатларга кўра, миллиардер сармоядор Росс вазирлик лавозимини эгаллагандан сўнг ҳам Путиннинг яқинларига алоқадор юк ташиш компанияси билан ҳамкорликни давом эттирган.

79 яшар Росс Россияга тегишли “Сибур” энергетика компанияси газини ташийдиган Navigator Holdings компаниясининг катта миқдордаги улушига эгалик қилган.

“Сибур” компаниясининг бир қисм акциялари Путиннинг дўсти Геннадий Тимченко ва унинг куёви Кирилл Шаматов қўлида. Россия Украинага тажовуз қилгандан сўнг АҚШ Тимченкого қарши санкция жорий қилган эди, деб хабар беради “Нью-Йорк Таймс” газетаси.

АҚШ Савдо вазирлиги воизи Жеймс Роккаснинг айтишича, Росс “Navigator” компаниясининг “Сибур” билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида қарор қабул қилишига аралашмаган ҳамда давлатга тегишли ушбу компанияга қарши ўша пайт ҳам, ҳозир ҳам ҳеч қандай санкция қўлланмаган.

Би-Би-Си мухбири Россдан интервью олганда у “Сибур” компаниясига сармоя ётқизганининг ҳеч қандай ноқонуний жиҳати йўқлигини айтди.

Россияликларнинг ижтимоий тармоқларга киритган сармоялари

Россия билан боғлиқ яна бир ҳужжатга кўра, ушбу мамлакат ватандоши ва Силикон водийсидаги технология компанияларининг йирик сармоядорларидан бири Юрий Милнер ВТБ банкдан 191 миллион АҚШ долларилик кредит олган ва уни Твиттер ижтимоий тармоғига сармоя қилиб киритган.

Яна ҳужжатларда Россиянинг давлат назоратидаги “Газпром”га тегишли молиявий шўъба корхонаси бир сохта компанияни маблағ билан таъминлаган. У эса ўз навбатида Милнер билан боғлиқ компанияга сармоя ётқизган ҳамда Фейсбук компаниясининг тахминан 1 миллиард долларлик акциясини сотиб олган.

Аммо Милнер ICIJ ходимларига “Газром Инвестхолдинг” шўъба корхонаси унинг бирор ишига аралашганидан бехабар эканини айтди.

Би-Би-Си Кремлга алоқадор олигарх Алишер Усмоновнинг ноқонуний даромадларни ҳалоллашга қарши курашувчи ва компанияларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини текширувчи бир компанияда махфий улуши бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Яна Усмоновнинг Bridgewaters компанияси мижози экани, агар унинг ўша компанияда ҳам улуши бўлса, бу манфаатлар зиддиятини келтириб чиқариши мумкинлиги айтилади. Аммо Bridgewaters вакиллари россиялик киши унинг эгаси экани ёки назорат қилишини “кескин рад этди”.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG