Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2018, Тошкент вақти: 03:56

Оқ Уй: Суриядан қўшинларимизни иложи борича тезроқ олиб чиқамиз


Кимёвий қуролларни тақиқлаш халқаро ташкилот (КҚТТ) душанба куни Сурияда заҳарли газ қўллангани ҳақидаги гумонларни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказмоқчи. Шу гумон Ғарб мамлакатларининг Сурияга ракеталар билан зарба беришига олиб келди. Айни дамда ташкилот инспекторлари Дамашқ яқинидаги кимёвий қуролдан зарба берилган, деб гумон қилинаётган ҳудудда текширув ўтказмоқда, деб ёзди AFP агентлиги.

Текширув ўтказилаётган чоғда АҚШ бошчилигидаги жавоб зарбаси қизғин муҳокамалар марказида турибди.

Франция президенти Эммануэл Макрон президент Дональд Трампни қўшинларини Суриядан олиб чиқмай туришга кўндиргани ҳақида баёнот берди.

Душанба куни Британия бош вазири Тереза Мэй мамлакат Қуролли кучлари ҳарбий амалиётда иштирок этгани учун парламент олдида жавоб беришига тўғри келади.

АҚШ етакчилигидаги ракета зарбалари Сурияда етти йилдан бери давом этаётган уруш даврида Башар Асад режимига қилинган энг йирик халқаро ҳужум бўлди.

Ғарб мамлакатларига Сурия режимининг бош иттифоқчиси Москва билан тўқнашув хавф солиб турди. Чунки президент Владимир Путин янги ҳужумлар “хаос”ни келтириб чиқаришидан огоҳлантирган эди. Вашингтон эса, ҳарбий амалиёт ўрнига Россияга қарши янги иқтисодий санкциялар қўллашини билдирди.

АҚШ, Франция ва Британия ракеталари шанба куни кимёвий қурол ишлаб чиқарилаётган ва сақланаётган иншоотларни вайрон қилди. Трамп ракета ҳужумларини “юксак даражада бажарилди”, деб баҳолади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ҳизер Ноэрт Британиянинг Sky News телеканалига берган интервьюсида 14 апрель куни АҚШ, Британия ва Франция берган ракета зарбалари ҳақида фикр билдирди:

− АҚШ билан иттифоқчилари ҳарбий амалиёт ўтказишига туртки берган нарса разведка маълумотлари бўлди. Унда айтилишича, Сурия ўз халқига қарши кимёвий қурол ишлатди. Бизнинг ўз маълумотларимиз, Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилотининг (КҚТТ) эса бошқа маълумотлари бор.

КҚТТ инспекторларининг олдида жуда қийин вазифа турибди, чунки Сурия можаросига дахлдор барча йирик давлатлар, жумладан, Ғарб мамлакатлари кимёвий қурол қўллангани ҳақида аллақачон хулоса чиқариб бўлди. Айни хулосалар берилган ракета зарбаларини оқлайди. Бу масалада Ҳизер Ноэрт билдирган яна бир фикр эътиборга моликдир:

− Мен сизга Сурия президенти Башар Асаднинг айбдорлигини кўрсатувчи кўплаб мисолларни келтиришим мумкин. Масалан, Сурия режимининг бошқа айблари ҳам кўп. Айримлар айблашга шошаётган бошқа гуруҳларнинг –айниқса, уларни Россия айблашга уринмоқда – бочка бомбаларини ташлайдиган вертолётлари йўқ Асаднинг кимёвий қуроллари борлигини биламиз. Россия 2014 йили Сурияга кимёвий қуроллардан қутулишида ёрдам бериши керак эди. Аммо бу ишни қилмади. Россия Башар Асадга ўша кимёвий қуроллардан қутулишида ёрдам бера олмади. Шунинг учун бугун ҳужумлар давом этаётганини кўриб турибмиз.

КҚТТ Сурия ҳукуматининг кимёвий қурол захиралари 2014 йилда олиб чиқиб кетилгани хусусида баёнот берган эди. Бироқ 2017 йили мамлакат шимолида жойлашган Хон Шайхун шаҳрида зарин гази қўлланганини тасдиқлади.

АҚШ президенти Трамп тонг олдидан берилган зарбалардан сўнг Твиттердаги саҳифасида “вазифа уддаланди” деб ёзди. Ушбу изоҳ президент танқидчиларининг истеҳзосига сабаб бўлди. Бир вақтлар президент кичик Жорж Буш ҳам Ироқдаги уруш тугади, деб баёнот бериб, кулгига қолган эди.

Кремль тарқатган баёнотда айтилишича, президент Путин Асаднинг яна бир иттифоқчиси, Эрон президенти Ҳасан Руҳонийга, Ғарб мамлакатларининг Сурияга зарба бериши “халқаро муносабатларда хаосни” келтириб чиқаради, деган фикрни билдирди.

Ғарб раҳбарлари Сурияда 350 мингдан ошиқ кишининг ёстиғини қуритган ва мамлакат аҳолисининг ярми яшаб турган жойидан кўчиб кетишига сабаб бўлган можарога барҳам бериш учун расмий Дамашққа дипломатик босим ўтказиш даъвати билан чиқди. Бу қанчалик фойда беришини вақт кўрсатади.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Сурия билан боғлиқ қарорларига ўз позициясидан келиб чиқиб, гоҳ Ғарб мамлакатлар, гоҳ Россия вето қўймоқда. Бу Суриядаги можарога томонлариннг қарашлари нафақат бир-биридан фарқ қилиши, балки мутлақо зид эканини кўрсатмоқда. Шунинг учун у ерда вазият яқин кунларда бақарорлашини кутиш қийин.

XS
SM
MD
LG