Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:56

АҚШ ғалабани Толибонга шунчаки топшириб қўймаслиги лозим - ҳисобот


АҚШ қўшинлари Ҳирот шаҳрида афғон ҳукумат кучлари учун ўтказилган машқларда - 2 февраль, 2019
АҚШ қўшинлари Ҳирот шаҳрида афғон ҳукумат кучлари учун ўтказилган машқларда - 2 февраль, 2019

АҚШ Афғонистондаги барча қўшинларини олиб чиқиб кетиши режалаштирилган 1 май муддатини янада узайтириши керак. Шунингдек, Америка қўшинларининг қисқартирилиши тинчлик музокараларидаги силжишга ҳамда Толибон ҳаракати Афғонистондаги Ал-Қоидага қарши курашишига боғланиши лозим. Икки партия вакиллари томонидан ишлаб чиқилган Конгресс ҳисоботида ана шундай тавсиялар келтирилган.

Вашингтон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнидан чиқиб кетмаслиги керак, дея ҳисоботдан иқтибос келтирмоқда Рейтерс агентлиги.

Лекин бу жараён муваффақиятли якунланиши учун керак бўлган муҳит Қўшма Штатлар ва Толибон ўртасида ўтган йилнинг февралида тузилган келишувда кўзда тутилган 2021 йилнинг 1 май муддатигача шаклланмайди. АҚШ ҳарбийлари майгача тўлалигича Афғонистондан чиқиб кетиши минтақани беқарорлаштириши, Ал-Қоида хавфини янгидан чиқариши мумкин бўлган фуқаролар урушига олиб келиши эҳтимоли мавжуд.

Трамп маъмурияти АҚШнинг энг узоқ чўзилган урушини тезроқ тугатиш илинжида исёнчиларга керагидан кўпроқ ён босгани танқид қилинган Афғонистонни ўрганиш гуруҳининг ҳисоботида айтилишича, «АҚШ ғалабани Толибонга шунчаки топшириб қўймаслиги лозим».

Конгресс тузган ушбу гуруҳга АҚШ Бош штаби собиқ раҳбари, генерал Жозеф Данфорд ҳамда собиқ сенатор Кэлли Айот раислик қилади.

Данфорднинг мухбирларга айтишича, ҳисобот билан президент Жо Байденнинг маслаҳатчилари, жумладан Афғонистон бўйича махсус вакил Залмай Халилзод ҳам таништирилган.

АҚШ Давлат департаментининг матбуот котиби Нед Прайс Байден маъмурияти Афғонистондаги тинчлик жараёнини “қўллаб-қувватлашни режалаштираётганини” билдирган. Унинг айтишича, маъмурият Толибон ҳаракатининг Ал-Қоида гуруҳи билан алоқаларни узганлигини, тинчлик музокараларидаги фаоллигини ўрганиб чиқмоқда.

Собиқ президент Дональд Трамп Афғонистонда декабр ойигача 2500 аскардан иборат АҚШ қўшинини қолдиришга буюрган. АҚШ расмийларига кўра, Толибон Ал-Қоида билан алоқаларни сақлаб қолган, ҳукумат ва Толибон ўртасидаги тинчлик музокаралари ҳам боши берк кўчага кириб қолган.

АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш қарорини танқид қилиб келган республикачи сенатор Линдсей Грэҳем ҳисоботни олқишлади. Байден маъмурияти билан бўлган баъзи музокаралардан “маъмурият ушбу тавсияларга қулоқ тутишга розидек кўринди”, дейди Линдсей ўз баёнотида.

“Бу йил 9/11 воқеаларига 20 йил тўлади, мен ҳеч қачон унутмайман бу уруш қандай бошланганини. Биз нигоҳимизни Афғонистондан бошқа ерга қаратган эдик, бу бошқа қайтарилмаслиги керак”, деб қўшимча қилган у.

Толибон ва Афғонистон ҳукумати вакиллари ўртасида Қатарда бўлиб ўтаётган тинчлик музокаралари “қатъий келишув” билан якунланишини таъминлаш учун АҚШ ўз сиёсатини қайта кўриб чиқиши лозим, дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботга кўра, “АҚШ манфаатларига мос келадиган барқарор тинчликни таъминлаш майдаги якуний муддатни узайтиришдан бошланиши керак.” Ушбу муддатни чўзиш учун минтақадаги давлатлар дастагини таъминлаш мақсадида “зудлик билан” дипломатик чораларни кўриш тавсия этилган. Қатардаги музокаралар кун тартибига Афғонистонда зўравонликларни камайтириш ҳамда ҳокимиятни бўлишиш масалалари киритилган.

Муддатни узайтириш Байден маъмуриятига АҚШ сиёсатини қайта кўриб чиқиш, жумладан, Америка қўшинлари қисқартирилиши шартини Қатардаги тинчлик музокараларидаги силжишга, Толибон Ал-Қоидага қарши курашишига боғлашга имкон беради.

Шунингдек, муддатни узайтириш Вашингтонга АҚШ ёрдамини қайта ташкил этиб, Кобулга тинчлик музокараларида ҳамда аёл ва озчиликлар ҳақларини таъминлашда “конструктив рол” ўйнаши учун қўшимча рағбат беришга ёрдам беради.

АҚШ ва Толибон ҳаракати ўртасида 2020 йил февралида имзоланган шартномага мувофиқ, Толибон Афғонистондаги бошқа экстремистик гуруҳларга қарши курашиш ҳамда уларнинг АҚШ ва иттифоқчиларига ҳужум қилишига йўқ қўймаслик мажбуриятини зиммасига олган.

Бунинг эвазига, Вашингтон мамлакатдан 2021 йилнинг 1 майигача ўз қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетишга рози бўлган эди.

XS
SM
MD
LG