Линклар

Шошилинч хабар
21 январ 2021, Тошкент вақти: 09:54

Арис ҳарбий гарнизонида ëнғин. Туркистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди (ВИДЕО)


24 июнь тонгда Қозоғистон жанубидаги Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий омборхонада ëнғин чиққани ортидан бу ердаги қурол-аслаҳа портлай бошлади.

Маҳаллий расмийларга кўра¸ портлашлар оқибатида камида 25 одам жароҳатланган¸ улардан учтаси оғир аҳволда. Яраланганлар орасида беш нафар бола борлиги айтилмоқда.

Айни пайтда¸ Ўтрор тумани касалхонаси камида 34 нафар жароҳатланган арисликка тиббий ëрдам кўрсатилганини билдирди.

Мудофаа вазирлиги¸ ўт ўчирувчиларнинг ëнғинни тўхтатишга уринаëтгани¸ ҳозирча унинг сабаблари номаълум эканини билдирди.

45 мингдан ошиқ одам яшовчи Арисда бошланган ваҳима ортидан одамлар уй-жойини ташлаб кетмоқда ва шу муносабат билан Туркистон области ҳокими ҳудудда фавқулодда вазият эълон қилди.

Туркистон вилояти ҳокими 24 июннинг ўзидаëқ шаҳар аҳолисининг ҳаммасини эвакуация қилиш бошланганини билдирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган видеотасвирларда портлаëтган снарядлар ва ҳавога ўрлаëтган қуюқ тутун акс этган.

Тармоқларда шунингдек шаҳарни тарк этаëтган аҳоли ва Арисдан чиқиш йўлларида ҳосил бўлган тиқин видеолари ҳам тарқамоқда.

Бу видеоларда одамларнинг шаҳарни пиëда тарк этаëтгани кўрилади. Воқеа жойидаги Озодлик мухбирига кўра¸ шаҳарга элтувчи автомобиль йўли ëпиб қўйилган.

Айрим видеоларда портлаш тўлқинидан Арисдаги турар-жой биноларига етган зарар – синган деразалар¸ қулаб тушган шифтни кўриш мумкин.

«Уйимизга бомба тушгандек бўлди. Бутун ойна қолмади»¸ деб ëзди бу видеолардан бирини тармоққа юклаган арислик Кенжеғараев.

Арислик Жанат Абилқосимова¸ аксарият Чимкентга кетаëтганини айтади.

- Портлаш тўхтамаяпти. 9:30 ларда бошланди. Аввалига хашак ëнаяпти¸ деб ўйладик. Кейин снарядлар портлай бошлади. Одамлар Чимкентга қараб кетаяпти¸ дейди Озодлик мухбири гаплашган арислик аëл.

Аҳолиси сони 45 мингдан кўпроқ бўлган Арисда Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисми жойлашган. Вазирлик¸ ҳозирда ëнғин ва портлаш оқибатида ўлган ва жароҳатланганлар йўқлигини билдирди.

«Туркистон областининг Арис аҳоли пункти ëнида жойлашган Қуролли кучлар арсеналларидан бирида 24 июнь куни ëнғин чиққани ортидан қурол-аслаҳага ҳам ўт кетди. Ҳозирча ўлган ва жароҳатланганлар йўқ. Воқеа сабаблари ва юзага келган вазият ўрганилмоқда. Мудофаа вазирлиги раҳбарияти томонидан воқеа жойига махсус комиссия юборилди¸ Қуролли қўшин шахсий таркиби кучлари томонидан ëнғинни ўчириш ва унинг оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда»¸ дейилади расмий баëнотда.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портлаш жойида ўнлаб ходими ишлаëтганини билдирди.

Туркистон области ҳокими эса ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилинганини билдирди.

«Барча районлар¸ яқин-атрофдаги аҳоли пунктлари сафарбар этилди. Ҳозирги вазиятда шаҳар аҳолисини эвакуация қилиш керак. Шу боис барча йўналишда колонналар ҳаракатланади. Махсус машиналар одамларни олиб¸ уларни махсус ҳозирланган лагерларга олиб боради. Барча район ҳокимлари лагерлар тайëрлаб¸ келган одамлар рўйхатини тузиб¸ одамларни қариндошлариники ëки меҳмонхоналарга жойлаштиради. Бу уларнинг асосий иши. Ҳар бир лагерга туман ҳокими бош бўлади. Ҳозирги долзарб масала – эвакуация ва шу билан шуғулланамиз»¸ деди Туркистон области ҳокими Умрзоқ Шукеев.

Эвакуация масаласида Чимкентда махсус телефон хизмати йўлга қўйилган. Расмий хабарга кўра¸ бир неча соат ичида 15 та эвакуация пункти очилган.

Бу - Арисдаги ҳарбий объектларда кузатилаëтган биринчи ëнғин эмас.

Бундан 10 йил олдин – 2009 йил мартида Арис марказидан икки километр масофада жойлашган илмий-ишлаб чиқариш корхонаси омборхонасида портловчи моддалар ëнган ва оқибатда портлаш юзага чиққан эди.

Бу портлаш оқибатида тўрт одам ўлган¸ 16 нафари жароҳат олган эди. Ўшанда Арисдаги ҳарбий гарнизонда яшовчилар эвакуация қилинган эди.

2015 йилда айни ҳарбий қисмда юзага чиққан портлаш оқибатида бир одам ўлган эди. Бу воқеа портловчи моддаларни йўқ қилиш амалиëти пайтида содир бўлган.

Арис билан Тошкент ўртасидаги масофа 250 км.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG