Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:15

Тоғли Қорабоғ можароси: Арманлар Россияни «халоскор» ўлароқ кўрмоқда


Аскеран ташқарисидаги назорат-ўтиш нуқтасидаги рус аскари - 20 ноябрь, 2020
Аскеран ташқарисидаги назорат-ўтиш нуқтасидаги рус аскари - 20 ноябрь, 2020

Озарбайжоннинг бўлгинчи Тоғли Қорабоғ ҳудудида содир бўлган ҳарбий тўқнашувлар давомида айрим арманлар Арманистоннинг узоқ йиллик ҳамкори Россия уларга ёрдам кўрсатмаётганидан шикоят қилдилар.

Аммо Ереванда Кремлга қаратилган танқидлар сусайди, чунки 10 ноябрь куни Москва воситачилигида ўт очишни тўхтатиш битими имзоланди. Унга биноан, минтақага Россиянинг 2000 га яқин тинчликпарвар қўшинлари юборилади.

Сиёсий таҳлилчи Ричард Гирагосян Озодликка берган интервьюсида ҳозирда кўплаб арманлар Россияни арман кучларининг ҳудудий йўқотишлари учун айбламай, аксинча, Москвани «халоскор» сифатида кўраётганларини айтди.

«Бу қизиқ парадокс, чунки 45 кунлик уруш давомида Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ичида Россия ўзига хос бўлмаган тарзда пассив ва мулоҳазали иш тутаётгани ҳақида маълум бир ғазаб ва умидсизлик мавжуд эди», - деди Гирагосян.

«Россия зудлик билан ёрдамга келмади ва Тоғли Қорабоғдаги кўплаб арманиларнинг хавфсизлик бўйича умидлари амалга ошмади», - дея сўзини давом эттирди таҳлилчи.

«Айни дамда, Россия хавфсизлик бўйича [Арманистон олдидаги] мажбуриятлари Арманистон чегарасида тўхташини аниқ изҳор қилди. Россия Тоғли Қорабоғни эмас, балки Арманистон Республикасини мудофаа қилади, ҳимоялайди ва ёрдам беради», - деди Гирагосян.

Пенсильвания штатидаги Лихай университети халқаро алоқалар профессори Арман Григорян:

«Охир оқибат, Россиянинг саъй-ҳаракатлари билан уруш тўхтатилди. Россиянинг саъй-ҳаракатларисиз уруш натижаси арманлар учун ёмонроқ бўлар эди, деб айта оламиз», - деди.

Григорян 26 октябрда Вашингтон воситачилигида имзоланган сулҳ шартномаси ҳеч қандай натижа бермагани ва Франция ҳамда АҚШ «хайрихоҳ баёнотлар» билан чекланганини айтди.

«Мен улар ёки бошқа бирон бир давлат Арманистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилгани ёки урушни тўхтатиш учун Озарбайжонга санкциялар билан ёки бошқа нарсалар билан таҳдид солганини кўрмадим», - деди қўшимча қилди Григорян.

Таҳлилчилар Ереван ҳукуматининг расмий баёнотлари ва Арманистон оммавий ахборот воситалари хабарлари таҳлили асосида мамлакатда Россияга бўлган қарашлар динамикасини кузатмоқдалар.

Гирагосян 27 сентябрь куни ҳарбий тўқнашувлар бошланиб кетганидан кейин Пашинян Россияга беш марта қўнғироқ қилиб, «деярли ёлвориб» ҳарбий ёрдам сўраганини айтди.

Шунингдек, Арманистон ҳукумати ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик шартномасига биноан Россиядан қандай ёрдам кутиши мумкинлигига аниқлик киритишни сўради.

Уруш тугаб, минтақага Россия қўшинлари киритилганидан кейин Пашинян Кремлни мақтай бошлади.

21-22 ноябрь кунлари Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва мудофаа вазири Сергей Шойгу сулҳни амалга оширишни муҳокама қилиш учун Ереванга ташриф буюрди. Учрашувлар давомида Пашинян Россия ишончли иттифоқчи эканини таъкидлади.

Бу бошида ғарб давлатлари билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори ўлароқ кўрилган Пашинян учун муҳим ўзгаришдир.

Гирагосяннинг айтишича, уруш ортидан Арманистон «Россия таъсир доирасида мангу қолишини» кутиш мумкин.

Россия воситачилигида имзоланган сулҳга биноан, Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофида эгаллаб олган барча ҳудудлар Боку назоратида қолади. Арманистон қўлдан бой берилган ҳудудларни 1 декабргача бўшатиши керак.

Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғнинг якуний мақоми ҳал қилинмагани ва можарога ечим топиш учун Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) қошида тузилган Минск гуруҳи доирасида музокаралар давом этишини айтди. Минск гуруҳига Россия, Франция ва АҚШ ҳамраислик қилади.

XS
SM
MD
LG