Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:15

Энг "қимматбаҳо ҳожатхона" ёхуд "Зенит Арена" стадиони можароси


"Зенит арена"да таъмирлаш ишлари давом этмоқда
"Зенит арена"да таъмирлаш ишлари давом этмоқда

Қурилишига 10 йилдан кўпроқ вақт ва 900 миллион доллар сарфланган Санкт-Петербургдаги марказий “Зенит-Арена” стадионида мутахассислар аммиак моддасининг рухсат этилганидан 2,5 баробар кўплигини аниқлади. Стадион эгалари бунинг учун дуч келган жойда ҳожат чиқарган меҳнат муҳожирларини айбламоқда.

"Стадионда аммиак миқдори ошиб кетган"

Петербургдаги “Зенит-Арена” футбол стадиони ҳудудида аммиак моддасининг соғлиққа зиëн етказадиган даражада кўплиги аниқланди. Экспертларга кўра¸ стадиондаги аммиак миқдори нормадагидан 2,5 баробар баланддир.

“ВКонтакте” тармоғидаги Mash гуруҳининг стадион раҳбариятидаги манбага таяниб ëзишича, мутахассислар зарарли модданинг кескин кўпайиб кетишига унинг қурилишида ишлаган муҳожирларни айбламоқда. Бу манба иддаосича¸ қурувчи-ишчиларларнинг вентиляциясиз стадионнинг дуч келган жойига ëзилиб кетавергани бу ҳолатга олиб келган.

Вентиляцияни ярим йил олдин ишга туширишга ваъда беришган. Мутахассислар стадиондан фойдаланишга рухсат беришдан олдин аммиак миқдорини яна бир бор ўлчаб кўришади”, дейилади бу мавзуга бағишланган Mash видеоролигида.

("ВКонтакте"даги МЭШ гуруҳи видеоси)

Унгача¸ айтилишича¸ Петербургнинг “Зенит” футбол командаси ўз учрашувларини қўшни стадионларда ёки меҳмонда ўтказиб туради.

Экологлар бундан олдин ҳам стадионда аммиак ва формалдегид моддалари миқдорининг кескин кўплигини қайд этган ва вазият барча муҳандислик қурилмалари ишга тушсагина яхшиланишини билдирган.

“Санкт-Петербург Арена” стадиони матбуот хизмати ва уни вақтинчалик бошқараётгани аниқланган шаҳар Спорт иншоотларини бошқариш бошқармасида Озодлик сўровига аммиакнинг ва бошқа заҳарли моддаларнинг келиб чиқиши борасида ҳозирча изоҳ берилмаслигини билдиришди.

"Қимматбаҳо ҳожатхона"

Дунëдаги энг қимматга тушган стадион мақомини олган "Зенит Арена" қурилишида асосан марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ишлаган.

Ҳозирча қурувчи мигрантларнинг “аммиак ахлатлари” борасидаги хабарни бирорта расмий идора тасдиқламади. Шунга қарамай¸ бу хабар Россиядаги аксар федерал ва минтақавий ахборот воситаларида тарқашда давом этмоқда.

"Зенит-Арена" - кутилган натижа ва реаллик
"Зенит-Арена" - кутилган натижа ва реаллик

Ҳозирда “Санкт-Петербург” номи берилган стадион (эски номлари – “Крестовский”, “Зенит-Арена”) қурилишига, айрим ҳисоб китобларга кўра, 50 миллиард рубл ёки салкам 900 млн доллар сарфланган.

Мухолифат етакчиси ва блогер Алексей Навалний бу пулдан 30 миллиардининг амалдорлар томонидан ўзлаштириб юборилганини айтмоқда.

Петербург стадиони қурилиши бундан роса 10 йил олдин – 2007 йилда япон архитектори Кисё Курокава лойиҳаси асосида бошланган.

Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар “Зенит-Арена”га дунëдаги “энг қимматбаҳо ҳожатхона” деб ном қўйишга ҳам улгурди.

"Ичкарида шароитлар йўқ эди..."

Озодлик Радиоси Петербург марказий стадионида қурилиш ишларида қатнашган бир нечта ўзбекистонлик муҳожир билан суҳбатдан юқорида зикр этилган вазиятни ўрганиб кўрди.

Ўзини Мансур деб таништирган водийлик муҳожир 3 ой “Зенит Арена” қурилишида ишлаган. У ичкарида ишчилар ҳожатини чиқаришга шароитлар мутлақо йўқ бўлганини эслади:

-У ерда, тўғриси, бардак бўлди. Сийиб ташлаган ва бошқалар бўлди... Уни яшириш керак эмас – кўзим билан кўрдим. Лекин, ичкарида туалет бўлмади. Ташқарига бир автобус қўйилди биотуалет билан. Тепада ишлайдиганлар пастга туша олмайди – йўлга қизғанди-да. Очилиш маросимига яқин туалетлар ишга туширила бошлади. Тўғрисини айтсам, у ерда асосан ўзбек-тожик боллар ишлади. 85 фоизи! Бир ишлаганда 2-3 минг одам бор эди. Шу сабабли абжағи чиққан-да. Лекин, одамда ҳам сал маданият ҳам бўлиши керак-ку, деди Мансурбек.

Суҳбатдош маъмурият иморат қаватларига ҳожат чиқармаслик тўғрисида огоҳлантирувчи махсус плакатларни ҳам ёпиштириб чиққанини ёдга олди. Мансурбек ўзи ишлаган пайтда усти ёпиладиган катта спорт иншоотида вентиляция бўлмаганини ҳам маълум қилди.

Жиззахлик Жасурбек “Зенит Арена” стадионида заҳарли ислар пайдо бўлишини табиий шароитлар билан боғлади.

У Крестовский оролида жойлашган стадион атрофи балчиқ ва сув билан ўралгани сабабли ёпиқ бинонинг ичкарисида сассиқ ҳидлар пайдо бўлганини тахмин қилди:

- Метродаги портлашдан кейин улар бегоналарни яқин йўлатмайди. Иккинчидан, аренага машина киритилмайди. Ўзининг ишчилари камида еттита қўриқчидан ўтиши керак. У ерда ишлаган ўртоқларим билан гаплашдим – чим бироз тайёр эмас Жаҳон чемпионатига, лекин тайёрласа керак, деяпти. У ерга на машина, на метро боради. Аренанинг 70 фоизи сув ичида. Балким у моғорлаган бўлиши мумкин, дея тахмин қилди Жасурбек.

Шу йилнинг январигача “Зенит Арена” спорт мажмуасининг учинчи қаватидаги бизнес павильонларини қуриш ишларида қатнашган ўзбекистонлик яна бир суҳбатдош Шамсиддин, стадион ичкарисида заҳарли чиқинди моддалар бўлиши мумкинлигини инкор этмади.

У ҳожатхона жуда узоқда жойлашгани сабабли ишчилар иншоот ичкарисига ҳожатга чиқариб кетаверарди, дейди.

- Стадион ўртасидан айланасига икки қават бизнес-павильонлар кетган. Мен шу ерда ишлаганман. У ерда техник хоналар ҳам бор. Ўша хоналар расвоси чиққан эди. Шу айланада битта туалет бор эди. Қолган туалетлар ёпиб қўйилган эди, чунки унитазлар янги қўйилганди. Биринчидан, туалетга узоқ юриш керак эди, иккинчидан, қаватимиздаги туалетни умуман ишлатиб бўлмас даражага келтиришган эди: свети йўқ, эшиги йўқ, суви йўқ, ичи тўлиб қолган. Биотуалетлар ташқарида эди – бориш учун бир круг айланиб чиқиш керак совуққа. Ҳеч ким бормас эди шунинг учун, деди исмини ошкор қилмасликни сўраган ўзбекистонлик қурувчи йигит.

XS
SM
MD
LG