Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:18

Путин ва Назарбоев қистовига қарамай, Атамбаев яна президент бўлмоқчи эмас, ижод билан шуғулланмоқчи


Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Алаарчадаги матбуот анжуманида, Бишкек, 2016 йил 1 декабри.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Алаарчадаги матбуот анжуманида, Бишкек, 2016 йил 1 декабри.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев иккинчи муддатга давлат раҳбари лавозимига сайланиш нияти йўқлигини яна бир бор таъкидлади. Бу фикрни Атамбаев 1 декабрь куни Ала-арча қароргоҳида давлат раҳбари вазифасини бажара бошлаганининг 5 йиллиги муносабати билан уюштирилган матбуот анжумани чоғида билдирди.

Пайшанба куни 165 нафар журналист қаршисида чиқиш қилган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ундан иккинчи муддатга қолишни сўраганини қайд этди.

- Аммо мен уларга: “Бундай қилолмайман, чунки бизнинг халқ ҳозир бошқача. У ўзи муносиб кўрган одамни сайлаб олади”, дея изоҳ бердим, - деди Қирғизистон президенти.

Президентликка номзодини бошқа қўймаслигини Алмазбек Атамбаев аввал ҳам бир неча бор таъкидлаган.

Атамбаев Қирғизистонда бўлажак президент сайлови ҳалол ўтишини қўшимча қилди.

- Жўғўрқу Кенеш (парламент) сайловидан кейин [Қирғизистонда] битта ҳам митинг бўлгани йўқ. Албатта, айрим ватандошлар ўз овозини сотгани ҳақида фактлар бор, бироқ умуман олганда сайлов билан боғлиқ вазият аввалгидек эмас, - деди Атамбаев.

Президент матбуот анжуманида бир умр ҳам тадбиркорлик, ҳам ижод билан шуғулланишни орзу қилиб келганини билдирди. Унинг айтишича, бир йилдан кейин ўзининг қўшиқчилик санъатини такомиллаштириш устида ишлаши учун вақт топилади.

- Мен 4-5 та қўшиқ ёздим. Уларни жамоатчилик қизғин муҳокама қилди. Менинг халққа манзур бўладиган қўшиқларим бор яна, деди Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон раҳбари президент лавозимидан кетганидан сўнг китоб ўқишга ҳам вақти кўп бўлишини қўшимча қилди.

Қирғизистонда галдаги президент сайлови 2017 йил кузида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG