Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 20:02

Радиочастоталар бўйича Республика кенгаши 13 май куни 900/1800 МГц диапазондаги радиочастота полосаларини Ўзбекистондаги тўртта мобил оператори ўртасида қайта тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу қарор ортидан мамлакатдаги энг йирик мобил оператори ўз ихтиëридаги радиочастоталарнинг қарийб ярмидан маҳрум бўлди.

Beeline - шикоятчи

"Радиочастоталаримизнинг 47 фоизини тортиб олиш мисли кўрилмаган ва регулятор томонидан бизга нисбатан ниҳоятда нодўстона ҳаракатдир”¸ дейилади Beeline бош ижрочи директори Дмитрий Шуховнинг 15 май куни матбуотга ëйинланган баëнотида.

Ширкат раҳбарига кўра¸ кенгашнинг биргина қарори Beeline фаолиятига камида 50 миллион доллар зарар етказади ва у ширкатнинг ўтган йил Тошкент билан 2031 йилга қадар имзолаган келишуви бандларини бузишдир.

Шу иддао билан Beeline Радиочастоталар бўйича Республика кенгаши устидан Тошкент шаҳар Хўжалик судига шикоят қилган ва бу шикоятни кўриб чиқиш¸ Озодликка маълум бўлишича¸ 23 май кунга белгиланган.

Beeline - аввалги номи VimpelCom¸ янги номи эса Veon Ltd.бўлган бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган халқаро телекоммуникация корпорациясининг Ўзбекистондаги шўъбаси.

Асосий акциялари россиялик миллиардер Михаил Фридманга қарашли бу ширкат Ўзбекистон телекоммуникация бозорига 2005 йилда кирган ва эндиликда тортиб олинган радиочастоталарга 2006 йилдан бери эгалик қилиб келган.

Бу радиочастоталар 47 фоизнинг йўқотилиши ширкат фаолиятига қандай таъсир кўрсатиши ҳақидаги тафсилотларга 15 май куни на ширкатнинг Тошкент идораси ва на Амстердамдаги бош қаророгоҳида ойдинлик киритадиган мутахассис топилмади.

Расмий изоҳ

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Радиочастоталар бўйича республика кенгаши фаолиятига бевосита алоқадор расмийси¸ вазиятга ойдинлик киритди.

“Кенгаш Beelineдан ҳеч нарсани тортиб олгани йўқ. У бор радиочастотаталрни тўртта оператор ўртасида теппа-тенг тақсимлади¸ холос. Ҳозиргача бу радиочастотаталарнинг қариб ярми Beelineга тегишли эди. Шунинг учун¸ табиийки¸ бу қарорга фақат улар эътироз билдираяпти. Бошқалар¸ аксинча¸ бу қарордан хурсанд”¸ деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда вазирлик расмийси.

Бу мулозим¸ Beeline бош менежерининг¸ “Радиочастоталар бўйича республика кенгаши 2031 йилгача тузилган келишув шартларини бузди”¸ деган иддаосини инкор қилди. Расмийга кўра¸ бу келишувда регуляторнинг радиочастоталарни исталган пайт бир томонлама қарор билан ўзгартиришга ҳақли эканига оид банд мавжуд ва шу боис кенгашдагиларнинг судда ютиб чиқишга ишончи комил.

“Мижозларни йўқотмаслик учун пул сарфлаш керак бўлади”

“Beeline 2006 йилдан бери бошқаларга нисбатан имтиëзли шароитда ишлаб келди. Унинг абонентлари сони бошқаралардан кўплигини ҳам¸ ана шундай преференция билан изоҳлаш мумкин. Энди 10 миллионга яқин мижозни сақлаб қолмоқчи бўлса¸ берилган олти ой муҳлат ичида қаердадир янги станциялар қуриши¸ ишлаб турганларини қайта дастурлаши¸ берилган радиочастоталарга мослаши керак бўлади. 50 миллион доллар зарар¸ деган гап¸ ана шу қайта мослашиш харажатларини назарда тутади. Бу ишлар қилинмаса¸ Beeline алоқа сифати ëмонлашади ва мизожлари сони ҳам камая бошлайди”¸ деди Озодлик суҳбатлашган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассиси.

Радиочастоталар бўйича Республика кенгаши расмий баëнотида ëзилишича¸ радиочастоталарни қайта тақсимлаш қароридан кўзланган мақсад республикада радиочастота ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлашдан иборат.

Расмий изоҳга кўра¸ радиочастота полосаларининг мобил алоқа операторлари ўртасида узуқ-юлуқ ўлчамда, диапазоннинг турли қисмларида тақсимлангани Ўзбекистонда LTE (Long-Term Evolution) технологиясининг 4 авлод (4G) мобил алоқа стандартини жорий қилишга тўсқинлик қилган.

Инвесторни хафа қилиш ëки Ўзбекистонда интернетни ривожлантириш?

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга хориж инвесторларини жалб қилишга астойдил ҳаракат қилаëтган айни кунларда бош қароргоҳи Ҳолландияда жойлашган халқаро телекомширкати билан судлашиш Тошкент ҳукумати учун сиëсий жиҳатдан қимматга тушмайдими¸ деган саволга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутасаддиси¸ ҳукумат шундай қарор қабул қилишга мажбур бўлганини айтади.

“Албатта¸ ҳозир Beeline хориж инвесторини хафа қилишаяпти¸ деб шовқин кўтаради. Лекин бу ширкатни хафа қиладиган қарорни олмаслик¸ Ўзбекистонни сўнгги технологиялардан маҳрум қилиш бўларди. Ë инвесторни хафа қилиш¸ ë Ўзбекистонни интернет технологиялари қолоқ давлат сифати қолдиришдан бирини танлашда биз биринчисини танлашга мажбур бўлдик”¸ дейди вазирлик расмийси.

Beeline/VimpelCom йўқотишлари

11 май куни 2017 йилнинг биринчи уч ойидаги фаолиятига доир ҳисоботини эълон қилган Beeline ўз даромадининг 2016 йилнинг айни даврга нисбатан 7 фоизга камайиб¸ 156 миллион долларга тушганини билдирган эди.

Ширкат бу йўқотишни ўзбек сўмининг муттасил девальвация бўлаëтгани билан изоҳлаган эди.

2017 йилнинг биринчи уч ойи ичида Ўзбекистондаги Beeline мижозлари 9¸5 миллионни ташкил этган¸ улардан 4¸6 миллиони мобил интернет хизматига уланган.

2006 йили Beeline бренди остида Ўзбекистонда иш бошлаган ўшандаги VimpelCom, Европа ва АҚШда ўзбек телекоммуникация соҳасидаги коррупция текширувлари давомида ўзбек мобил алоқа бозорига кириш учун “Тошкентдаги нуфузли шахс”га 114 миллион доллар пора берганига иқрор бўлди.

Бундай иқрор ортидан АҚШ Адлия вазирлиги билан эришилган келишувга мувофиқ VimpelCom¸ ишни ëпиш учун 795 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлди.

Акциялари АҚШ қимматбаҳо қоғозлар бозорида очиқ сотувга қўйилган VimpelCom ўзбек коррупция жанжали ортидан бузилган имижидан қутулиш мақсадида¸ ўз номини Veon Ltd. Қилиб ўзгартирди¸ қатор менежерларидан воз кечди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG