Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2021, Тошкент вақти: 05:36

Беларуслар Байдендан кўпроқ дастак кутса бўладими?


Беларусь президенти Александр Лукашенко АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео билан учрашмоқда - Минск, 1 февраль, 2020

АҚШ президенти Дональд Трамп Беларусда президент сайлови ортидан бошланган норозилик намойишлари ва намойишчиларга қарши полиция зўравонлиги ҳақида жуда оз сўзлади.

АҚШ президентлик сайловларида ғолиб чиққан Жо Байден эса, Беларуснинг авторитар президенти Александр Лукашенкони «ўз халқини қийноққа тутувчи» ноқонуний етакчи, деб атайди.

Байден президентлиги Беларусь халқи учун нимани англатади?

Шу йил 9 августида бўлиб ўтган президент сайловидан кейин Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида норозилик чиқишлари бошланиб кетди.

Норозилар расмийларни мисли кўрилмаган сохталаштирув ва митинг иштирокчиларига нисбатан шафқатсизликда айблаб, Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко истеъфосини ва қайта сайлов ўтказилишини талаб қилмоқдалар.

Айрим норозилик акцияларида 100 мингдан ошиқ одам қатнашди. Мухолифат норозилик намойишларидан ташқари, оммавий иш ташлаш кампаниясини ҳам бошлашга уринмоқда.

Бугунга қадар минглаб намойиш қатнашчиси ҳибсга олинди, юзлаб одам полиция зўравонлигига дучор бўлди, мухолифат етакчилари қамалди ёки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар Лукашенкони легитим президент ўлароқ тан олишдан бош тортди ва кўплаб Беларусь амалдорларига қарши санкция жорий қилди.

Шунингдек, Брюссель ва Вашингтон президент сайловида ғолиб чиққанини иддао қилаётган мухолифат етакчиси Светлана Тихановская билан яқиндан алоқа ўрнатди.

Тихановская сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан Литвага қочиб ўтишга мажбур бўлган.

Аммо танқидчилар Ғарб давлатлари, айниқса, АҚШни авторитар Лукашенкони жазолаш учун етарлича чора кўрмасликда айблаб келадилар.

Байден президент лавозимига киришганидан кейин, АҚШнинг Беларусь бўйича сиёсати кескин ўзгариши мумкин. Байден ўз сайлов кампанияси давомида Лукашенко ва унинг «ҳамтовоқларига» қарши санкциялар кўламини кенгайтиришини айтиб, Трамп «ноқонуний автократга» нисбатан ўта юмшоқ муомала қилаётганини таъкидлаган эди.

1990 йилларда АҚШнинг Беларусдаги элчиси ўлароқ ишлаган Кеннет Яловиц Озодликка ёзган электрон мактубида «Байден намойишчилар номидан кўпроқ гапириб, Европадаги ҳамкорлар билан яқинроқ иш олиб боради», деб ёзди.

Трампдан фарқли ўлароқ, Байден Беларусдаги воқеалар ҳақида кўп фикр билдирди.

27 октябрь куни Байден «ўз халқини қийноққа солган ҳеч бир раҳбар легитимликни иддао қила олмайди... Мен Светлана Тихановская ва Беларусь халқи билан бир қаторда ҳокимият тинч йўл билан топширилиши, барча сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши ҳамда эркин ва адолатли сайловлар ўтказилишини талаб қилишда давом этаман», дея баёнот берди.

Собиқ АҚШ дипломати Стивен Пайфер «Мен ушбу баёнот Байден президентлиги Беларусь билан қандай муносабатда бўлишига оид яхши белги эканига ишонаман», - деб айтди.

Байден ўз маъмурияти демократия ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини қўллашдан ҳеч қачон чекинмаслигини айтиб, Трампни Лукашенкога қарши чора кўрмасликда айблаган.

XS
SM
MD
LG