Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:59

Беларусда ишдан бўшатилиш таҳдидига қарамай иш ташлашлар давом этмоқда


Минскдаги Радиоэлектроника университетидаги иш ташлаш - 29 октябрь, 2020
Минскдаги Радиоэлектроника университетидаги иш ташлаш - 29 октябрь, 2020

Беларусда авторитар президент Александр Лукашенко истеъфосини талаб қилиб ўтказилаётган акция қатнашчилари ишхонада ишдан ҳайдалиш таҳдиди, кўчада эса полиция зўравонлигига дучор бўлмоқда.

Бу ҳақда Беларусдаги иш ташлаш акцияси ташкилотчиларидан бири Юрий Равава сўзлаб берди.


Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настояшчее время» телеканали билан суҳбатда Равава ўзи ишлаган «Гродно Азот» кимё заводи ишчиларига ўтказилаётган тазйиқлар ҳақида сўзлаб берди.

10 минг одам ишлайдиган заводнинг кўплаб ишчиси тоби йўқлигини айтиб, ишга чиқмаяпти. Завод етакчилари эса ишчиларни ишлашда давом этишга ундаш учун уларга бир вақтнинг ўзида ойликни оширишни ваъда қилмоқда ва ишдан бўшатиш билан таҳдид қилмоқда.

Рававанинг сўзларига кўра, расмийлар «Гродно Азот» заводи ишчилари иш ташлашидан хавотирда, чунки заводда нефтни қайта ишлашда ишлатиладиган аммиак ишлаб чиқарилади.

«Агар бизнинг корхона иши тўхтаса, «Нафтан» нефтни қайта ишлаш заводи фаолияти ҳам тўхтайди. Бу эса Лукашенко учун қаттиқ зарба бўлади», - деб айтди август ойида Беларусни тарк этишга мажбур бўлган Равава.

Президентликка собиқ номзод, мухолифат етакчиси Светлана Тихановская икки ҳафта муқаддам Лукашенкога халқ ультиматумини эълон қилган. Унга кўра, Лукашенко 25 октябргача ҳокимиятдан кетиши ҳақида эълон қилиши керак эди.

Аммо Лукашенко ультиматумни бажармади. Бунинг ортидан Тихановская Беларусь халқини 26 октябрдан умуммиллий иш ташлаш ва асосий йўлларни тўсиш амалиётларини бошлашга чақирди.

Беларусда норозилик акциялари шу йил 9 августидан бери – Лукашенко президент сайлови ғолиби деб эълон қилиниши ортидан бошланиб кетган. Мухолифат сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб, Лукашенконинг истеъфоси, сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши ҳамда янги сайловлар ўтказилишини талаб қилиб келмоқда.

Бугунга қадар 10 мингдан ортиқ намойишчилар ҳибсга олинди, юзлаб одам қийноққа тутилди.

Тихановская сайлов ортидан оиласига таҳдидлар туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Беларусь мухолифатининг кўплаб етакчиси қочишга мажбур бўлди, айримлари қамалди.

Сайлов ортидан мамлакат бўйлаб норозилик акциялари давом этаркан, Беларусдаги қатор йирик саноат корхоналари ишчилари иш ташлади. Хусусан, 14 август куни «Гродно Азот» заводи ишчилари ишга чиқмади.

Заводнинг собиқ ходими ҳамда иш ташлаш кенгаши аъзоси Равава хавфсизлик хизмати ходимлари унинг изига тушиши ортидан Польша пойтахти Варшавага қочиб ўтди.

Равава заводнинг 17 ишчиси очиқчасига иш ташлаш акциясини қўллаётгани, кўплаб ходимлар ишларидан айрилишдан қўрқиб, сукут сақлашаётганини айтди.

Аммо Рававанинг сўзларига кўра, заводнинг муҳим ишчилари бетоб эканликларини айтиб, ишга чиқишмаяпти.

«Кўпчилик ишга чиқмаяпти, телефонини кўтармаяпти ёки уйда ўтирибди. Кўп одам касаллик таътилида», - деди Равава.

«Уларнинг сони қанча эканини айта олмаймиз, лекин бу кўрсаткич 100га яқин. Бу одамлар ўрнини тўлдириб бўлмайди. Аксари муҳим технологлар», - дея қўшимча қилди у.

Беларусь расмийлари миллий иш ташлаш акциясининг мамлакат иқтисодига таъсирини озайтириб кўрсатмоқда. Президент Лукашенко «болаларни ким боқади?» дея иш ташлаш таҳдидини жиддий қабул қилмади.

Тихановская эса, иш ташлаган ишчилар шартномалари бекор қилинса, уларга молиявий ёрдам кўрсатилишини ваъда қилди. Унинг сўзларига кўра, ушбу мақсадни кўзлаб аллақачон 7 миллион доллар маблағ тўпланган.

Равава «Гродно Азот» заводининг ишдан ҳайдалган 12 нафар ишчисига 1 500 евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатилишини айтди.

XS
SM
MD
LG