Линклар

Таълим вазирлиги "ҳисобот"ида боғчалардаги зўравонлик ва фаҳш тилга олинмади


Халқ таълими вазирлиги сайтида президентнинг “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига оид ўзига хос ҳисобот эълон қилинди. Жараëннинг жадал бораëтгани ҳақидаги бу ҳикояда¸ ўзбекистонликларни ларзага солган боғчалардаги зўравонлик ва фаҳш муаммоси ҳақида лом-мим дейилмади.

Расмий манзара

Ўзбекистон Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев 2 май куни мамлакатдаги мактабгача бўлган таълим тизимида бораëтган жараëнларга оид ўзига хос ҳисобот-мақола эълон қилди.

Кенжаевнинг вазирлик расмий сайтида босилган бу ҳисоботда билдиришича¸ президентнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ республикадаги 2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек¸ “қишлоқ жойларда бундай муассасаларни янгидан қуриш, уларни замонавий инвентарь, жиҳоз, ўқув-методик қўлланмалар ҳамда мультимедиа воситалари билан таъминлаш чора-тадбирлари” амалга оширилмоқда.

Режага кўра¸ 2021 йилгача Ўзбекистондаги болаларни мактабга тайëрлаш билан шуғулланувчи қисқа муддатли гуруҳлар сони 6100 га етади. Айтилишича¸ ҳозирда мамлакатда 1200 та шундай гуруҳ ташкил этилиб¸ уларга 81 минг нафар бола қабул қилинган.

Вазирлик раҳбари баëнотига кўра¸ беш йил ичида 50 та янги мактабгача таълим муассасаси қурилади¸ 1167 таси реконструкция қилинади¸ 983 таси “мукаммал таъмирланади” ва бу ишларга 2¸2 триллион сўм сарфланади. 2017 йил ичида 301 боғчада 265¸5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Кенжаевнинг билдиришича¸ 2017-2018 йилларда 2420 та таълим муассасасида “ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан сараланган эллик номдаги асарни жамлаган кичик кутубхоналар ташкил этилади”.

Муаммолар ҳақида сукут сақланди

Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасаларида жой етишмаслиги ортидан коррупция ва зўравонликнинг кенг тарқалгани айтилади.

Халқ таълими вазирлиги расмий сайтида келтирилишча, Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасалари жами сони 4 916 тадир.

Расмий хабарда, боғчалардаги жами тарбияланувчилар сони 668,497 нафар бўлиб, бу кўрсаткич боғча ёшидаги болаларнинг 26.5% фоизини ташкил қилиши айтилган.

Вазир ўринбосари¸ боғча ëшидаги ўзбек болаларининг қолган 74 фоизи таълим-тарбияси устида ким¸ қандай ишлаëтгани¸ уларни боғчага жалб қилишга йўл бермаëтган сабаблар ҳақида умуман тўхталмаган.

Мактабгача таълим муассасалари вазияти ҳақида ўзига хос ҳисобот эълон қилган Кенжаев¸ ўтган ойларда аксар ўзбекистонликларни жунбушга солган бу соҳага оид даҳшатли воқеаларни умуман четлаб ўтган.

Шу йил март ойи бошида Сурхондарё вилояти Денов туманидаги боғчада тарбиячининг болаларга пичоқ ўқталаётгани тасвирланган видео ва боғчанинг тунлари исловатхонага айлантирилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган ва бу жамоатчиликнинг кескин норозилигини уйғотган эди. ​

Озодлик мазкур ҳодиса ортидан Сурхондарё вилоятида мавжуд барча 290 та боғча текширилгани, тафтиш қилинган боғчалардан 23 тасида тунги фоҳишахона борлиги аниқлангани ҳақида хабар берган эди.

Сурхондарё мулозимлари боғчалардаги текширувлар ортидан 17 та боғча мудираси, яна ўнга яқин мулозим ишдан олингани ҳақида маълум қилган.

Шунингдек, Сурхондарё маҳкамаси жами беш кишини боғчани фоҳишахонага айлантириш айби билан озодликдан маҳрум қилган.

2 май куни ўтказилган пресс-брифингида Ўзбекистон ИИВ вазири Абдусалом Азизов ҳам бу ҳодисани тилга олиб, айбдорларнинг тегишли жазосини олганини айтди, аммо бу муаммонинг кенг кўламли тус олганию, уни исботловчи видео ижтимоий тармоқларга тушгунча куч ишлатар тузилмалари ва ҳокимликлар эътиборидан четда қолгани сабабларига тўхталмади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG