Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:30

Бош прокуратура раҳбарияти Бухорода 2 кунда 1009 фуқарони қабул қилди


2-3 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раҳбарияти Бухоро вилоятида сайёр қабул ўтказди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, қабул "аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни жойида бартараф этиш юзасидан тезкор чоралар кўриш мақсадида" ўтказилган.


Хабар қилинишича, 2 апрель куни Жондор туман Мусиқа ва санъат мактаби биносида ўтказилган сайёр қабулнинг илк кунида 312 нафар фуқаро учрашувда иштирок этди, улардан жами 245 та ариза қабул қилинган.

"Келиб тушган мурожаатларнинг 37 таси жойида ҳал этилди, хусусан 14 фуқаро ишга жойлаштирилди, 13 фуқарога даволаниш учун йўлланма берилди, 2 фуқаронинг уй-жой масаласига оид аризаси қаноатлантирилди, 1 фуқарога ер ажратилди, 3 тадбиркорга жами 400 млн сўмлик кредит ажратилди, 1 тадбиркорнинг фаолиятидаги муаммоси ижобий ҳал этилди", дейилган хабарда.

Айтилишича, қолган 208 та мурожаат алоҳида назоратга олинган.

Қабул қилинган мурожаатларнинг 64 таси суд қарорлари бўйича (маъмурий – 7 та, иқтисодий – 3, фуқаролик – 19, жиноят – 35), 23 таси суриштирув ва тергов масалалари юзасидан, 146 та ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича келиб тушди.

3 апрель куни Когон шаҳар ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган сайёр қабулнинг иккинчи кунида 697 фуқаро учрашувда иштирок этган, улардан жами 450 та ариза қабул қилинган.

"Келиб тушган мурожаатларнинг 41 таси жойида ҳал этилди, хусусан 12 фуқаро ишга жойлаштирилди, 7 фуқарога даволаниш учун йўлланма берилди, 1 фуқаронинг уй-жой масаласига оид аризаси қаноатлантирилди, 8 тадбиркорга жами 670 млн сўмлик кредит ажратилди, 5 фуқарога моддий ёрдам ва нафақа тайинланди", дейилган Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Қолган 409 та мурожаат алоҳида назоратга олинди.

Қабул қилинган мурожаатларнинг 122 таси суд қарорлари бўйича (маъмурий – 7 та, иқтисодий – 11, фуқаролик – 24, жиноят ишлари – 80), 63 таси суриштирув ва тергов масалалари юзасидан, 244 та ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича келиб тушди.

Бухоро вилоятида ўтказилган икки кунлик сайёр қабул давомида жами 1009 фуқаро қабул қилинганини, улардан 695 нафари ариза билан мурожаат қилганини, мурожаатларнинг 78 таси жойида ҳал этилганини, қолган 617 та мурожаат алоҳида назоратга олинганини хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

XS
SM
MD
LG