Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:46

Британия суди Қозоғистон банкидаги ўғриликка алоқадор кўрилган миллиардлаб доллар мулкни музлатди


Болат Отемуратов Қозоғистоннинг энг бой ишбилармонлари ва инвесторларидан бири - 16 март, 2016
Болат Отемуратов Қозоғистоннинг энг бой ишбилармонлари ва инвесторларидан бири - 16 март, 2016

Буюк Британия суди Қозоғистоннинг БТА банкидан миллиардлаб доллар ўғирланишига алоқадор кўрилган тахминан 5 миллиард доллар қийматга эга активларни музлатиб қўйди.

The Wall Street Journal (WSJ) газетасида 1 декабрь куни чоп этилган мақолада ёзилишича, 13 ноябрь куни Англия ва Уэльс корхона ва мулк суди ҳашаматли меҳмонхоналардаги улушлар, олти мамлакатдаги молия институтларидаги ҳисоблар ҳамда Қозоғистондаги Burger King франшизасини музлатиб қўйишни буюрган.

Мақолада ёзилишича, қарор давлатга қарашли БТА банкнинг аризасига асосланган. Банк узоқ йиллардан бери собиқ директор Мухтор Аблязов 6 миллиард доллардан зиёд пулни ўғирлаб кетганини иддао қилиб келади. Аблязов Қозоғистон ҳукуматининг ашаддий танқидчисидир.

БТА ўз аризасида Қозоғистоннинг энг бой ишбилармонлари ва инвесторларидан бири Болат Отемуратовни Аблязовга банкдан ўғирланган пулни яширишда кўмаклашишда айблайди.

Узоқ йиллар давомида собиқ президент Нурсултон Назарбоев ва оиласининг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилган Отемуратов матбуот котиби Ольга Абдрахманова орқали бу айбловларни рад этди. Абдрахманова WJS газетасига берган интервьюсида «айбловлар асосан БТА молия институти ва унинг ҳуқуқий мутахассислари томонидан тақдим этилган сохта ҳужжатларга асосланган», деб айтди.

БТА, шунингдек, Қозоғистоннинг собиқ расмийси, ҳозирда Швейцарияда истиқомат қилувчи Виктор Храпунов ва унинг оила аъзоларини Аблязовга пулни ўғирлашга кўмаклашишда айбламоқда.

Храпуновнинг ўгай ўғли Илёс Аблязовнинг қизи Мадинага уйланган.

WJS ҳисоботидан олдин Аблязов Facebookда Отемуратовга қўйилган айбловлар ҳақида ёзган эди. Аблязов Отемуратовни «Назарбоевнинг ҳамёни» деб атаб, у собиқ президент Назарбоев номидан унинг 5 миллиард долларлик активларига эгалик қилишини айтди.

Аблязовнинг сўзларига кўра, Отемуратовга қўйилган айбловлар сиёсий асосга эга ва уни «жисмоний ва моддий жиҳатдан йўқ қилиш» ва Қозоғистон сиёсий саҳнасидан четлаштиришни кўзлайди.

Аблязов, шунингдек, БТА аризаси ортида Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасининг қудратли раиси Карим Масимов турганини даъво қилди. Аблязовнинг сўзларига кўра, Масимов ушбу суд иши орқали Назарбоевни обрўсизлантириб, ўз активларидан маҳрум қилмоқчи.

Отемуратовнинг «Верный Капитал» компанияси Отемуратов Нур-Султонда экани ва одатдагидек ишлашда давом этаётгани ҳақида баёнот берди. Баёнотда Отемуратов ва бошқа бир неча шахс Британия судида айбланувчи бўлгани тан олинди.

«Мухтор Аблязов ва Илёс Храпуновларга қарши ариза дастлаб БТА Банк томонидан 2015 йилда берилган. 2020 йил ноябрь ойида банк томонидан айбланаётган шахслар рўйхати узаяркан, Болат Отемуратов ва унинг бизнес тузилмаларидан бир нечта шахс судланувчилар рўйхатига киритилди», дейилади ширкат баёнотида.

Илёс Храпунов ўз адвокати орқали пресс-релиз эълон қилиб, ўзига қўйилган айбловлар «кулгили ва хаёлий» эканини ва асосан «тўқима ҳужжатларга» асосланганини айтди. Шунингдек, у БТА ўз сиёсий рақиби Отемуратовни йўқ қилишга уринаётганини айтди.

Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқарган Назарбоев 2019 йил март ойида ўз лавозимини тарк этди. 80 ёшга тўлган Назарбоев ҳукмрон «Нур-Отан» партияси етакчиси, қудратли Хавфсизлик кенгашининг умрбод раиси ҳамда деярли чексиз ваколатларга эга «элбоши» сифатида мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида муҳим роль ўйнашда давом этмоқда.

Отемуратов ва унинг бизнес тузилмалари Назарбоев ва унинг оила аъзолари билан алоқадор эканлиги узоқ йиллардан бери айтиб келинади.

Отемуратовнинг матбуот котиби Абдрахманова WSJ газетасига берган интервьюсида Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида магнатнинг Назарбоев билан алоқаси бўрттирилганини айтиб, Отемуратовнинг бойлиги 3,2 миллиард долларни ташкил этишини айтди.

Forbes маълумотларига кўра, Отемуратов дунёдаги энг бой одамлар рўйхатида 764-ўринда

XS
SM
MD
LG