Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:07

Бош прокурор ўзини коррупцияда айблаган Жасур Фозиловни "ҳайфсан" билан жазолагани маълум бўлди


Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов
Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов

Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Бухородаги криминал шахсларни қўллагани ва вилоятдаги коррупция ҳолатларига алоқадорлигини иддао қилиб чиққан Жасур Фозилов ишда йўл қўйилган камчиликлари учун ҳайфсан олгани ортидан Бухоро шаҳар прокурори лавозимига қайтган.

Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига кўра, Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг шаҳар прокурори Ж.Фозилов хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаси юзасидан хизмат текшируви ўтказилган.

Текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча четлаштирилган.

Хизмат текшируви якунланганлиги муносабати билан Бош прокурорнинг буйруғига асосан Ж.Фозилов жорий йил 19 декабрдан хизмат вазифаларини бажаришга киришди”, дейилган БП хабарномасида.

Қайд этилишича, хизмат текшируви давомида Жасур Фозилов ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйиб, ўзи раҳбарлик қилаётган прокуратура иш юритувида бўлган жиноят ишининг тергови устидан назоратни таъминламаганлиги, амалдаги қонунчилик билан муқобил текширувлар бекор қилинган бўлса-да, жиноят ишига алоқаси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларини терговга жалб қилиб, сўроқ қилиш орқали муқобил текшириш, шунингдек, асоссиз равишда тадбиркорни чақиртириш ва мажбурий келтириш ҳақида қўл остидаги терговчига топшириқ берганлиги аниқланган.

Шулардан келиб чиққан ҳолда Бош прокурорнинг 2020 йил 21 декабридаги буйруғи билан Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловга нисбатан “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган.

Прокурор Жасур Фозилов шу йил 11 декабрида ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга мурожаат қилиб, Бош прокурорни мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, вазифасидан четга чиқишда айблаган ҳамда ўзининг устидан хизмат текшируви бошлангани ва босимга учраётганини билдирган эди.

Ўз мурожаатида Жасур Фозилов бош прокурорнинг Mega Bukhara савдо мажмуаси қурилишига ҳам бевосита алоқадорлигини ва бу ерда коррупция ҳолатлари бўлганини иддао қилган.

Бухоро шаҳар прокурори ушбу савдо марказида ўзининг ҳам 8 та дўкони борлигини, уларни арзон нархда олганини ҳам яширмаган, бу дўконлар укаси, тоғаси ва ҳайдовчисининг отаси номига расмийлаштирилганини эътироф этган.

Ж. Фозилов мурожаатидан кейин унинг важларини “текшириш ва ҳолатга баҳо бериш мақсадида” 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Мазкур комиссия таркибига Ўзбекистон президенти администрацияси, Олий Мажлис Сенати, президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Ўзбекистон президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси масъул ходимлари киритилганди.

Аввалроқ Озодлик гаплашган Тошкент ҳукуматига яқин мулозим Жасур Фозиловнинг видеомурожаати президент администрацияси томонидан ўз фойдасига ишлатилишини тахмин қилганди.

Янги йил олдидан аксар аҳолининг кайфияти ëмон. Газ йўқ, свет йўқ, қимматчилик, давлат ходимлари ҳам ойлигини вақтида ололмай юрибди, байрам қиладиган сабаб деярли йўқ. Шундай пайтда шаҳар прокурори Бош прокурорга ташланяпти – оломонни чалғитиш учун ана томошаю, мана томоша! Фозиловнинг чиқишини “эркинлик¸ очиқлик” сиëсати билан изоҳлашади, лекин томошанинг ҳовури босилгандан кейин, уни секин йўқ қилишади”, деганди мулозим.

Видеомурожаат ортидан Озодлик 15-16 декабрь кунлари Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг ўзи билан бевосита гаплашиб, саволларга жавоб олишга уринган, бироқ бу уринишлар самара берган эмас.

Озодлик сўровига асосан Жасур Фозилов билан боғланишга уринган бухоролик блогер 16 декабрь куни махсус комиссия тузилиши ортидан унга “жим ўтириш буюрилгани”ни билдирган.

XS
SM
MD
LG