Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2019, Тошкент вақти: 09:23

Бухоро Агрокомлексида ўн минглаб товуқ қирилиб кетди; одамлар ойлик ва ишсиз қолмоқда (ВИДЕО)


Когон паррандачилик цехида очликдан ўлган товуқлар қалашиб кетган.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қошида ташкил этилган Агрокомплексга қарашли чорвачилик¸ паррандачилик цехлари ва иссиқхоналар ишчилари сентябрь ойидан бери иш ҳақи олмаётганини Озодликка билдирди.

Молиявий жиҳатдан ўта танг ҳолга тушган Когондаги паррандачилик фермаси ишчиларига кўра¸ қарийб бир ҳафта емсиз қолган минглаб товуқ айни кунларда очдан ўлмоқда.

Агрокомплекс қошидаги Когон паррандачилик цехи раҳбари¸ товуқларнинг қисман очликдан қирилганини тан олди ва бундай аҳвол сабабини ëз ойида тухум нархининг ниҳоятда арзонлаши ортидан ферма тушиб қолган оғир молиявий вазият билан изоҳлашга уринди.

“Миллиардлаб сўмлик жўжалар қирилиб кетаяпти”

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қошида ташкил этилган Агрокомплексга қарашли Когон паррандачилик фермаси ишчиларининг Озодликка билдиришича¸ 2017 йил сентябрь ойида 1 миллиард сўмга олинган 45 минг дона жўжа касалланиб¸ ëппасига қирилиб кетганидан сўнг¸ жорий йилнинг 5 март куни яна 1 миллиард сўмга 30 минг дона тўқсон кунлик товуқ сотиб олинган.

(Озодлик суҳбатдошлари¸ шундоқ ҳам раҳбарият тазйиқи остида қолгани ва бу маълумотни очиқлагани ортидан ишдан ҳайдалишидан чўчиб¸ шахслари сир тутилишини сўради -таҳр.)

Ишчиларнинг айтишича¸ ҳозирга келиб¸ молиявий жиҳатдан банкротлик ҳолатига келган паррандачилик фермаси товуқларга ем олишга пули қолмагани ортидан ўтган ҳафта бу товуқлар очликдан қирила бошлаган.

Озодликка бу маълумотни қувватлаш учун юборилган видеода ем лентаси бўм-бўш турган товуқхонанинг биргина йўлагида юзлаб товуқнинг ўлиб ëтгани акс этган.

Бухоро агрокомплексида товуқлар очликдан қирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:49 0:00

Ферма ишчиларига кўра¸ ҳар бири 30 минг сўмдан олинган товуқлардан кунига 600-700 таси ўла бошлаганидан кейин қолганлари шу кунларда 7000-7500 сўмдан сотиб юборилмоқда.

Эрта-индин фермада биттаям товуқ қолмайди. Шунга бошлиғимиз “ўз ҳисобимдан таътилга чиқаринг”¸ деган аризани мажбурлаб ëздириб олаяпти. Сентябрдан бери ойликсиз ишлаб юрганлар бор. Бу агрокомплекс ўзи одамларни иш билан таъминлаш учун тузилган эди. Бугун эса байрам арафасида бизни пулсиз ҳайдаб юборишаяпти”¸ деди Когондаги паррандачилик фермаси ишчилари номидан гапирган Озодлик суҳбатдоши.

У паррандачилик цехи баробарида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қошидаги Агрокомплексга қарашли чорвачилик фермаси ва иссиқхоналарда ҳам молиявий аҳвол оғирлиги ва бу ердаги юзлаб ишчининг ҳам сентябрь ойидан бери ойликсиз қолганини қўшимча қилди.

Мирзиëев халқни бойитишини ваъда қилган товуқчилик нега касодга учрамоқда?

Озодлик Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи таъсисчиси бўлган Агрокомплексда юзага келган иқтисодий-молиявий танглик¸ хусусан¸ паррандачилик цехининг емга пули қолмаганидан миллиард сўм сарфланган товуқларнинг очликдан ўлаëтганига изоҳ сўраб¸ завод матбуот хизматига мурожаат қилди.

Матбуот хизмати раҳбари¸ Агрокомплекснинг завод бошқарувидан мустақил экани¸ бу саволларга изоҳни комплекс молиявий таъминоти¸ бошқаруви учун масъул одам - Уйғун Раҳматовдан олишни тавсия қилди.

Хизмат сафари билан Тошкентда экани айтилган Раҳматовнинг мобил телефони кун давомида ўчирилганича қолгани боис¸ у билан гаплашишнинг иложи бўлмади.

Агрокомплекснинг товуқлари очликдан қирилаëтган Когон цехи раҳбарини Озодлик мухбири касалхонадан топди.

“Ҳозир капельница тагида ëтибман”¸ деган цех раҳбари¸ товуқларнинг очликдан қирилаëтганини қисман тан олди.

“Минглаб деëлмайман¸ лекин ўлгани бор. Қолганини сотаяпмиз. Молиявий танглигимиз ëздан бошланди. Тухум нархи 200 сўмга тушиб кетди ва сотган тухумимиз товуқларга бериладиган емга етмай қолди. Бир кило емни 3200 сўмдан оламан¸ цехимга маҳсулот етказадиган ўз ери йўқ¸ нима қилишимиз керак? Тошкентга бориб¸ вазиятни тушунтириш учун ҳафталаб юрдим”¸ деган цех бошлиғи¸ ишчиларнинг ойликсиз қолгани ҳақидаги маълумотни инкор қилди. “Октябрь ойлигини тухум бериб бўлса ҳам уздим”¸ деди бу суҳбатдош.

Айни пайтда цех бошлиғи¸ ўтган йил 45 минг жўжанинг цех ëнидаги ахлатхона туфайли тарқаган вирус оқибатида қирилиб битганини эътироф этди.

Озодлик Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қошидаги агрокомплекс муаммолари юзасидан маълумот олиш мақсадида “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик жамиятининг Тошкентдаги бош офисига мурожаат қилди.

Завод ва унга қаршли комплексни қамраб олувчи бу жамият расмийси¸ муаммодан хабари йўқлиги¸ Озодликдан илк бор эшитган бу маълумот учун Уйғун Раҳматовдан изоҳ сўрашини билдирди.

Бу изоҳни ярим соатдан кейин маълум қилишини билдирган расмий¸ кейинги қўнғироқларга жавоб бермади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG