Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2019, Тошкент вақти: 01:08

Трамп Эроннинг Саудия нефть иншоотларига ҳужум қилгани ҳозирча тахмин эканини билдирди


АҚШ президенти Доналд Трамп дам олиш кунлари Саудия Арабистонининг нефтни қайта ишлаш иншоотларига амалга оширилган ҳужумлар ортида Эрон турган “бўлиши мумкинлиги” хусусидаги тахминлар ортиб бораётгани, аммо бу ишонч комил бўлиши учун етарли эмаслигини айтди.

Президентга кўра, Қўшма Штатлар уруш қилишни истамайди, бироқ мамлакатининг Форс кўрфази минтақасидаги асосий иттифоқчисига ҳужумларни қайтаришда ёрдам беришга тайёр.

Унинг фикрича, бунинг учун, аввало, ким айбдор экани ҳақида “якуний” қарор қабул қилиниши керак.

‒ Мен ким биландир уришишни истамайман, аммо биз урушга тайёрмиз, ‒ деди Трамп журналистларга Вашингтонда.

Президент шунингдек АҚШ бирор зарба беришдан олдин Форс кўрфази минтақаси ва Европадаги иттифоқчилари билан ушбу масалани муҳокама қилажагини айтди.

‒ Европа мамлакатлари билан ҳам музокара қилаяпмиз, ‒ деди Трамп, ‒ биз ҳамкорлик қилаётган кўпгина мамлакатлар¸ хусусан¸ Франция, Германия ¸ шунингдек, бошқа одамлар билан гаплашиб, бу ҳақдаги фикрини ўрганаяпмиз.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Эронни айблаб чиқди. АҚШ Мудофаа вазири Майк Эспер ҳам 16 сентябрда айнан шундай баёнот берди. Бундан олдин Қўшма Штатлар сунъий йўлдошдан олинган суратларни эълон қилган¸ ҳамда 14 сентябрдаги ҳужум ортида Эрон туриши мумкинлигини тасдиқлаш учун разведка маълумотларини очиқлаган эди.

Эрон ушбу ҳаво ҳужумига алоқаси борлигини рад этмоқда, аммо Яманнинг Теҳрон қўллаб-қувватлаётган хутий исёнчилари ҳужумларни уюштирганини ва бунинг учун дронлардан фойдаланганини иддао қилмоқда.

17 сентябрда Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Қўшма Штатлар билан музокара ўтказилишини истисно қилди.

− Эрон халқига қарши “имкон қадар” кўпроқ босим ўтказиш сиёсати бефойда. Эрон Ислом жумҳурияти расмийлари Қўшма Штатлар билан ҳеч бир даражада музокара бўлмаслигига якдил ишонади, − дея Хоманаийнинг сўзларидан иқтибос келтиради унинг расмий сайти.

Ўтган ҳафта Оқ уйда Трамп билан президент Руҳоний ўртасида учрашув ўтказилиши мумкинлигини хусусида гап-сўзлар пайдо бўлган ва бу Америка билан Эрон муносабатларини кутилмаган тарзда илиқлаштириши мумкин эди.

Айни ҳужум Саудия Арабистонида нефть қазиб олишни тенг ярмига камайтириб юборди ва бу жаҳоннинг нефть етказиб бериш тарихидаги энг катта узилиш бўлди.

Вашингтон билан Теҳрон ўртасидаги муносабатлар ўтган йили Трамп Эроннинг ядро дастури бўйича битимдан чиқиб кетгани ва Теҳронга қарши санкцияларни қайтадан жорий қилганидан сўнг ёмонлашди.

Трамп Помпео ва бошқа расмийлар тез орада Саудия Арабистонига сафар қилишини билдирди.

Ҳужумлар оқибатида дунёда нефть қазиб олиш ҳажми 5 фоизга қисқарди, жаҳон бозорида нефть нархи эса 19 фоиз ортиб кетди.

XS
SM
MD
LG