Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2018, Тошкент вақти: 14:23

Франция Ташқи ишлар вазири Эронга сафар бошлади


Париж дипломатлари раҳбари Жан-Ив Ле Дриан.

Ғарб давлатлари 2015 йили Теҳрон билан ядро дастури борасида эришган шартнома тақдири¸ шунингдек Сурияда етти йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушидаги Эрон иштироки тортишувларга сабаб бўлаëтган айни кезда¸ Франция ташқи ишлар вазири Эрон пойтахтига келди.

Париж дипломатлари раҳбари Жан-Ив Ле Дрианнинг дастлаб январь ойига мўлжалланган сафари Эрон бўйлаб талабалар ўтказган норозилик намойишлари сабаб қолдирилган эди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибига кўра, икки кунлик сафар чоғида Ле Дриан президент Ҳасан Руҳоний ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф билан учрашиб, “икки томонлама, минтақавий ва халқаро масалалар”ни муҳокама қилади.

Музокара кун тартибидан 2015 йили Ғарб давлатлари билан эширилган ядро дастури бўйича шартнома ижроси муҳокамаси ҳам ўрин олган. Мазкур шартномада Эрон Ғарб санкцияларининг бекор қилиниши эвазига ядро дастурини анча-мунча қисқартиришни зиммасига олган эди.

Ўтган йили АҚШ президенти Дональд Трамп камчиликлар “тузатилмайдиган бўлса”, бу келишувдан чиқиш тўғрисида баёнот бергандан сўнг шартнома келажаги мавҳум бўлиб қолмоқда.

Сафар олдидан Франция ташқи ишлар вазири Франс-пресс агентлигига Теҳронга “Дональд Трамп эмиссари” сифатида бормаëтганини таъкидлади.

Эрон расмийлари мамлакатнинг ракета ва ядро дастурлари мудофаа мақсадларига қаратилгани ва музокара мавзуси бўлмаслигини такрор-такрор айтиб келмоқда.

Париж ва Теҳрон ҳукуматларининг Суриядаги уруш ва унга Эрон аралашуви масаласида ҳам турлича қарашларга эга.

Зариф Ле Дриан билан учрашув олдидан эълон қилинган интервьюсида Европа иттифоқини Эронга нисбатан “экстремизм”да айблади.

– Европа мамлакатлари Қўшма Штатларни Эрон билан эришилган шартномадан чиқариб юбормаслик учун экстремизмга қўл урмоқда ва бундан ўзи азият чекмоқда ва бу ҳол Европа сиёсатига путур етказади, – деди Теҳрон дипломатлари раҳбари 5 март куни “Эътимод” истоҳотчилар газетасига берган интервьюсида.

Айни пайтда Эрон қуролли кучлари матбуот котиби, расмий Теҳрон Ғарб мамлакатлари босимига қарамасдан ракета дастурини давом эттиришини билдирди.

Франция президенти Эммануэль Макрон 4 февраль куни Руҳоний билан телефон орқали сўзлашиб, уни Шарқий Ғутадаги исёнчилар назоратидаги анклавга “бетартиб” ҳужумларни тўхтатиш учун Сурия ҳукуматига “етарли даражада босим ўтказиш”га даъват қилди.

Эрон президенти вебсайтида келтирилишича, Руҳоний Макронга Саудия Арабистони билан унинг иттифоқчиларига қурол-яроғ сотаётган мамлакатларнинг Яманда содир бўлаётган “уруш жиноятлари” учун жавоб бериши кераклигини айтган.

Франция Саудия Арабистонига энг кўп қурол-яроғ экспорт қилаётган мамлакатлардан биридир. Расмий Ар-Риёд Яманнинг халқаро ҳамжамият тан олган ҳукуматининг шиа ҳуси исёнчилари ва иттифоқчиларига қарши 2015 йилдан бери давом этаётган урушида ҳарбий коалицияга раҳбарлик қилмоқда.

Париж билан Теҳроннинг қурол-яроғ дастурлари ва Сурия масаласидан ташқари иқтисодий манфаатлари ҳам бор. Ле Дрианнинг Эрон расмийлари билан бизнес соҳасида ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилиши эҳтимолдан холи эмас.

Эронга нисбатан Ғарб санкциялари бекор қилиниши ортидан 2017 йили Франциянинг энергетика соҳасидаги етакчи компанияси “Тотал” билан газ заҳираларини излаб топиш бўйича 5 миллиард долларлик шартнома имзолаган.

Эрон ва Франция оммавий ахборот воситалари Ле Дриан сафари президент Макроннинг жорий йилда Эронга ташрифи учун замин ҳозирлашини тахмин қилмоқда.

XS
SM
MD
LG