Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2018, Тошкент вақти: 21:28

Эрон президенти: Трамп ядро дастури шартномасига путур етказа олмади


Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 8 январь куни Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодиёт вазирлигидаги мажлисда иштирок этди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, АҚШ президенти Дональд Трамп ва маъмурияти Теҳроннинг етакчи мамлакатлар билан ядро дастури бўйича эришган шартномасига «путур етказа олмади», деб айтди. Шу билан бирга у ҳужжатни Эроннинг «узоқ муддатли ғалабаси» сифатида олқишлади.

У 14 январда Эроннинг давлат телевидениеси жонли тарзда кўрсатган маърузасида «қайта-қайта уринишига қарамасдан, Трамп шартномага путур етказа олмади», деди.

Трамп 12 январь куни, агар шартномага имзо чеккан Европа мамлакатлари ундаги «даҳшатли камчиликлар»ни тузатмайдиган бўлса, Қўшма Штатлар ундан чиқиб кетишини маълум қилди.

Бошқа имзо чекувчи мамлакатлар эса Қўшма Штатларни шартномага амал қилишни давом эттиришга даъват қилмоқда.

Франция президенти Эммануэл Макрон 13 январь куни берган баёнотида ядро дастури шартномаини «ҳурмат қилиш лозимлиги»ни айтди.

Ўша куни расмий Теҳрон ядро дастури бўйича эришилган 2015 йилги шартномани ўзгартириш ҳақидаги гап-сўзларни рад этди. Ушбу шартномага кўра, Эрон ўзига нисбатан қўлланаётган санкцияларни бекор қилиш ҳисобига ўзининг ядро дастурини чеклаша мажбуриятини олган.

Эрон ядро дастури тинчлик мақсадларига қаратилганини таъкидлаб келмоқда, аммо Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатлар Теҳрон ядро қуролларини ишлаб чиқаришга ҳаракат қилаётганини иддао қиляпти.

Трамп 12 январь куни Эронга нисбатан санкцияларни бекор қилиш вақтини ўша шартномага кўра чўзишини ва ҳозирча шартномани ўзгаришсиз қолдиришини айтди.

Аммо у ҳужжат 120 кун ичида шартнома алоҳида битим билан кучайтирилиши зарурлигини, мабодо бундай қилинмайдиган бўлса, Қўшма Штатлар мавжуд шартномадан чиқиб кетишини билдирди.

Трамп шартномага қуйидаги ўзгартиришларни киритишни талаб этмоқда: Эрон Халқаро атом энергияси агентлигига (IAEA) объектларни ўз вақтида инспекция қилиб туришига розилик бериши, яна «қуёш ботиши деб аталувчи қоидалар»ни бартараф қилиши керак. Сабаби, вақт ўтиши билан Эроннинг ядро дастурига бўлган айрим чекловлар ўз кучини йўқотади.

Бундан ташқари, шартномада Эроннинг ядро дастури бўйича саъй-ҳаракатлари унинг ракета дастурлари билан бир бутун экани алоҳида қайд этилиши шарт.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу 13 январда президент Макрон билан телефон орқали сўзлашуви чоғида, Европа Эрондан ядро дастури бўйича асосий шартномани кучайтиришни талаб қилса, «донишмадларча» иш тутган бўлар эди, деб айтди.

У Макронга яна жаҳон жамоатчилиги «Эрон режимининг бешта жинояти»ни «кескин қоралаши» даркорлигини айтди.

Нетаняҳуга кўра, Теҳрон ядро қуролига эга бўлишга, баллистик ракеталарини ривожлантиришга, террорчилик ташкилотларини ва минтақада тажовузкорликни қўллаб-қувватлашга, «Эрон ватандошларини шафқатсизларча қатағон қилиш»га интилмоқда.

XS
SM
MD
LG