Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 04:59

Эрон раҳбарияти халқаро санкциялар ва нефть нархи кескин пасайиб кетиши таъсирида заифлашиб қолган иқтисодиётинирағбатлантириш йўлларини қидирмоқда ва шу мақсадда мамлакатни минтақадаги етакчи сайёҳлик манзилига айлантирмоқчи.

Гўзал табиат, қадимий меҳмондўстлик ва кўплаб “Умумжаҳон мероси” рўйхатига киритилган зиёратгоҳлар Эрон ҳукуматига ўз мақсадига эришишда қўл келиши мумкин.

Эроннинг турзим соҳасидаги имконлари катта эканига қарамай¸ чет эллик сайёҳлар 1979 йилда рўй берган ислом инқилобидан бери ушбу мамлакатга бормай қўйган.

Виза олишнинг узоққа чўзилиши ва мураккаблиги¸ хотин-қизлар кийимига нисбатан мажбурий чеклов¸ спиртли ичимликлар ичишнинг тақиқлангани хориж сайëҳларини Эрондан узоқлаштираëтган сабаблардан айримлари¸ холос. Айни пайтда¸ ислом республикасига бормоқчи бўлган чет элликлар турли баҳоналар билан қамоққа олиниш¸ қолаверса¸ мамлакатда кутилмаган сиёсий тўнтариш рўй беришидан ҳам қўрқади.

19 май куни бўлиб ўтган президент сайловининг илк босқичида катта устунлик билан ғалаба қозониб,иккинчи муддатга сайланган мўътадил сиëсатчи Ҳасан Руҳоний раҳбарлигида Эрон ўз обрўсини тиклаш ҳамда нефть нархи кескин пасайиши ва халқаро санкциялар оқибатида заифлашиб қолган иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида чет элликларга қучоқ очмоқда.

Руҳоний биринчи президентлик муддатининг бош ютуғи бўлган дунё етакчи мамлакатлари билан ядровий шартнома имзоланган 2015 йилдан сўнг сайёҳлик ширкатлари Эронга саëҳат ташкил қилиш бўйича хизматлар мажмуини ишга туширди; Европа авиакомпаниялари Эронга тўғридан-тўғри рейсларини тиклади. Оқибатда¸ мамлакатга келаётган сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Нақд пул танқислигига дуч келаётган ҳукумат виза чекловларини осонлаштириш, сайёҳлик объектлари ва эскириб кетган транспорт тармоқларини тартибга келтириш учун аямай маблағ сарфлаш йўли билан сайёҳлик тизимини қайта тиклашни режалаштирмоқда.

Сайёҳлар “цунами”си

2015 йили Эрондаги Маданий мерос, ҳунармандлик ва сайёҳлик ташкилоти раҳбари Маъсуд Султонифар санкциялар бекор қилингандан сўнг мамлакатга келаётган сайёҳлар сонининг кескин ортишини кутаётганини айтган эди.

Жаҳон банкига кўра, Эронга 2009 йили 2,2 миллион киши келиб кетган бўлса, ушбу кўрсаткич 2015 йили 5,2 миллион кишига етган. Эрон ҳукумати бу тамойилнинг муттасил ўсиб боришини кутмоқда.

Сайёҳлар оқими ошиши мамлакатга аллақачон миллиардлаб долларлик даромад келтирди ва жуда зарур иш ўринлари яратиш имконини берди. Эрон 2015 йилда сайёҳлик соҳасидан 7,5 миллиард АҚШ долларлик даромад қилди; ҳукумат 2025 йилга бориб, мамлакатга 20 миллион сайёҳ жалб қилиш ва даромадни 30 миллиард АҚШ долларига етказишга умид қилмоқда.

Business Insider ва Bloomberg нашрлари Эроннинг хавфсиз мамлакат экани¸ мамлакатнинг қадимий меъморчилиги, машҳур бозорлари ва табиий гўзаллигини ҳисобга олиб, 2017 йилдаги “Энг яхши 50” ва “Энг яхши 20” сайёҳлик маскани қаторига киритди.

Ҳукумат Эронни минтақа сайёҳлик харитаси марказига айлантириш ва кўпроқ чет эллик сайёҳларни жалб қилиш мақсадида виза чекловларини осонлаштиришни ўз ичига олувчи кенг қамровли режа ишлаб чиққанини эълон қилди. Теҳрон 190 тамамлакат сайëҳларига аэропортларда виза, шунингдек, электрон виза беришни жорий қилиш масалаларини кўриб чиқмоқда. Бу режа¸ Қўшма Штатлар, Канада ва Британия ватандошларининг бундан кейин ҳам фақат гидлар ҳамроҳлигида саёҳат қилишига рухсат беришни кўзда тутади.

Ҳукумат тобора сони ортиб бораётган сайёҳларга етарли меҳмонхона тизими яратиш ва уларни транспорт билан таъминлаш борасидаги режасини ҳам эълон қилди. Бу режада¸ 10 йил ичида юксак қулайликка эга меҳмонхоналар сонини 130 тадан 1000 тага етказиш кўзда тутилади. Шунингдек, Эрон сўнгги 30 йил мобайнида амал қилган халқаро санкциялар сабабли вужудга келган камчиликлар ўрнини тўлдириш учун мавжуд самолётлар қаторига яна 400 тасини сотиб олишни мўлжалламоқда.

XS
SM
MD
LG