Линклар

Танқидчилар Киевнинг “Евровидение”сини чандиқларни яширишга уриниш, деб баҳоламоқда


Киевда 5 кун давом этадиган Евровидение танловини 16 мингга яқин полиция, ҳарбий ва фавқулодда вазият хизматлари ходимлари қўриқлаб туради.

Киевда йиллик “Евровидение” қўшиқ танловига келиши кутилаётган 20 мингдан зиёд меҳмонни кутиб олишга тайёргарлик қизғин. Ҳукумат сиёсий тўнтаришни бошидан кечиргани, қонли урушга барҳам бергани ва сўнгги йилларда Европа мамлакатига айланганини Ғарбга кўрсатиш ҳамда ўтмишдаги чандиқларини яшириш ва мамлакатни яхши кўрсатиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда.

Айни пайтда пиво боғи бор, улкан экранлар ва юксак технологияли саҳнага эга “Евровидение” қишлоғи уч йил муқаддам Украинанинг Кремлга хайрихоҳ президенти Виктор Януковичдан ҳокимиятдан четлатилган Евромайдон ғалаёни вақтида қон тўкилган жойда барпо этилди.

“Евровидение” қишлоғи 4 майда 9-13 май кунлари ўтадиган қўшиқ танловининг Днепр дарёси бўйидаги бош репетицияси бўлаётган пайтда расман очилди. 2013-14 йиллардаги норозилик намойишлар маркази бўлган, қўшни Мустақиллик майдонидаги Касаба уюшмалари биносига қопланган матога “Эркинлик – динимиз” деб инглиз ва украин тилларида ёзиб қўйилган. Ўша бино исён пайтида ёниб кул бўлган эди. Шаҳарнинг қайси кунжагига қараманг, “Ранг-барангликни нишонланг” деган шиор осиб ташланганини кўрасиз.

Бироқ айрим украиналиклар Киев чуқур муаммоларни хаспўшламоқда, деган фикрда. Қўшиқ танлови учун қилинган ўзгаришлар ҳукуматнинг Евромайдон янги раҳбарларни ҳокимиятга олиб келганидан сўнгги ранг-баранглик, интеграция ва инсон ҳуқуқлари сингари ўта муҳим ислоҳотларга юзаки ёндашувини акс эттиради.

Советча ўтмишдан воз кечиб

Гарчи янги ҳукуматда ҳам эски амалдорлар ишлаб турган бўлса-да, Украина Янукович ҳоқимиятдан четлатилгандан кейин ўзгаришлар қилишга роса уринди.

– Бунинг учун вақт керак, – дейди Украинанинг Европа ва Евро-Атлантик интеграцияси бўйича бош вазир ўринбосари Иванна Климпуш-Цинцадзе ривожланиш суръати суст эканини ҳимоя қилар экан. У яна қўшимча қилди: “Совет мероси ва ёндашувидан воз кечиш бошқа мамлакатларда ҳам ўн йиллаб вақт олди”.

Ички сиёсий курашлар Украинага янада кўпроқ халал берди, коррупцияни йўқ қилишга бел боғлаган ислоҳотчилар ҳар бир қадамда қаршиликка дуч келаётгани айтади.

“Евровидение” қўшиқ танловига тайёргарлик ишлари ҳам ноқонуний хатти-ҳаракатларга оид айбловлардан четда қолмади. Озод Европа/Озодлик радиосининг украин тилидаги хизмати апрель ойида ўтказган суриштирувдан маълум бўлишича, маҳаллий лойиҳачилар шоуда ўтказиладиган асосий бинонинг ичкарисини бўяши керак бўлган Германия компанияси билан шартномадан воз кечиб, бу ишни тадбир ташкилотчилари билан алоқаси бўлган Львовдаги компанияга бериб юборган.

Украинанинг Ғарбдаги тарафдорлари 2004 йилдаги европапараст зарғалдоқ инқилоби хатоларини такрорлашдан қайта-қайта огоҳлантириб келди, ўша пайтда ислоҳотлар сиёсий жанжал ва кенг қулоч отган порахўрлик сабабли барбод бўлган эди. Айни пайтда Киев иқтисодиёти пароканда бўлмаслиги учун миллиардлаб долларлик қарзларга суяниб қолган.

Россиянинг аралашуви

Украин сиёсатчилари қўшни Россия улкан дабдаба билан нишонланадиган “Евровидение” танловини ўтказишга халақит бериши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда, чунки тадбир юз миллионлаб томошабинлар эътиборини тортади, ўнлаб иштирокчиларни томошабинлар Европа ва бошқа жойлардан ҳам қўнғироқ қилиш, ҳам жюри аъзолари овоз бериш йўли билан курашга чорлайди.

Россия Қрим ярим оролини босиб олди ва 2014 йили Шарқий Украинани уруш гирдобига тортгани гумон қилинади. Можаро оқибатида 9940 киши қурбон бўлди ва тахминан, 2 миллион киши уй-жойини ташлаб кўчиб кетди. Бу ҳол Украина иқтисодиётини барбод этиб, ислоҳотларга тўсқинлик қилди.

Украина Ташқи игшлар вазирлигининг Коммуникация департаменти раҳбари Марина Бетсанинг айтишича, Украина “Евровидение” қўшиқ танлови ўтказилиши пайтида Россия уюштириши мумкин бўлган фитналардан хавотирда.

– Бундай фитна ҳар хил бўлиши мумкин. Бу фитначиларнинг Киевга келишини англатмайди, – деди у. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бутун мамлакат бўйлаб ва чегара назорати пунктларида фаолиятини кучайтирди. Жами 16 мингга яқин полиция, ҳарбий ва фавқулодда вазият хизматлари ходимлари Киевни беш кунлик тадбир давомида қўриқлаб туради, дея қўшимча қилди у.

Албатта, Украина билан Россия ўртасидаги можаронинг “Евровидение”на тааллуқли жойи ҳам мавжуд. Масалан, ногиронлар аравасида юрадиган хонанда Юлия Самойлованинг ушбу танловда иштирок этиш учун танланиши Россиянинг “сурбетларча” ва “оқилона” қадами бўлди, чунки у 2015 йилда Қримда концерт бериб, Украина қонунларини бузган эди. Россия эса расмий Киев хонандани Киевга киритмаслигини билар ва бу билан Украинани Ғарб кўз ўнгида обрўсизлантиришни кўзлаган эди. Украина хавфсизлик хизмати шундай қилди ҳам.

“Евровидение” танловини ўтказаётган Европа радиоэшиттириш уюшмаси ушбу тортишувда Россиянинг ёнини олди ва Самойловага қўйилган тақиқни бекор қилиш учун Киевга ғазаб тўла хат жўнатди, унда ҳатто Украинанинг келгусида ушбу танловда иштирок этиши шунга боғлиқ экани ҳам айтилди. Ҳали қарор қабул қилингани йўқ, аммо Россия мусобақадан четлатилгандан сўнг 9 май, яъни “Евровидение”нинг ярим финали ўтказиладиган куни кечқурун Самойлова Қримда қонцерт беришини режалаштирди.

Бу йил Украина “Евровидение” танловида қатнашиш учун “О.Торвальд” рок-гуруҳининг “Time” қўшиғини танлади ва сиёсатга урғу бермади.

Украинанинг ислоҳотлар тарафдори бўлган Баткившина партияси ҳуқуқшуноси Алексей Рябчиннинг айтишича ва умид қилишича, рок-гуруҳ ҳам, Киевнинг тадбирга муваффақиятли мезбонлик қилиши ҳам бу ерга келган ва ҳалигача мамлакатни “Темир парда” ортидаги юрт деб биладиган европаликларни Украина Европа мамлакати эканига ишонтира олади.

XS
SM
MD
LG