Линклар

Хавфсизлик бўйича таҳлилчилар: Ғарбнинг Россияга жавоби “маҳдуд ва заиф” бўлиб қолмоқда


“Европа қадриятлари” (European Values) таҳлил маркази Путин раҳбарлигидаги Россияни “Ғарбнинг демократик мамлакатларига асосий таҳдид” деб атади (архив сурати)

Хавфсизлик ва ташқи сиёсат масалалари бўйича бир гуруҳ таҳлилчилар Ғарб ҳукуматлари Кремлнинг демократик мамлакатларга қарши кескин “душманлик хатти-ҳаракатлари”га “маҳдуд ва заиф” жавоб қайтарди, деб ҳисобламоқда.

Қароргоҳи Прагада жойлашган “Европа қадриятлари” таҳлил марказининг “Демократик Ғарб қандай қилиб Путинни тўхтатиши керак” деб аталаётган баёнотини 70 га яқин таҳлилчи имзолади. Унда Россия президентининг “Евро-Атлантика ҳудудини бўлиб ташлаб, бошқариш” режаси йўлига тўсиқ қўйиш учун нима ишлар қилиниши кераклиги баён этилади.

“Владимир Путин демократик мамлакатларни қўрқитиш ва таъқиб қилишга қарор қилди, бироқ Ғарб сиёсий арбобларининг аксарияти ҳали буни англаб етгани йўқ”, дейилади 9 ноябрь куни тарқатилган ҳужжатда.

Яна айтилишича, “айрим мамлакатлар таҳдидлардан таҳликага тушиб қолди, бошқаларига эса аксил-ғарб, аксил-демократик ва аксил-либерал мавқени эгаллашига қараб энергетика ресурслари бўйича имтиёзли шартномалар тузиш ваъда қилинмоқда. Шунга қарамасдан деярли барча мамлакатлар жосуслик, коррупция, уюшган жиноятчилик ҳамда кўп даражали ва кўп каналли сохта ахборот тарқатиш қоришмасидан иборат ҳужумларга тинимсиз дучор бўлмоқда”.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Федерика Могерини “Европа қадриятлари” баёнотида танқид қилинди (архив сурати).
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идораси раҳбари Федерика Могерини “Европа қадриятлари” баёнотида танқид қилинди (архив сурати).

Баёнот Европага Иттифоқига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирларининг 13 ноябрь куни бўлиб ўтадиган йиғилишидан олдин тарқатилди. Унда иттифоқнинг шарқий қўшнилари билан стратегик алоқалари қандай йўлга қўйилаётгани таҳлил қилинади.

Таҳлил маркази баёнотида сиёсий раҳбарлар олдига Россиянинг Ғарбдаги демократик мамлакатларга таҳдидини тан олиш, унинг душманлик хатти-ҳаракатларини тергов қилиш ва фош этиш талаби қўйилмоқда.

ЕИ раҳбарлари Россиянинг 2015 йилдаги сохта ахборот тарқатиш кампаниясига East Stratcom махсус гуруҳини тузиш билан жавоб қайтарди. Унинг мақсади иттифоқ қадриятлари ва сиёсатини “Шарқий маҳалла”да тарғиб қилишдан иборат.

“Уни ўз номи билан аташ керак”

Махсус гуруҳнинг яна бир мақсади Россия сингари ташқи кучларнинг сохта ахборот тарқатишга оид хатти-ҳаракатларидан жамоатчилик хабардорлигини ошириш ҳамда ЕИнинг бундай номақбул ишларни олдиндан кўра билиш ва уларга жавоб қайтариш борасидаги фаолиятини такомиллаштиришдан иборат.

Россия 2014 йили Украинага тегишли Қрим ярим оролини қонунга хилоф равишда босиб олгандан сўнг ЕИ 150 дан ошиқ россияликнинг банк ҳисоб рақамлари транзакцияларини тўхтатиб қўйди ва уларга виза берилишини тақиқлади.

Аммо баёнотга имзо чеккан таҳлилчиларнинг айтишича, бу саъй-ҳаракатлар ўзини оқламади.

Баёнот чоп этилишидан олдин ЕИга кирувчи Марказий ва Шарқий Европанинг саккиз мамлакати ташқи ишлар вазирлари иттифоқ ташқи сиёсат идораси раҳбари Федерика Могеринига мактуб йўллади. Унда East Stratcom махсус гуруҳи имкониятларини кенгайтириш сўралади.

“Агар Европа ушбу таҳдидни бартараф қилмоқчи бўлса, унинг раҳбарлари таҳдидни ўз номи билан аташи керак. Европа вакиллари Россия раҳбарларига демократик мамлакатларга қарши ушбу душманона қўпорувчилик хатти-ҳаракатларини тўхтатиши кераклигини баралла айтиши шарт”, дея таъкидланади баёнотда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG