Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2018, Тошкент вақти: 21:36

2017 йилда россияликларни бирлаштирган ёлғон хабарлар


Ёлғон янгиликлар ёки улар ҳақидаги глобал мунозаралар 2017 йилда авж олди. Collins Dictionary ҳатто “ёлғон янгилик” ( fake news) атамасини “йил сўзи” деб белгилади.

Россияни “барбод қилишни” кўзловчи Ғарб фитнаси ҳақидаги ёлғон хабарлардан тортиб, Россия президенти Владимир Путин шарафига улкан гамбургер кампаниясини бошлаган Нью-Йорк ресторани ҳақидаги уйдирмаларга Россиянинг етакчи ОАВ, сиёсатчилари ва аҳолиси лаққа тушди. Бундай янгиликларнинг айримлари Россияда ўйлаб топилган бўлса, қолганлари бошқа ерда бошланиб, Россия ҳукуматига қарашли телеканаллар ҳамда хусусий нашрлар томонидан ёйинланди.

Қуйида 2017 йилда Россияда шов-шувга сабаб бўлган ёлғон хабарларнинг айримлари билан танишишингиз мумкин.

Барбод бўлаётган Россия

Август ойида Британияда чиқадиган The Guardian газетаси сайтига ўхшаш кўринишдаги сайтда собиқ британиялик разведкачисининг Ғарб мамлакатлари Россияни парчалаш фитнасини ҳозирлагани ҳақидаги ҳикояси чоп этилди. Ёлғон интервьюда МИ-6 нинг собиқ ходими чала инглиз тилида АҚШ ва Британия Михаил Саакашвили ҳамда Украина ва Россия ўртасидаги уруш ёрдамида Россияни “қайтадан дизентеграция” қилмоқчи эканлигини таъкидлагани иддао қилинди.

Бу хабарнинг ёлғон эканлиги BuzzFeed каби сайтларда тезда ошкор қилинди. The Guardian нашри ҳам ушбу ҳикоя сохта сайтда чоп этилган ёлғон эканлигини айтди. Аммо бир неча рус нашри, жумладан, “РЕН-ТВ”, ушбу ҳикояни ҳақиқат ўлароқ тақдим этди.

Путин бургери

7 октябрь куни (Путин 65 га кирган кун) Россия ҳукумат телеканаллари ва хабар агентликлари Нью-Йоркдаги ресторанлардан бири Путин шарафига махсус беш қатли бургер тайёрлаганини хабар қилди. Хабарларга Russia Todayга тегишли Ruptly агентлиги тайёрлаган видео асос бўлди. Видеода Lucyʼs Cantina Royale ходими ресторан 1 952 граммлик (Путин туғилган йил) гамбургерларни мижозларга тортаётганини таъкидлаган.

“Россия-24” дарров Ғарбда Путинга бўлган чексиз ҳурмат ҳақида хабар қилди. Аммо рус журналисти Алексей Ковалёв тезда ушбу хабар уйдирма эканлигини фош қилди. Ресторан расмийлари Путин шарафига ҳеч қанақа бургер тайёрланмагани, уйдирма кетида турган ходимлар четлатилганини билдиришди. Кейинроқ ресторан ходимларидан бири уйдирма ортида тургани ва ишдан ҳайдалганини тан олди. Видеодаги ходимнинг ҳам ишдан ҳайдалгани хабар қилинди. Пировардида Ruptly нашри видеони ўз сайтидан олиб ташлади.

Нобель лауреати Алексеевичнинг ўлими

Май ойида Франция Маданият вазири Франсуаз Ниссенга тегишли эканлигини иддао қилган Twitter саҳифаси эгаси беларус ёзувчиси ва Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексеевич вафот этгани ҳақида ёзди.

Бир неча рус нашри, жумладан “Российская Газета” ва “РИА Новости” тезда буни кўчириб босди. Озодлик лойиҳаси бўлмиш Current Time TV ҳамда бир неча Европа нашри ҳам бунга ишонди.

Аммо бу ёлғон эди. 69 га чиққан Алексеевич Озодликнинг беларус хизмати билан Сеулдан туриб суҳбатлашди ва “кимнингдир сабри чидамаётганини” айтди. Бунинг ортидан итальян журналисти Томмасо Дебендетти уйдирма муаллифи эканлигини иддао қилди.

MH17 рейси ҳақида яна бир шубҳали иддао

6 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлигининг расмий телетармоғи ўзини Украина ҳаво кучлари дезертири деб кўрсатган шахснинг иддаосини эълон қилди. Ўзини Юрий Батутин деб таништирган шахс Украина ҳаво кучлари 2014 йилнинг июлида MH17 рейси отиб тушурилишидан аввал “Бук” ракета тизимини учоқни уриб тушира оладиган масофага олиб борганини таъкидлади. “Звезда” телеканали учоқни Украина уриб туширганига шама қилди.

Россия ҳукумати MH17 фожиаси ҳақида бир неча тасдиқланмаган назарияни илгари суриб келади. 2014 йилнинг 17 июлида MH17 рейси билан парвоз қилаётган Малайзия йўловчи учоғи Украина шарқида отиб туширилиб, самолёт бортидаги 298 кишининг ҳаммаси ҳалок бўлган эди. Амстердамдан Куала-Лумпурга кетаётган йўловчиларнинг мутлақ кўпчилиги Нидерландия фуқаролари эди.

Нидерландия терговчилари учоқ Украинадаги россияпараст айирмачилар томонидан Россияда ишлаб чиқарилган “Бук” ракета тизими ёрдамида уриб туширилган¸ деган хулосага келган. Россия томони бу воқеага алоқаси йўқлигини иддао қилиб келади. Халқаро тергов гуруҳи “Бук” тизими Россиядан Украина шарқига олиб ўтилганини, учоқ уриб туширилганидан кейин, тезда Россияга қайтиб олиб кетилганини далиллаган.

“Звезда” телеканали ҳисоботини бир неча рус нашри тарқатди. Аммо 24 соат ичида телеканал ушбу хабарни ўчириб ташлади. Декабрь ойида уни қайта эълон қилди ва яна бир бор учоқни Укрина ҳарбийлари уриб туширганини иддао қилди.

Сурия уруши (видео) ўйинлари

Россия Мудофаа вазирлиги ноябрь ойида АҚШни “Ислом давлати” билан ҳамкорлик қилишда айблади. Вазирлик Вашингтонни эсктремистларни ҳимоялашда айблаб, бунинг “исботи” ўлароқ Сурия-Ироқ чегарасига йўл олган “Ислом давлати” конвойи суратларини бўлишди.

Аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тезда суратларнинг бири AC-130 Gunship Simulator:Special Ops Squadron видео ўйини учун 2015 йил тайёрланган реклама ролигидан олинганини кўрсатиб беришди. Қолган суратлар эса Ироқ Мудофаа вазирлиги 2016 йилда Фалужжа яқинида ўтказган амалиёт видеосидан олингани далилланди. Ижтимоий тармоқларда мазах қилинган Россия Мудофаа вазирлиги суратларни ўчиришга ва уларнинг сохта эканлигини тан олишга мажбур бўлди.

Бин Ладин Оқ уйда

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ноябрь ойида сиёсий ток-шоу давомида Усама бин Ладин тириклигида Оқ уйга ташриф буюрганини иддао қилди.

- Бин Ладин Оқ уйда кутиб олингани акс этган фантастик, ақл бовар қилмайдиган суратларни эсланг, - деди Захарова.

Аммо котиб айнан қайси суратларни назарда тутганини айтмади. Россия матбуоти Захарова Ҳиллари Клинтон бин Ладин билан қўл учрашиб тургани акс этган Photoshopда тайёрланган суратни назарда тутганини тахмин қилди. Сурат аслида мусиқачи Чубҳашиш Мухержи сурати бўлиб, унинг боши ўрнига Бин Ладиннинг 2004 йил олинган сурати қўйилган эди.

Бир неча кундан кейин Захарова бин Ладин шахсан Оқ уйга борган демоқчи бўлмаганини, балки унинг “ҳамкасблари, маслаҳатчиларини” назарда тутганини айтди ва АҚШ президенти Рональд Рейган афғон исёнчилар билан учрашгани акс этган суратни тиркади. Аммо сурат 1983 йилда, яъни толиблар ташкил топишидан 9 йил олдин олинган эди.

Каламуш гўшти матали

Октябрь ойида “РИА Новости”да нашр мухбирининг Нидерландия матбуотида Россия ҳақидаги салбий “пропаганда”га бағишланган ғазабнок мақоласи чоп этилди. “Москваликлар каламуш ейди: Европада ким Россия ҳақида ёлғон хабар тарқатмоқда” дея номланган мақолада нидерланд газетасида Москвада нутрия (дарё каламуши) гўштидан овқат тайёрловчи мақолага асосий эътибор қаратилган. Муаллиф Владимир Корнилов нидерландча мақолани ўзгартириб, айрим ҳолатларда эса очиқ-ойдин ёлғонларни қўшиб таърифлади. Корнилов мақолада Ғарб санкциялари туфайли Москва турғунлари оч қолаёгани ва шунинг учун каламуш гўштини еяётгани ёзилганини иддао қилди. Корнилов Нидерландия матбуотини кескин танқид қилар экан, мақоласини “улкан” дея таърифлади. Аслида мақола 400 сўздан ошиқ эмас эди.

Корнилов мақоласи ҳақида бир неча Россия нашри хабар қилди. Аммо оригинал мақолада Тоҳир Холиқбердиевга тегишли ресторанлар нутрия гўштидан тайёрланган деликатеслар ҳақидагина ёзилган эди. Россия матбуоти танқидчиси Ковалёв ўзининг “Лапшеснималочная” сайтида “Агар Ғарб матбуоти алдамаган бўлса, ҳечқиси йўқ, улар ўрнига биз алдаймиз ва уларни бош фош қиламиз!” сарлавҳаси билан тандиқий мақола чоп этди.

XS
SM
MD
LG