Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:15

Freedom House Ўзбекистонни демократия ачинарли ҳолдаги давлатлар қаторида қолдирди


Демократия харитасида постсовет ҳудудлари ҳамон қоронғу ҳудуд сифатида қолмоқда.
Демократия харитасида постсовет ҳудудлари ҳамон қоронғу ҳудуд сифатида қолмоқда.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Freedom House ташкилоти АҚШда демократия билан боғлиқ муаммолар жаҳон бўйлаб “сиёсий ҳуқуқлар ҳамда фуқаровий эркинликларга таҳдид солаётгани” ҳақида огоҳлантирди.

Ташкилотнинг навбатдаги йиллик ҳисоботида 2018 йил давомида 68 давлатда сиёсий ҳуқуқлар ҳамда фуқаровий эркинликлар озайгани айтилади.

5 февраль куни эълон қилинган ҳисоботда Россия, Эрон, Озарбайжон, Черногория, Сербия, Венгрия ҳамда Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги вазият танқид қилинган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, жаҳон бўйлаб 13 йилдан бери демократия емирилмоқда.

Ҳисобот муқовасидаги сиёсий карикатурада ёнаётган “эркинлик” сўзи атрофида машъал тутган Россия президенти Владимир Путин ҳамда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдўғон тасвирланган. Шунингдек, суратга Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салон оловга бензин сепаётгани, Эрон, Хитой, Венесуэла ҳамда Венгрия етакчилари ўтни пуфлаб ёндираётгани акс этган. АҚШ президенти Дональд Трамп эса оловда маршмэллоу пишираётганини кўриш мумкин.

Ҳисоботда АҚШда демократия ҳануз кучли эканлиги, аммо кейинги саккиз йил давомида кескин емирилгани айтилади. Шунингдек, ҳисоботда президент Трампнинг “қонун устуворлиги, ҳақиқатга асосланган журналистика ва демократиянинг бошқа тамойиллари ва меъёрларига давомли ҳужумлари мамлакатда демократия янада сустлашишига олиб келиши мумкинлиги” эътироф этилган. Ташкилот хулосаларига кўра, демократия, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги масаласида АҚШ Греция, Хорватия ва Монголия билан бир гуруҳга киритилган.

Freedom House директори Майкл Абрамович:

- Бошқа давлатлар Қўшма Штатларда нима бўлаётганини кузатиб туради ва бу мамлакат етакчиларидан ўрнак олади. Америкада демократия аҳволи ёмонлашаётгани жаҳон бўйлаб демократияни емиради, - деди.

Ҳисоботда Россия, Эрон ва бошқа бир неча давлат ҳукуматлари ўз ҳудудидан ташқарида ўзига қарши шахсларни нишонга олаётгани айтилади.

“Freedom House жаҳон бўйлаб 24 давлат, жумладан, Россия, Хитой, Туркия, Эрон ва Саудия Арабистони каби йирик давлатлар хорижда сиёсий диссидентларни нишонга олиб, уларга тазйиқ ўтказгани, уларни экстрадиция қилишни сўрагани, ўғирлаб кетгани ва ҳатто ўлдирганини аниқлади”, дейилади ҳисоботда.

Шунингдек, ҳисоботда Путин ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 2018 йилда матбуот эркинлиги ва фуқаровий жамиятни сиқувга олиб, маъмурий ресурсларни суиистеъмол қилиб ва сиёсий рақибларни тазйиқ остига олиб қайта сайлангани айтилади.

Ҳисоботда уч Марказий Осиё давлати – Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда эркин бўлмаган мамлакатлар орасидан ўрин олди. Хусусан, ҳисоботда Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликлар энг ачинарли аҳволда бўлган давлатлар қаторига киритилди.

Айни пайтда ташкилот Ўзбекистонда содир бўлган ўзгаришларни олқишлади. Хусусан, ҳисоботда 2018 йилда Ўзбекистонда содир бўлган “дастлабки ижобий ўзгаришлар” тилга олинган ва мамлакатда сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилиб, айрим чекловлар юмшатилгани айтиб ўтилган.

Ташкилот Хитойни миллиондан ошиқ уйғур, қозоқ ва хуэйларни “қайта тарбиялаш марказларига” мажбурлаб юборгани учун кескин танқид қилди. Freedom House бундай марказларда одамлар қийноққа тутилаётгани ҳамда ҳалок бўлаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан хавотир билдирди.

Freedom House хулосаларига кўра, демократия, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги масаласида ушбу уч мамлакат Сурия, Жанубий Суда, Эритрея, Шимолий Корея, Судан, Марказий Африка Республикаси ҳамда Ливия каби давлатлар билан бир гуруҳга киритилган.

XS
SM
MD
LG