Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2021, Тошкент вақти: 20:04

Сирли «Гавана синдроми»га чалинганлар орасида Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси ходимлари ҳам бор


АҚШ Давлат департаменти

2016 йилдан бери АҚШ дипломатлари, разведка хизматлари ходимлари ва бошқа давлат ишчилари орасида кузатилаётган сирли «Гавана синдроми»га Марказий Осиёда фаолият юритган дипломатлар ҳам дучор бўлгани хабар қилинмоқда.

Илк маротаба 2016 йилда Кубада ишлаётган АҚШ ва Канада элчихоналари ходимларида орасида кузатилган сирли касаллик аломатлари «Гавана синдроми» деб номланади. Кейинчалик АҚШнинг бошқа мамлакатлардаги ходимлари орасида ҳам айни аломатлар кузатилди. Бундай аломатлар кузатилган беморларнинг кўпчилигининг мияси шикастланган.

20 июль куни “NBC News” нашри АҚШ ҳукуматидаги манбаларига таянган ҳолда ўтган йили Қирғизистонда бирдан ортиқ америкаликда, шу жумладан, чақалоқда сирли касаллик симптомлари кузатилгани ҳақида хабар берди. 21 июль куни эса “ABC News” нашри Ўзбекистонда ҳам АҚШ ҳукумати ходимларида айни аломатлар кузатилгани ҳақидаги ҳисоботни эълон қилди. Ҳисоботга кўра, «Гавана синдроми» бугунга қадар Куба, Австрия, Хитой, Ўзбекистон, Россия ва АҚШдаги давлат ходимлари орасида қайд этилган.

«Гавана синдроми» хорижий куч амалга оширган ҳужум натижасида юзага келиши мумкин, деган қараш мавжуд. Ўтган ҳафта “The New Yorker” журналида Венадаги Америка элчихонасининг йигирмага яқин ходимида ҳам шу каби аломатлар кузатилгани хабар қилиниши ортидан ушбу масала яна диққат марказига чиқди.

ABC телеканали АҚШ разведкаси «аномал ҳолатларни» ўрганиш учун янги мутахассислар гуруҳини тузганини хабар қилди. Гуруҳ аъзолари орасида Марказий разведка бошқармаси ва Миллий разведка директори офисининг юқори лавозимли офицерлари ҳамда илмий ва тиббий мутахассислар бор.

Ўтган йилнинг декабрида АҚШ Миллий фан, муҳандислик ва тиббиёт академияси «Гавана синдроми» ҳақида ҳисобот эълон қилган эди. Ҳисобот муаллифлари «ушбу ҳолатларни изоҳлашда йўналтирилган, импульсли радиочастота энергияси энг ҳақиқатга яқин механизм бўлиб кўринади, айниқса, дастлабки аломатлар равшан бўлган одамларда» дея хулоса қилишди. Олимларнинг сўзларига кўра, қайд этилган мия шикастланишларининг айримлари йўналтирилган микротўлқинли энергия таъсирига мос келади. Россия узоқ вақтдан бери ушбу технологияни ўрганиб келади.

“NBC News” 2018 йилда айрим АҚШ разведкаси расмийлари хориждаги дипломатлар ва Марказий разведка бошқармаси зобитларига Россия қасддан ҳужум қилаётганига ишонишларини хабар қилган эди. Аммо буни тасдиқловчи разведка маълумотлари мавжуд эмас.

Бугунга қадар ўнлаб америкалик ҳукумат ишчисида «Гавана синдроми» билан боғлиқ аломатлар қайд этилган. Беморларнинг аксари баланд тонли товуш эшитган, ғалати босим ёки тебранишларни ҳис қилган. Уларнинг айримларида бош оғриши, кўнгил айниши, когнитив нуқсонлар ҳамда кўриш, эшитиш ёки мувозанат сақлаш билан боғлиқ муаммолар кузатилган.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан турли нашрларга интервью берган АҚШ расмийлари «Гавана синдроми» ортида турган тараф микротўлқинли энергия мосламасидан ёки яширин равишда рақамли маълумот тўплаш, ёки америкалик ходимларни таъқиб қилиш йўлида фойдаланаётганини тахмин қилди.

Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Марк Полимеропулос 2017 йилда Москвага қилган сафари чоғида ҳужумга учраганига ишонади. У бугунга қадар кўплаб америкаликлар бундай ҳужумга учраганига ишонишини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG