Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:00

Кашмирдаги таранглик - Ҳиндистон ва Покистон яна бир уруш ëқасида?


Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучларининг 27 февраль куни уриб туширилган қирувчи учқичи қолдиқлари.
Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучларининг 27 февраль куни уриб туширилган қирувчи учқичи қолдиқлари.

Покистон билан Ҳиндистон ўзаро талаш Кашмир минтақасида бир-бирининг ҳарбий учоқларини уриб туширганини айтмоқда. Ушбу баёнотлар эса ўртадаги вазият ўта кескинлашиб кетган бири пайтга тўғри келди.

Покистон ҳарбийлари 27 февралда мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўз осмонида Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли иккита учоқни уриб туширганини ва Кашмирнинг ўзига қарашли ҳудудида икки нафар ҳинд учувчисини асир олганини маълум қилди.

Ҳиндистон тарафи битта қирувчи учоғи ҳалокатга учраганини, Покистон учоқлари Ҳимолай ҳудудига ҳужум уюштирган пайт учувчиси бедарак йўқолганини тасдиқлади. Яна расмий Деҳли Покистоннинг бир қирувчи учоғини уриб туширгани ҳақида ҳам баёнот берди.

Покистон вазият кескинлашгандан сўнг ҳаво ҳудудини тижорат учоқлари учун “қўшимча билдирувга қадар” ёпиб қўйгани ҳақида хабар тарқатди. Айни дамда Ҳиндистонда ҳам аэропортлар ёпилди, Деҳлидан шимолда жойлашган кенг ҳудудлар осмони фуқаро учоқлари учун бекилди.

Воқеаларнинг бундай тус олишига Ҳиндистон ҳарбий учоқларининг Покистон шимоли-шарқига зарба бериши сабаб бўлди. Деҳли ўша ерда жангариларнинг ҳарбий машқ базаси бўлганини иддао қилмоқда.

Икки қўшни мамлакат ўртасида 1971 йили рўй берган урушдан сўнг “Назорат чизиғи” амалда Кашмирдаги чегара ҳисобланади. Ҳиндистон ҳарбий учоқлари ўша чизиқнинг Покистон тарафига зарба берди.

Исломобод билан Деҳли ўртасидаги вазият 14 февралдан бери таранглигича қолмоқда. Ўша куни мусулмонлар кўпчиликни ташкил этадиган ва иккала мамлакат ҳам даъвогарлик қилаётган Кашмирда рўй берган худкушлик ҳужуми оқибатида 41 нафар ҳинд аскари ҳалок бўлган эди.

Покистон бош вазири Имрон Хон 27 февралда мамлакат аҳолисига қилган мурожаатида Ҳиндистонни музокара ўтказишга чақирди ва вазиятни изга тушириш учун “соғлом фикр” билан иш тутилишига умид билдирди.

‒ Тарихда урушлар хатоларга тўла бўлганига мисоллар кўп. Мен қўлимизда шунча қурол бўла туриб, хато қилишга ҳаққимиз борми, деб савол бермоқчиман, ‒ деди Хон. ‒ Биз бирга ўтириб, гаплашиб олишимиз керак.

Ўша куни Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж мамлакати “вазият янада кескинлашишини истамаслиги”ни айтди.

‒ Ҳиндистон масъулият ва вазминилк билан ҳаракат қилади, ‒ деди Свараж Хитойга сафари чоғида.

Ядро қуролига эга бўлган Ҳиндистон билан Покистон 1947 йили Британиядан мустақилликка эришиб, иккига бўлиниб кетгач, Ҳимолай тоғи бағрида жойлашган Кашмирни талашиб, шу пайтгача уч марта уришган.

27 февралда Покистон полицияси берган хабарга кўра, Ҳиндистон қўшинлари “Назорат чизиғи” оша миномётдан ўт очган ва 6 кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Ҳиндистон 26 февралда ҳаводан зарба бериб, “жуда кўп” жангариларни ўлдирганини айтмоқда.

Покистон қурбонлар бўлмаганини, аммо Ҳиндистон “тажовузи”га жавоб беражагини билдирди.

“Жаиши Муҳаммад” жангарилар гуруҳи Ҳиндистон хавфсизлик кучларига қарши 14 февралдаги уюштирилган худкушлик ҳужуми учун жавобгарликни зиммасига олди, аммо расмий Исломобод бу ишда қўли борлигини рад этмоқда.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Ҳиндистон билан Покистонни бундан кейин ҳарбий амалиётдан тийилишга чақирди. Европа Иттифоқи, Россия ва Покистониннг иттифоқчиси Хитой ҳам томонларни куч ишлатмасликка даъват этмоқда.

XS
SM
MD
LG