Линклар

Шошилинч хабар
25 июл 2024, Тошкент вақти: 03:01

Афғонистонда зилзиладан ҳалок бўлганлар сони икки минг кишидан ошди


Associated Press ер қимирлаши ортидан бир нечта қишлоқ батамом йўқ бўлгани ҳақида хабар берди.
Associated Press ер қимирлаши ортидан бир нечта қишлоқ батамом йўқ бўлгани ҳақида хабар берди.

Афғонистонда 6,3 балли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 2053 кишига етди. Reuters агентлигининг Толибон ҳукумати расмийларига таянган ҳолда билдиришича, ўн минг киши жароҳатланган ва 1329 уй вайрон бўлган.

Associated Press ер қимирлаши ортидан бир нечта қишлоқ батамом йўқ бўлгани ҳақида хабар берди.

Эпимаркази Ҳиротдан 40 километр олисроқда бўлган мазкур зилзилада жами 12 қишлоқ ва шаҳар аҳолиси жабрланди. Бу сўнгги 20 йилда Афғонистонда юз берган энг кучли зилзила бўлди. Ҳирот катталиги бўйича Афғонистоннинг тўртинчи шаҳридир. Шаҳарда 700 минг, Ҳирот вилоятида эса 2 миллион киши истиқомат қилади.

Хабарларда айтилишича, ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда. Унда ҳарбийлар иштирок этмоқда. Қутқарувчиларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, ЮНИСЕФ, «Чегара билмас шифокорлар» ва бошқа ташкилотлар кўмак кўрсатмоқда.

БМТ Афғонистонга юз тонна дори-дармон ва тиббий ускуналардан иборат гуманитар ёрдам жўнатди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳамжамиятни зилзиладан жабрланган афғонистонликларга гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирди. Гуттериш улардан кўпчилиги зилзиладан олдин ҳам ёрдамга муҳтож бўлганини, қиш яқинлашиб келаётган бир паллада гуманитар ёрдам ҳаётларни сақлаб қолиши мумкинлигини айтди.

Ўзбекистон табиий офат ортидан, бошқа қатор мамлакатлар каби, Толибон ҳукуматига ҳамдардлик билдирди.

“Зилзила қурбонларининг оила аъзоларига самимий ҳамдардлик билдирамиз, афғон халқининг қайғусига шерикмиз ва жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаймиз”, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Вазирликка кўра, “Ўзбекистон бугунги оғир дамларда Афғонистон ва унинг халқи билан биргадир”.

Афғонистонда зилзилалар тез-тез бўлиб туради. Бундан аввал ўтган йилнинг июнида Афғонистон шарқидаги Пактика вилоятида 6,1 балли зилзила юз берганди. Ўшанда камида минг киши ҳалок бўлган ва бир ярим минг киши жароҳат олган.

Форум

XS
SM
MD
LG