Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:17

Мирзиёев "кўпчилик кутмаган” генерални Ички ишлар вазири этиб тайинлади


Ўзбекистон ИИВ биноси
Ўзбекистон ИИВ биноси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 январда генерал-майор Абдусалом Азизовни Ички ишлар вазири этиб тайинлади.

Вазирликни 2013 йилдан буён бошқариб келган Адҳам Аҳмадбоевнинг ҳуқуқ-тартибот органлари бўйича президент давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани айтилмоқда.

56 яшар Абдусалом Азизов 2009 йилнинг май ойидан буён Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажариб келаётган эди.

Мирзиёев танлови

Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаларига кўра, Абдусалом Азизовнинг ушбу қудратли вазирликка раҳбар этиб тайинланиши кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлган.

"Мирзиёев кўпчилик кутмаган генерални Ички ишлар вазири қилиб олиб келди. Вазирлик коридорларида ходимлар Адҳам Аҳамдоев кетиб, унинг ўрнига ўринбосарларидан бири бошлиқ бўлиши мумкин, деб шивирлаб юрганди. Ҳозир ҳамма ҳайратда. Чунки Азизовни кўпчилик яхши танимайди," деди Ички ишлар вазирлиги зобитларидан бири.

Абдусалом Азизовнинг вазир сифатида иш бошлаши Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизимлари юқори эшелонларида кадрлар алмашинуви юз бераётган бир паллага тўғри келди.

28 декабрь куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири¸ 65 яшар Турсинхон Худойберганов президентнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинланди.

Аввалроқ, Ўзбекистондаги интернет нашрлари собиқ Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокир Алматовга янги вазифа берилгани ҳақида ёзган эди.

Турли манбаларга кўра, генерал Алматов янги ташкил этилган "Коррупцияга қарши кураш комиссияси раиси" этиб тайинланган. Бу комиссиянинг қайси ҳукумат идорасида ташкил этилгани¸ унинг фаолиятига оид тафсилотлар ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Бундай комиссия таъсис этилгани ва унга собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг раҳбар этиб тайинлангани ҳақида ҳозирча бирор расмий хабар эълон қилинмади.

Абдусалом Азизовни сиртдан таниган собиқ ҳамкасбларидан бирининг Озодликка айтишича, янги вазир ички ишлар доираларида давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худойберганов ва собиқ вазир Зокир Алматовнинг "шогирди" сифатида танилган.

"Азизов - милиция кадри. Турсинхон Худойберганов ички ишлар вазирлигида юқори постларни эгаллаган йилларда унинг ёнида юрган, айтганини қилган," деди собиқ милиция зобити.

Ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбасининг айтишича, Абдусалом Азизов хизмат пиллапояларида вазирликка айнан Зокир Алматов раҳбарлик қилган йилларда кўтарилган.

"У Алматов даврида ўсди. Унинг мутахассис бўлиб етишида Алматовнинг хизмати катта. Азизов милициянинг қуйи бўғимларига инсоний муносабатда бўларди. Тошкент шаҳар милициясига бошлиқ бўлган пайтида участковойларнинг оддий фуқароларга қўпол муносабатига чек қўйганди," деди ички ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаси.

Унинг илова қилишича, янги вазир ўта ҳалоллиги билан ажралиб туради.

"Жуда ҳалол одам. Қўли остидагиларга қўпол муомала қилмайди, бақирмайди, сўкмайди. Оиласи ҳам жуда маданиятли," деди у.

Милициянинг ўзидан чиққан вазир

Абдусалом Азизов иш фаолияти ички ишлар тизимига чамбарчас боғлиқ.

1960 йил 20 январда Тошкент шаҳрида туғилган Азизов икки ўғил ва бир қизнинг отаси.

У ички ишлар тизимидаги хизмат пиллапояларини лейтенантликдан генерал лавозимига қадар босиб ўтди.

Вазирликдаги Озодлик манбасининг айтишича, Абдусалом Азизиов меҳнат фаолиятини Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасида оператив ходим сифатида бошлаган.

2000 йиллар ўрталарида қисқа муддат Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига раҳбарлик қилган Азизов¸ сўнгра Ички ишлар вазири ўринбосари вазифасига кўтарилган.

2006 йил январида¸ Андижондаги қонли воқеалардан бир неча ой ўтиб Абдусалом Азизовнинг устози дея кўрилган Ички ишлар вазири Зокир Алматов саломатлиги сабаб истеъфога чиқарилди.

Бу истеъфодан кўп ўтмай Абдусалом Азизов ҳам Ички ишлар вазирлигидан олиниб¸ "Ўзбекнефтгаз" миллий ҳолдинг ширкати бошқарув кенгашига раҳбар этиб тайинланди.

Азизов 2006 йил сентябридан 2008 йил ноябрига қадар "Ўзбекнефтгаз"га қарашли "Ўзнефтмаҳсулот" акционерлик компаниясига бошчилик қилди.

Исмини ошкор этмаслик шарти билан Озодликка гапирган "Ўзбекнефтгаз" собиқ ходимларидан бирининг айтишича, ушбу ҳолдингга Абдусалом Азизов раҳбарлик қилган йилларда катта ижобий ўзгаришлар бўлди.

"Жудя яхши ишларни амалга оширдилар. Ҳолдинг бўлинмалари модернизация қилинди. Ходимларга қўшимча маошлар бериларди. Орадан шунча йил ўтган бўлса ҳам, ходимлар у кишини яхши раҳбар сифатида эслашади," деди "Ўзбекнефтгаз" собиқ ходими.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин Озодлик манбасининг айтишича, Зокир Алматов истеъфога кетиши ортидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг милиция ходимларига нисбатан босими кучайган.

Манбага кўра, бу босим Абдусалом Азизовни ҳам четлаб ўтмаган.

"Милиция ходимининг бошқа соҳага раҳбар бўлиб ўтиши аввал кузатилмаганди. Кутилмаганда Азизов ички ишлардан нефть ва газ соҳасига ўтди. Бундан хавотирга тушган қуда томон (МХХ назарда тутилаяпти - Озодлик изоҳи) унинг тинкасини қуритди," дейди ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин Озодлик манбаси.

Абдусалом Азизов 2008 йил ноябрида Ички ишлар вазирлигига қайтди ва тез орада ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Бир вақтнинг ўзида у Ўзбекистон Футбол федерацияси вице-президенти сифатида ҳам фаолият бошлади.

Бироқ 2009 йил май ойида Абдусалом Азизов пойтахтдан вилоятга туширилди - Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасига бошлиқ этиб тайинланди.

Унинг орадан деярли саккиз йил ўтиб Тошкентга қайтишини Озодлик суҳбатлашган манбаларнинг барчаси Зокир Алматовга яна муҳим мақом берилгани билан боғлашмоқда.

Ислом Каримов вафотидан сўнг, Тошкентдаги Озодлик манбаларига кўра¸ истеъфодаги генерал Зокир Алматов ҳукумат тадбирлари ва янги президент Шавкат Мирзиёев даврасида кўриниш бера бошлаган.

XS
SM
MD
LG