Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2018, Тошкент вақти: 20:40

Углерод толасидан ясалган автомобиль кузови айни пайтда аккумулятор ҳам бўла олади


Иллюстрация

Швециянинг Чалмерс техника университети етакчилигида ўтказилган тадқиқот углерод толаларидан аккумулятор электродлари ўлароқ фойдаланиш мумкинлигини кўрсатди. Бу эса углерод толалари энергия тизими таркибига айланадиган структурал аккумуляторлар яратиш учун йўл очиб беради.

Бу каби кўп функцияли материаллар келажак автомобиллари ва учоқлари вазнини кескин озайтиришга кўмаклашиши мумкин.

Йўловчи самолётлар электр токи ёрдамида ишлаши учун ҳозиргидан анча енгил бўлиши керак. Электромобиллар кўпроқ масофага юра олиши учун ҳам уларнинг вазнини озайтириш керак.

Чалмерс техника университети профессори Леиф Асп углерод толаларидан нафақат структурал материал, балки бошқа мақсадларда фойдаланиш устида ишламоқда. Унинг айтишича, улардан аккумулятор сифатида фойдаланиш автомобиль вазнини 50 фоизгача озайтириш имкони беради.

Леиф Асп етакчилигидаги олимлар гуруҳи яқинда углерод толаларининг микротузилмаси улардан электродлар сифатида фойдаланишга қандай таъсир кўрсатиши ёритилган илмий мақолани эълон қилган эди. Кичик ва яхши тизилмаган кристалларга эга углерод толалари яхши электромеханик хусусиятларга эга эканлиги, аммо нисбатан юмшоқроқ эканлиги аниқланган. Катта, тартибли кристалларга эга толалар эса мустаҳкам эканлиги, аммо улардан структурал аккумулятор ўлароқ фойдаланиб бўлмаслиги аниқланган.

Леиф Асп етарлича мустаҳкам бўлган, аммо электр энергиясини сақлашга қодир кўп функцияли толаларни ишлаб чиқариш мумкинлигини айтди. Масалан, электромеханик хусусиятларга эга углерод толалари пўлатдан қаттиқроқ бўлади. Аммо пўлатдан икки баробарга қаттиқроқ бўлган толалардан аккумулятор сифатида фойдаланиб бўлмайди.

Изланувчилар айни дамда ҳам автомобилсозлик, ҳам самолётсозлик саноати ходимлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Аспнинг айтишича, самолётлар учун қалинроқ углерод толаларидан фойдаланишга тўғри келиши мумкин, чунки самолёт танаси мустаҳкам бўлиши керак.

Профессор структурал аккумуляторларда ёнувчан моддалардан фойдаланилмаслигини, шу сабаб эса улар стандарт аккумуляторлардан хавфсизроқ бўлишини қўшимча қилди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG