Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:06

Марсда микроблар яшаши учун етарли кислород бўлиши мумкин


Марсдаги кислородга бўлган қизиқиш NASAнинг Curiosity (суратда) марсюрари сайёрада марганец оксидларини топиши ортидан кучайди.
Марсдаги кислородга бўлган қизиқиш NASAнинг Curiosity (суратда) марсюрари сайёрада марганец оксидларини топиши ортидан кучайди.

Nature Geosciences журналида чоп этилган мақолада эътироф этилишича, Марс сатҳи остидаги шўр сувда Ерда бир неча миллиард йил олдин юзага келган микроблар яшаши учун етарлича кислород бўлиши мумкин.

Шунингдек, сайёранинг айрим ҳудудларида мавжуд кислород булут каби примитив, кўп ҳужайрали оганизмлар яшаши учун етарли бўлиши мумкин.

Мақоланинг етакчиси муаллифи Влада Стаменкович:

- Марсдаги тузли сувларда микроблар нафас олиши учун етарли кислород борлигини аниқлади, - деди.

Бу эса Марсдаги ҳозирги ва ўтмишдаги ҳаёт ҳақидаги тасаввурларимизни тубдан ўзгартиради.

Бугунги кунгача Марсдаги кислород қолдиқлари микроблар учун ҳам етарли эмаслигига ишониларди.

- Марс атмосферасида кислород бор-йўғи 0,14 фоиз бўлгани учун ушбу газ сайёрада ҳаёт шаклланишида ҳеч қандай роль ўйнамаган, деб ўйлардик, - деди Стаменкович.

Қиёслаш учун: Ер атмосферасининг 21 фоизи кислороддан иборатдир.

Ерда нафас олувчи тирик организмлар фотосинтез жараёни билан бирга шаклланган. Фотосинтезда атмосферага кислород ажралиб чиқади. Мазкур газ ерда мураккаб ҳаёт шаклланишида муҳим ўрин тутган.

Сайёрамиз океанлари қаърида эса кислород мавжуд бўлмаган муҳитда яшовчи микроблар ҳам бор.

Марсдаги кислородга бўлган қизиқиш NASAнинг Curiosity марсюрари сайёрада марганец оксидларини топиши ортидан кучайди. Бундай оксидлар фақат кислород кўп бўлган муҳитда юзага келади.

Curiosity, шунингдек, сайёрада таркибида турли элементлар бўлган шўр сув чўкиндиларини топди.

Туз миқдорининг кўп бўлиши сув паст ҳароратларда суюқ ҳолатда қолишига йўл очиб беради. Ўз навбатида, суюқ сувда кислород парчалана олади. Бундай шароит эса микроблар учун қулайдир.

Марсда ҳарорат -20 даражадан -195 даражагача ўзгариб туради.

Олимлар аввалига совуқ ҳароратда кислород шўр сувда қандай парчаланиши мумкинлигини кўрсатувчи модель ишлаб чиққан. Иккинчи модель ёрдамида Марсда кейинги 20 миллион йил ичида иқлим қандай ўзгаргани ва кейинги 10 миллион йил давомида қандай ўзгариши ҳисоблаб чиқилган.

Бунинг ортидан сайёранинг қайси ҳудудларида шўр сувдан ажралиб чиққан кислород миқдори энг кўп бўлиши мумкинлиги аниқланган. Бу маълумот асосида келажакда тегишли ҳудудларга тадқиқот ракеталарини юбориш мумкин.

Мақолада Марсда кислород концентрациялари аэробик ёки кислород билан нафас олувчи микроблар учун керакли даражадан бир неча юз марта кўплиги хулоса қилинган.

- Натижаларимиз Марсда ҳаёт бор деган, хулосага олиб келмайди. Аммо улар парчаланган кислород потенциали Марсдаги яшаш шароитига таъсир қилишини кўрсатади, деди - Стаменкович.

XS
SM
MD
LG