Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 05:43

Ҳиндистон ракета билан сунъий йўлдошни уриб тушириб "супердавлат"лар сафига қўшилди


Ҳиндистонликлар бош вазир Нарендра Модининг ракета парвози ортидан қилган баёнотини тингламоқда. 2019, 27 март.

Ҳиндистон ўтган ҳафтада учирган ракетаси билан ерга яқин учадиган сунъий йўлдошни уриб туширди. Бу ҳақда баёнот берган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг айтишича, шу пайтга қадар фақат АҚШ, Россия ва Хитой бундай амалиётни бажарган эди.

Моди Ҳиндистон шарқида отилган ракета тахминан 300 км баландликда учаётган сунъий йўлдошни уриб туширганини, ушбу “мураккаб” амалиёт уч дақиқа давом этганини айтаркан, деди:

- Ҳиндистон ўзини қудратли фазо дастурига эга супердавлатлар сафига кирди. Бугунга қадар фақат уч давлат бунинг уддасидан чиққан.

Жорий йилнинг 14 февралида Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги баҳсли Кашмир ҳудудининг Ҳиндистон қисмида амалга оширилган террор ҳужумида 44 нафар ҳинд полициячиси ҳалок бўлган эди. Мазкур ҳужум ортидан Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар таранглашди. 26 февраль куни Ҳиндистон армияси ўз қирувчи учоқлари Покистон ҳудудидаги “террорчилар базаси”га ҳужум қилганини билдирди. Бунга жавобан Исломобод 27 февралда Кашмир ҳудудида Ҳиндистонга қарашли икки қирувчи самолётни уриб туширди ва учувчиларни ҳибсга олди.

Моди йўлдошларга қарши ракета синови (ASAT) тинч ўтказилганини, синов уруш муҳитини келтириб чиқаришни кўзламаганини таъкидлади.

Аммо таҳлилчилар Ҳиндистоннинг бу синовлари мамлакатнинг минтақадаги рақиблари Хитой ва Покистон назаридан четда қолмаслигини айтмоқда.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳиндистоннинг ушбу эълонини танқид қилиб, ўтказилган синовни Дон Кихотнинг шамол тегирмонига ўқталишига қиёслади.

АҚШ ва Совет Иттифоқи илк маротаба йўлдошларга қарши ракета синовларини (ASAT) 1985 йилда ўтказган. 2007 йил Хитой уларнинг сафига қўшилди. Ҳозирги кунда бу уч мамлакат “Юлдуз урушлари” номи берилган, йўлдошларни йўқ қилишни кўзловчи лазер технологиялари устида ишлаётгани айтилади.

2014 йилда АҚШ Россия ва Хитойнинг фазога қурол-аслаҳа чиқаришни ман этиш таклифини рад этди. Вашингтон эътирозига таклиф қилинган келишувда қуролларни текшириш жараёни белгиланмагани сабаб бўлди.

Моди ўтказилган синов ҳеч қандай халқаро келишувни бузмаганини, фақатгина Ҳиндистоннинг 1,3 миллиард аҳолиси хавфсизлигини таъминлашни кўзлашини айтди. Аммо Пентагон ва NASA ASAT синовлари Ер орбитасида хавфли чиқиндиларни қолдириши ҳақида огоҳлантирди.

Ҳиндистоннинг (ASAT) синови 11 апрелга белгиланган миллий сайловлар арафасида ўтказилди. 2014 йилда сайланган Моди қайтадан сайланишга уринмоқда.

Кейинги йилларда Ҳиндистон фазо дастури йирик муваффақиятларга эришди. 2017 йилда мамлакат ягона миссия доирасида рекорд 104 сунъий йўлдошни Ер орбитасига чиқарди.

XS
SM
MD
LG