Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2019, Тошкент вақти: 02:14

Париж дизель автобусларини электробусларга алмаштиришни бошлади


Париж расмийлари шаҳар ҳавосини чанг-тутундан тозалашга қарор қилди

Париж шаҳри расмийлари сешанба куни 2024 йилги Олимпиада ўйинлари арафасида пойтахт ҳавосини тозалаш мақсадида 800 дизель двигателли автобусни электр автобуслар билан алмаштириш режасини эълон қилди.

Париж транспорт хизмати - RATPнинг маълум қилишича, шаҳарни бундай автобуслар билан таъминлаш тендерини уч маҳаллий ширкат ютган.

RATP ​ўтказилган тендер Европадаги бундай йирик илк танлов эканлигини айтар экан, бошида 150 автобус харид қилинишини маълум қилди. Автобусларнинг илк партияси 2020-2022 йилларда йўлга қўйилади.

Париж расмийлари 2025 йилгача шаҳарда фақатгина атроф-муҳитни заҳарламайдиган автобусларни қолдиришни режалаштирмоқда. Бунинг учун нафақат электр автобуслар, балки биоёнилғида юрадиган автобуслар ҳам харид қилинади.

Париждаги 341- автобус йўналишида анчадан бери фақат электр автобуслар юради. Аммо 4700 та автобуснинг ҳаммасини бирданига алмаштириш осон бўлмайди.

RATP ​ҳозирда 950 гибрид, 140 биоёнилғида юрувчи ҳамда 83 электр автобусга эга.

Кейинги йилларда электр автобуслардан фойдаланиш жаҳон бўйлаб ошиб бормоқда. Бу соҳада шаҳарларини чанг-тутундан тозалашга ҳаракат қилаётган Хитойда йирик ўзгаришлар содир бўлди.

Бундан ташқари, Европа шаҳарларида, хусусан, Амстердам ва Роттердамда кейинги йилларда электр автобуслар сони сезиларли даражада кўпайди.

Париж мэри Анн Идальго шаҳарни чанг-тутундан тозалаш учун курашиб келади. Шунингдек, мэр оммавий транспортни бепул қилиш ғоясини кўриб чиқмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG