Линклар

Шошилинч хабар
12 декабр 2018, Тошкент вақти: 03:32

Аргентинанинг бир йил олдин йўқолган сув ости кемаси топилди


San Juan сув ости кемаси (суратда) бортида 44 одам бўлган.

Бир йил олдин Атлантика океанида йўқолган сув ости кемаси қолдиқлари топилди. ARA San Juan (S-42) сув ости кемаси бортида 44 одам бўлган.

Кема қолдиқларини жума куни Ocean Infinity АҚШ тадқиқот ширкатига тегишли Seabed Constructor кемаси топди. Кема сентябрда San Juan сув ости кемасини топиш учун сўнгги миссияга отланган эди.

Аргентина ҳарбий-денгиз флоти 800 метр чуқурликда топилган қолдиқ Германияда ишлаб чиқарилган San Juan кемасига тегишли эканлигини тасдиқлади.

2017 йилнинг 15 ноябрида Аргентина соҳилидан тақрибан 450 км масофада бўлган кема билан алоқа узилган эди.

Аргентина ҳарбий-денгиз флотининг янги етакчиси Адмирал Хосе Виллан кема йўқолган ҳудудда океан туби ўта нотекис бўлгани учун аввалги қидирув миссиялари давомида сув ости кемаси қолдиқлари топилмаганини айтди.

Кеманинг 11, 13 ҳамда 30 метр узунликдаги бўлаклари кратер ва каньонлардан иборат нотекис ҳудудда топилган. Капитан Энрики Бальби кема корпуси ичига қараб эгилиб кетганини билдирди.

Ҳалок бўлган ҳарбийларнинг яқинлари Аргентина расмийларини сув ости кемасини денгиз тубидаy олиб чиқишни сўрамоқда.

Аргентина ҳарбий-денгиз флоти расмийси AFP агентлиги билан суҳбатда исмини ошкор қилмаслик шарти билан кемани океан тубидан олиб чиқишнинг иложи борлигини, аммо бу жуда мураккаб амалиёт бўлиши ва шу сабаб қимматга тушишини айтди.

San Juan қолдиқлари кема йўқолганининг бир йиллигига бағишланган маросимдан бир кун ўтиб топилди.

Seabed Constructor камералар билан жиҳозланган бўлиб, 6000 метр чуқурликкача туширилиши мумкин. Ocean Infinity кемани топса, 7,5 миллион доллар мукофот олиши ваъда қилинган эди.

Seabed Constructor 2014 йилнинг мартида Malasia Arilines ҳаво ширкатининг бедарак йўқолган MH17 рейси самолётини қидиришда ҳам қатнашган эди.

Мутахассисларнинг айтишича, 600 метрдан кейин сув босими сув ости кемасини мажақлаб ташлаган. Улар фожиага кеманинг шноркелидаги (сув ости кемасини ҳаво билан таъминловчи мослама) носоз клапан сабаб бўлганини тахмин қилмоқдалар.

San Juan фожиаси Аргентина ҳарбий-денгиз флоти учун 1982 йилда Фолкленд ороллари устидан Британияга қарши олиб борган урушдан бери энг катта фожиа бўлди.

Фожиадан бир неча кун ўтиб мамлакат ҳарбийлари кема батареялари билан боғлиқ муаммо ҳақида хабар берилганини маълум қилишган эди. Кейинроқ расмийлар кема бортида портлаш содир бўлганини, портлашга батарея билан боғлиқ муаммо сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтишган.

Кема қолдиқларини топишга қаратилган ҳаракатларда 13 давлат қатнашди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG