Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:35

Ўзбекистонликларнинг 10 фоизигина уйини Интернетга улаган


Ўзбекистонда мустақил Интернет ресурсларига қўйилган тўсиқлар бу соҳадаги муаммоларнинг асосий сабабларидан бири деб кўрилади.
Ўзбекистонда мустақил Интернет ресурсларига қўйилган тўсиқлар бу соҳадаги муаммоларнинг асосий сабабларидан бири деб кўрилади.

Жаҳон бўйлаб уйдан туриб, Интернетдан фойдаланиш 30 фоизга кўпайган, лекин шу билан бирга, Gallup тадқиқот маркази ўтказган сўровга кўра, аксар мамлакатларда ҳар ўн кишидан бир киши уйидан жаҳон тармоғига кириш имкони борлигини тан олган. Сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликларнинг ҳам 10 фоизи уйларига Интернет уланганинини айтган. Gallup сўрови 2011 йилга доир бўлиб, 148 мамлакатга оид маълумотга асосланган.


Ўзбекистон яна рўйхат остида

Жаҳоннинг етакчи тадқиқот маркази Gallup 2011 йилда ўтказган сўров натижаларини бир йил давомида таҳлил қилиб, 14 январ куни эълон қилди. Gallup сўров иштирокчиларидан битта – “Уйингизда Интернетга чиқиш имкони борми?” деган саволга жавоб беришни сўраган.

Душанба куни очиқланган ҳисоботга илова қилинган рўйхатда мамлакатлар уч гуруҳга бўлинган: 80 фоиздан кўпроқ аҳолиси уйлари Интернетга уланган мамлакатлар, 50 фоиздан ортиқроқ аҳолисининг уйида Интернети бор мамлакатлар ва уйида Интернети борлар 50 фоизгача бўлган мамлакатлар.



Gallup марказининг ҳисоб-китобига кўра, жаҳон аҳолисининг 32 фоизи 2011 йилда уйларидан Интернетга чиқиш имкони борлигини айтган. Бу эса 2010 йилга солиштирганда 3 фоиз, 2009 йилга солиштирганда 8 фоизга кўпроқдир. Лекин айни пайтда аксар мамлакатларда бу кўрсаткич 10 фоиздан камроқни ташкил қилгани Gallup мутахассисларининг кўпчилик Интернетдан фойдаланишга қурби етмайди, деган хулосасига сабаб бўлган.

Gallup сўровида ўзбекистонликларнинг ҳам 10 фоизигина уйларида Интернети борлигини айтгани боис Ўзбекистон учинчи тоифа гуруҳга қўйилган. Яъни Gallup тадқиқот маркази тахминларига кўра, ўзбекистонликларнинг 3 миллиони уйлари Интернетга уланганини айтган.

Тошкентдаги “Узинфоком” компьютер ва информацион технологияларни ривожлантириш ва жорий қилиш маркази ҳисоб-китоблари ҳам Gallup рақамларига тахминан тўғри келади. Марказнинг исми сир қолишини сўраган мутахассисига кўра, уйлари Интернетга уланган ўзбекистонликлар сони 4 миллиондан камроқни ташкил қилади. Лекин, унинг айтишича, мобил алоқа воситасида жаҳон тармоғига кираётганларлар ҳам инобатга олинса, Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони 9 миллиондан ошади.

- Интернет фойдаланувчилари умумий сони 1 июл 2012 йилда 9,1 миллион кишини ташкил этган. Улардан 5,2 миллиони мобил интернет фойдаланувчилари ҳисобланади,- дейди мутахассис.

Свет бўлмаса, Интернет қаердан?

Gallup кузатувларига кўра, дунёнинг иқтисодлари энг қудратли ва аҳолилари катта бўлган мамлакатларда уйларини Интернетга улаб олганлар сони юқори бўлиши тенденцияси бор. Масалан, иқтисоди энг йирик ва нуфуси бўйича ҳам дунёда учинчи ўринда турадиган Қўшма Штатларда катта ёшдаги 80 фоиз аҳоли уйида Интернети борлигини айтган. Лекин АҚШ бу рўйхатда 23 ўринни эгаллаган. Рўйхатнинг биринчи поғонасига қўйилган Швецияда катта ёшдагиларнинг 93 фоизи уйларида Интернети борлигини айтган. Бу эса, Интернетдан фойдаланиш биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий фаровонлиги билан боғлиқ, деган хулосага асос бўла олади.

Хусусан, Ўзбекистоннинг собиқ иттифоқ давлатлари орасида нуфуси анча кичик, Беларус (50 фоиз) ёки Қозоғистондан (33 фоиз) анча орта экани ҳам қизиқарли.

“Узинфоком” маркази мутахассисининг айтишича, Ўзбекистонда уйга Интернет тушириш бир ойда камида 50 минг сўмга тушади.

- Менда 256 килобайтлик тезлик билан 50 минг тўлайман,- дейди мутахассис.

Қийин иқтисодий шароитларда ҳар қандай ўзбекистонлик ҳам тирикчилигидан 50 минг сўм орттириб, Интернетга ишлата олиши даргумон.

Лекин уйлари жаҳон тармоғига уланган ўзбекситонликларнинг кўпаймаётгани бошқа сабаблари ҳам бор. Самарқанддаги қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи 26 ёшли Мафтуна буни яхши билади.

- Ўзбекистонда биринчидан Интернет умуман яхши эмас. Интернет умуман ишламайди. Менинг қишлоғимда Интернет тугул, свет бўлмагандан кейин қандай Интернет бўлиши мумкин?- дейди Мафтуна.

Судандан ҳам ортда

Ўзбекистон ҳукумати, шахсан президент Ислом Каримов ёшларнинг Интернетдан фойдаланишини рағбатлантириш лозимлигини гапириб келса-да, мутахассислар бу соҳада жиддий муаммоларни ҳал этиш бўийча сиёсий ирода йўқлигини айтишади.

Мустақил Интернет ресурсларига қўйилган тўсиқлар матбуот эркинлиги билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади. Жумладан, Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистон президентини “Интернет душманлари” рўйхатига қўшган.

Ўтган ҳафта Интернет тармоғини ташҳис этиш билан шуғулланадиган Ookla ширкати дунё давлатларидаги Интернет тезлигига оид эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистонни 180 мамлакат орасида 166-ўринга қўйди. Мутахассислар Ўзбекистон ҳукумати Интернет тезлигини махсус назорат қилади, деган фикрларни илгари суришмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистонда Интернет кафеларида ўқувчилар қандай сайтларга киришини назорат қилиш учун мактаб ўқитувчилари навбатчилик қилаётгани ҳам бу соҳадаги муаммолар жиддийлигига чизги бўлиши мумкин.

Gallup сўровига кўра, уйлари Интернетга уланган фуқаролар сони бўйича Ўзбекистон Зимбабве, Эрон, Фаластин, Монголия, Ироқ, Сурия, Судан каби мамлакатлардан ҳам ортда қолмоқда.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:41 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG