Линклар

Шошилинч хабар
22 сентябр 2018, Тошкент вақти: 22:07

Мулозим: Солиқ тўламай юрган дурадгор оқланади, ўғирланган пуллар кечирилмайди!


2017 йилда Туркияга миллион доллар олиб кирмоқчи бўлганида Истанбул аэропортида ушланган эди.

Тошкентдаги Халқаро пресс-клубнинг жорий ҳафтадаги сессиясида чиқиш қилган Иқтисодиëт вазири ўринбосари Мубин Мирзаев «яширин иқтисод чўнтагидаги пулни очиқ иқтисодга йўналтириш стимуллари» ҳақида гапирди.

Мирзаевнинг айни тадбирда таъкидлашича¸ «бугунги кунда яширин иқтисодиётнинг Ўзбекистон Ички ялпи маҳсулотидаги ҳажми 50 фоизни» ташкил қилади. Маҳаллий мухбирлар саволига жавоб қайтарган Мирзаев «Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларда шу вақтга қадар яширинча тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ўзбекистонликлар учун молиявий амнистия чоралари кўриш режалаштирилмоқда» деган фикрни билдирди.

Ўтган йилнинг 8 декабрида Конституция кунига бағишланган парламентдаги чиқишида мамлакат президенти Мирзиëев "Агар кимдир мамлакатга бир вагон валюта олиб келсаю, уни текширишса, ҳаммасини шу заҳоти ишдан оламан!" деган эди.

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган расмийлар ва таҳлилчилар¸ президентнинг гапи билан мавжуд қонунчилик орасида катта масофа борлигини айтишди.

Бир вагон пулни Ўзбекистонга олиб кириш мумкин. Фақат декларацияда кўрсатишингиз лозим.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасидаги Озодлик суҳбатлашган мулозим мамлакатга валюта олиб кириш қатъий тартибда амалга оширилаëтгтанига эътибор қаратди. Исми эфирда айтилмаслигини истаган мулозимнинг айтишича, «Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган ҳар бир шахс божхона декларациясини тўлдириши ва ўзи билан олиб кираётган буюм ва валюталар ҳақида маълумотни кўрсатиши шарт.»

Мулозимга кўра¸ валюта декларацияда кўрсатилмаган бўлса улар олиб қўйилади.

“Кўплар ўзлари билан олиб келаётган валюта миқдорини божхона декларациясида кўрсатишдан қўрқишади. Ёнингизда қанча пул бўлса ҳам қўрқмай декларацияда кўрсатишингиз мумкин. Ўзбекистон ҳудудига валюта олиб киришда ҳеч қандай чеклов йўқ. Истаганингизча пул билан киришингиз мумкин”, деди божхона вакили.

Иқтисодиёт вазири 1- ўринбосари баёнотини унинг ёрдамчиси инкор этди

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Халқаро пресс-клуб сессиясида Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларда шу вақтга қадар яширинча тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ўзбекистонликлар учун молиявий амнистия чоралари кўриш режалаштирилаëтгани ҳақида билдирди.

Шунингдек, мулозим бу ҳақда KUN.UZ мухбирига берган блиц- интервьюсида ҳам таъкидлади.

Озодлик мухбири Иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг ëрдамчиси, ўзини Ферузбек, деб таништирган мулозим билан суҳбатлашди. Мулозим вазирликда «молиявий амнистия» ҳақида ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмаслиги ва бундай ҳужжатнинг режалаштирилаëтганидан хабарсиз эканлигини айтди.

Иқтисод вазирлигининг Озодлик боғланган бошқа мулозимлари ҳам «келиб чиқиши шубҳали бўлган» пулларни оқлаш бўйича механизм йўқлигини таъкидлашди.

Айни вазирликда ишлайдиган ва ўз исми айтилишини истамаган мулозимга кўра¸ «Мубин Мирзаевнинг бу гапи давлат раҳбари Мирзиëвнинг «бир вагон пулни бемалол олиб кириш» ҳақидаги риторикасига жавобан қилинган популистик гапдир»

- Ўғирланган пуллар кечирилмайди¸ амнистия қилинмайди. Бунақа механизм йўқ. Ўзбекистон Халқаро конвенцияларга қўл қўйган давлат сифатида жиноий пуллар ювиладиган ҳудудга расман айлана олмайди¸ деди мулозим.

Яширин цех ва касаначилар

Айни пайтда ўз фаолиятини қайддан ўтказмасдан юритаëтгтан тадбиркорларни ўтмишдаги фаолияти учун жавобгарликка тортмаслик ҳақида президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда:

- Масалан, дейлик бир дурадгор солиқ тўламай¸ қайддан ўтмай мебель ясаб, сотиб юрган бўлса, у оқланади. Чунки у аждархо каби қонунлардан қўрқиб қайддан ўтмаган. Мантиқан у айбдор эмас. Лекин кимдир давлат ëки шахс мулкини ўғирлаган бўлса, у оқланмайди¸ деди мулозим.

Нақд пул ва пластик пул тафовути боис яширин иқтисод гулламоқда

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов Иқтисодиëт вазири ўринбосарининг «яширин иқтисоднинг молиявий амнистияси» ҳақидаги гапини «мавҳум ва амалга ошмайдиган гап» деб атади:

- Мулозим Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ярмини яширин иқтисод эканини тан олди. Тан олгани яхши. Лекин мамлакатда ҳали ҳам эркин конвертация мавжуд бўлмагани боис яширин иқтисодиëт ўз жозибасини йўқотмай тураверади. Нақд пул ва пластик пул тафовути боис яширин иқтисод гулламоқда Вазир ўринбосарининг "хорижий мамлакатларда шу вақтга қадар яширинча тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ўзбекистонликлар" деган гапи мавҳум. Ким улар? Қанақа яширин бизнес? Бунга аниқлик киритиш керак¸ дейди таҳлилчи.

Илхомовга кўра¸Ўзбекистоннинг биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Ғарбда музлатилган активларини «яширин тадбиркорликдан келган бойлик» деб атаса бўлади:

- Бу ҳолатда бу бойликларни оқлаш¸ амнистия қилиш ғояси абсурд¸ чунки бу бойликлар тақдирини суд ҳукми белгилайди, деди суҳбатдош.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG