Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 06:46

Сергелидаги Dream granit ширкати ишчилари 11 соатлаб ишлатилмоқда


Гранит цехи. Иллюстратив сурат.

Тошкентдаги Dream granit ширкатининг тош кесувчи ишчиси бир гуруҳ ишчилар номидан Ўзбекистон Меҳнат кодексида белгиланган 8 соат ўрнига 11 соатлаб ишлатилаëтганидан Озодликка шикоят қилди.

Dream granit ширкати вакили ишчилар белгилаб қўйилган вақт меъёридан ортиқча ишлатилаётганини тан олди.

Озодлик суҳбатлашган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мулозими “Ўзбекистон ҳудудида ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслигини” таъкидлади.

Озодликка шикоят қилган ва исми эфирда айтилмаслигини истаган Dream granit ширкати ишчиси кунига 11 соатдан тик оëқда туриб нам ва гранит чангида ишлаëтганлигини айтаркан, бундай деди:

- 11 соат тик оёқда туриб гранит кесаман. Эрталаб соат 8 дан кечаси соат 19.00 гача ишлаймиз. Камига кечасиям ишлайсанлар деб ишга олиб колади. Кечаси ишлаётган ишчилар турган жойида ухласа уларни расмга олиб ойлигидан олиб колади. Қўриқлов химати ходимлари текшириб юради. Чарчадик десак, "ëқмаса катта кўча, мингтаси ишга кираман деб турибди.

Озoдлик суҳбатлашган Dream granit ширкати ишчиси “ëмон шароит боис касалга йўлиққанини” айтиб берди:

- Гранит кесганда доимий сув қуйиб турилади. Нам бўлиб кетади ҳаммаëқ. Нам гранит чангига қўшилиб ўпкамга кирибди. Шамоллаб ëтиб қолдим.

Яна бир ишчи эса гранит чангидан юзига яра тошганидан шикоят қилди:

- Гранит ва мармар чанги юзимни қоплаб¸ қичишиб яра тошиб кетди. Докторга борсам косметологга юборди. Юзни гранит чангидан махсус сўрғич билан тозалар экан. Бир сеансига икки миллион сўм сўради. Ўзи бу ерда ойлигим бир миллион бир юз минг.

Ишчилар шикояти юзасидан Озодлик Dream granit ширкатининг маъмурияти билан боғланди. Фабрика вакили “Ҳозир қурилишдан катта буюртма келгани учун кўпроқ ишлашга тўғри келяпти. Янаги ой изга тушиб кетади ”, - деди.

Ишчиларни жорий қонунларга зид тарзда 11 соатдан ишлатишга ким буйруқ берди, деган саволни фабрика вакили очиқ қолдирди.

Айни пайтда мулозим ишчиларга хавфсизлик қоидалари бўйича инструктаж ўтказилиб, улар респиратор билан таъминлангании айтди:

- Агар респираторсиз ишласа касал бўлади. Биз ишчиларни респиратор билан таъминлаганмиз.

Қонунга зид

Озодлик суҳбатлашган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мулозими “Ўзбекистон ҳудудида ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслигини” таъкидлади:

- Меҳнат Кодексининг 115-моддасига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса, 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси мулозимига кўра¸ Dream granit ширкати ишчилари касаба уюшмасига аъзо бўлмагани боис, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкони чекланган.

XS
SM
MD
LG