Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:39

Пахта-2016: Бир оиладан - бир тонна пахта


Ўзбекистонда мамлакат биринчи президенти ўлими муносабати билан эълон қилинган уч кунлик мотам тугар-тугамас¸ жойларда “пахта сиëсати” бошланди. Бу сиëсат ижросига яқин Озодлик манбалари янги мавсумнинг ўтган йилларга нисбатан оғирроқ бўлиши кутилаëтгани¸ халқни оммавий тарзда теримга мажбурлашнинг янги йўллари ўйлаб чиқилаëтганини билдирди.

Янги ва янги хилма-хил...

Жиззахда бу йилги пахта мавсуми ҳозирга қадар “пахтакор халқ” тарихида кўрилмаган янги ташаббус билан бошланди.

“Ўтган йилларда маҳалла ва участковойлар уйма-уй юриб¸ “ҳар бир хонадондан камида битта одам пахта теришга чиқсин¸ бўлмас пенсия-нафақа йўқ”¸ деган бўлса¸ бу йил янги йўлини топишди. Бу йилги шиор – бир оила бир тонна пахта теради¸ деган мазмунда. Бир оилада ўнта одам яшайдими¸ иккита¸ фарқи йўқ. Ҳар бир оила яқин-атрофдаги фермернинг ерига чиқиб¸ жами бир тонна пахта териб бериши керак. Масалан¸ бир кун бештаси чиқиб¸ 50 килодан терса¸ фермер уларга 250 кило терди¸ деган қоғоз беради. Шунақа қилиб¸ бир тонна териб бериши керак бу йил. Теришни хоҳламаса¸ дейлик қўлида пули бор тадбиркор бўлса¸ ë мардикор чиқариб тердиради¸ ëки¸ фермерга пулини бериб¸ ëлғон қоғоз олади. Бошқа чораси йўқ¸ дейди Озодликка янги пахта мавсумини ташкиллаштиришга яқин жиззахлик манба.

Мазкур ташаббус вилоят ҳокимлиги эмас¸ балки Тошкентдан келганини қўшиб ўтган суҳбатдош¸ бу йил ҳар бир вилоятда пахта мавсумини Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг Тошкентдан келган ишончли вакили бошқаришини таъкидлади.

“Ҳар йил пахтани Мирзиëевнинг ўзи бошқарарди. Бу йил энди ҳокимнинг устига Тошкентдан унинг ишончли одамлари¸ яъни кураторлар келди. Ҳокимларнинг оëғи қалтираб ўтирибди¸ бу йил олдингиларидан ҳам баттар бўлади¸ деб”¸ дейди ҳокимият тизимига яқин Озодлик манбаси.

“Бир оила – бир тонна пахта” “ихтиëрий гуруҳ” ташаббуси

Озодлик манбаларининг айтишича¸ Каримовга очилган уч кунлик мотамдан сўнг старт берилган бу йилги пахта мавсумини¸ Вазирлар Маҳкамаси буйруғи билан халқаро жамоатчилик кўзига мутлақ ихтиëрий қилиб кўрсатиш тараддуди бошланган.

Айни шу мақсадда¸ бутун мамлакат бўйлаб пахта йиғим-терми бўйича ихтиëрий гуруҳлар ташкиллаштирилмоқда.

“Бу йилги янгилик ихтиëрий гуруҳлар тузиш¸ шу билан ишсиз юрганларни иш билан таъминлаш ташаббусидир. Тепадан буни аҳолининг ўзидан чиққан ташаббус деб ташкиллаштириш айтилди. Маҳалла¸ айниқса¸ маҳалладаги фаол аëллар бу гуруҳларга бош-қош бўлмоқда. Пахта халқники¸ шуни ëғингарчиликка қолдирмасдан ўзимиз йиғиб оламиз¸ деб уйма-уй чиқишаяпти. Бу гуруҳларни ҳокимият назорат қилаяпти¸ албатта”¸ дейди жанубий вилоятлардан бири ҳокимлигига яқин яна бир манба.

Эски ҳаммом¸ эски тос

5 сентябрь куни Озодлик суҳбатлашган давлат ташкилотлари ходимлари¸ қолаверса¸ айрим фермерлар¸ ҳозирча Каримов вафоти билан изма-из бошланган янги пахта мавсумида қандайдир ўзгариш сезмаëтганларини айтдилар.

-Ўша-ўша. Бюджет ташкилотлари аллақачон пахтага чиқадиганлар рўйхатини тузиб¸ биринчи гуруҳини теримга жўнатиб бўлди. Ўқиш бугун бошлангани учун¸ ҳали талабаларга индашмади. 10 дан уларни ҳам чиқаради¸ дейишаяпти. Бюджетчиларнинг ҳаммасига ë пахтага чиқасан¸ ëки пул берасан¸ деган зуғум Каримов ўлмасдан олдиндан бошланган эди¸ бугун ҳам давом этаяпти. Масалан¸ мактаб директорларига ҳар бир уйдан биттадан одамни пахта олиб чиқасан¸ қандай олиб чиқасан¸ бу сенинг ишинг¸ деган топшириқ бўлди. Ҳали оммавий терим бошланмади¸ аммо шу кунлардаги мажлисларда фақат шунақа гап бўлаяпти. Ҳозирча ҳукуматнинг пахта сиëсатида бир юмшаш кўрганим йўқ¸дейди ўзи ҳам пахта мавсумига бевосита алоқадор Озодлик манбаларидан бири.

Мирзиëев ислоҳотлари

Ўзбекистон Бош вазири сифатида мамлакат қишлоқ хўжалиги¸ хусусан¸ пахта сиëсатига масъул бўлган Шавкат Мирзиëев фермерларни давлат режасини бажаришга мажбурлашнинг хилма-хил усулларини қўллаб келган бошқарувчи сифатида танилган.

Кучишлатар тизимларининг фаол иштироки ва кучли босими остида ташкиллаштириб келинган пахта йиғим-терим мавсуми йиллардан бери халқаро майдонда кескин танқидга учраб келмоқда.

Жаҳон миқëсида умумий даромади бир триллион долларга етувчи Ғарб ширкатлари болалар меҳнати воситасида терилган ўзбек пахтасини бойкот қилгани ортидан¸ 2013 йилдан бошлаб Мирзиëев ҳукумати пахта мавсумида болалар меҳнатини тақиқловчи қатор ҳужжатлар қабул қилди.

Тошкент шунингдек қишлоқ хўжалиги¸ хусусан¸ пахтачиликда ислоҳот қилиш иддаоси билан ўтган йили Жаҳон банкидан ярим миллиард долларлик имтиëзли кредит олди.

Шунга қарамай халқаро кузатувчилар¸ Ўзбекистонда пахта мавсумида мажбурий меҳнатдан воз кечишга имкон берувчи туб ислоҳотлардан ҳанузгача дарак йўқлигини айтмоқдалар.

Кузатувчиларга кўра¸ айни кунларда бошланган 2016 йилги пахта терим мавсуми президент Каримов вафотидан сўнг унинг энг кучли вориси сифатида кўрилаëтган Шавкат Мирзиëевнинг Каримовсиз Ўзбекистонни бошқариш услубида бирор ўзгариш қилиш-қилмаслигидан сигнал берувчи биринчи жиддий синов бўлади.

XS
SM
MD
LG