Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:25

Испания Путинга яқин Россия расмийларини қўлга олиш учун ордер чиқарди


Владимир Путин Испания томонидан қидирувга берилган бош вазир ўрибосари Дмитрий Козак билан
Владимир Путин Испания томонидан қидирувга берилган бош вазир ўрибосари Дмитрий Козак билан

Испаниялик судья Россия ҳукуматининг амалдаги ва собиқ мулозимлари, жумладан президент Владимир Путинга яқин эканлиги айтиладиган шахсларни ҳибсга олишга ордер берди.

Ҳибсга олиш буюрилганлар рўйхатида собиқ бош вазир, собиқ мудофаа вазири, амалдаги бош вазир ўринбосари ҳамда парламент қуйи палатасининг молия қўмитаси раиси ҳам бор.

Испания эълон қилган ҳужжатларда Россиянинг энг номи чиққан икки жиноий тўдаси -- “Тамбов” ҳамда “Малишев” гуруҳларига аъзо эканлиги иддао қилинаётган шахсларнинг исмлари тилга олинган. Бу шахслар Испанияда бир қатор жиноятлар, жумладан, қотиллик, қурол-аслаҳа ҳамда гиёҳванд модда контрабандаси, зўравонлик ҳамда пул ювишга қўл урганликда айбланмоқда.

Испания полициясига кўра, жиноий гуруҳлардан бири юқори даражадаги мулозим ёрдамида Россия вазирликлари, хавфсизлик кучлари ва бошқа ҳукумат идоралари ҳамда ширкатлар билан алоқа ўрнатган.

Маълум бўлишича Судья Хосе де ла Мата 12 ордерни январь ойида берган, аммо бу ҳақда 2 май кунигина матбуотга билдирилди.

Испания расмийлари “Единая Россия” партиясининг собиқ депутати ва Дума қуйи палатасининг молия қўмитаси раиси ўринбосари Владислав Резникни қўлга олишни истайди.

Жиноий гуруҳларга алоқадар эканлиги айтилаётганлар орасида амалдаги бош вазир ўринбосари Дмитрий Козак ҳам бор. Козак аввал Санкт-Петербургда прокурор лавозимида ишлаган. Кейинроқ Путин маъмурияти раҳбари лавозимига тайинланган.

Испания полицияси назарига тушган яна бир шахс Виктор Зубковдир. Зубков 2007-2008 йилларда бош вазир бўлиб ишлаган. 2008-2012 йилларда эса, бош вазир Владимир Путиннинг биринчи ўринбосари лавозимига ўтган.

Бундан ташқари, жиноий тўдалар аъзоси ўлароқ Ички ишлар вазирлиги Наркотиклар қарши кураш бошқармаси бошлиғи Николай Аулов, собиқ мудофаа вазири Анатолий Сердюков, собиқ бош вазир ўринбосари Игорь Соболевский ҳамда информацион технологиялар вазири лавозимида ишлаган Леонид Рейманлар исми кўрсатилган.

“Тамбов” ҳамда “Малишев” жиноий гуруҳлари 1980 йилларда Санкт-Петербургда ўз аъзоларини ҳимоя қилувчи тўда ўлароқ юзага келган. Икки рақиб гуруҳ ўртасида 1989 йилда қонли тўқнашувлар рўй берган. Хабарларга кўра, бу икки жиноий тўда ҳозирда кўп сонли ширкатларга эгалик қилади, наркотиклар савдоси, проституция, рэкет ва пул ювиш билан шуғулланади.

Болгария 2008 йил “Тамбов” гуруҳини 1 миллиард еврони ювганликда айблаб, тергов қилган эди.

Москва Испаниянинг ордерларига қандай жавоб бериши, исми тилга олинганлардан бирортасини экстрадиция қилиши ёки қилмаслиги ҳозирча номаълум. Хабарларга кўра, Испания жавобгарликка тортишни истаётган шахсларнинг барчаси айни пайтда Россияда.

Нафақадаги терговчи Андрей Зиков декабрь ойида Озодликка берган интервьюсида “Испания прокурори ҳисоботида тилга олинган асосий шахслар ҳозир Россияда ҳеч бир муаммосиз яшамоқда”, деган эди.

XS
SM
MD
LG