Линклар

Шошилинч хабар
13 июл 2024, Тошкент вақти: 05:32

Истанбулда католик черковига ҳужум қилганлар ушланди


Истанбул полициячилари. Иллюстратив сурат.
Истанбул полициячилари. Иллюстратив сурат.

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Санта Мария католик черковига 28 январда ҳужум қилган икки киши қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Маҳаллий нашрлар ҳужумчиларнинг бири россиялик Д. Т., яна бири тожикистонлик А.. К. экани ҳақида ёзишмоқда.

Ички ишлар вазири Али Ерликаянинг билдиришича, Истанбулнинг Сариер туманида жойлашган мазкур черковга қилинган ҳужумда Туркиянинг бир фуқароси ҳалок бўлган. Кейинроқ унинг 52 ёшли Тунжер Жиҳан экани очиқланган.

Ҳужум черковда ибодат ўтказилаётган пайтда содир этилган. Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган.

Ҳужум ортидан маҳаллий полиция томонидан ўтказилган амалиётда 51 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Улардан 28 нафари ҳали ҳам полиция бўлимларида тутиб турилибди. Ҳужумга алоқаси йўқ деб кўрилган 23 нафар хорижлик киши эса депортация марказларига йўлланган.

Маҳаллий матбуотнинг билдиришича, Санта Мария черковида асосан италияликлар ибодат қилади.

Ўтган йилнинг декабрида Туркияда насроний ибодатхоналари, синагогалари ва Эрон элчихонаси олдида террор ҳужумларини режалаштирганлик айблови билан камида ўттиз киши қўлга олинган эди. Улар “Ислом давлати” террор гуруҳи аъзолари экани билдирилган.

XS
SM
MD
LG