Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:24

Каттақўрғонда канализация қувуридаги ишчи тупроқ остида қолиб ўлди


Фожиа Каттақўрғон шаҳридаги Улуғбек Барноев кўчасида қазилган мана шу канализация ҳандагида рўй берган.
Фожиа Каттақўрғон шаҳридаги Улуғбек Барноев кўчасида қазилган мана шу канализация ҳандагида рўй берган.

Каттакўрғон шаҳридаги Эргаш ота хусусий клиникаси томонидан кавланган канализация қувурини 26 июнь куни тупроқ босди ва оқибатда ҳандакда қувур монтаж қилаëтган уч ишчи тупроқ тагида қолди.

Каналицазия буюртмачиси бўлган клиника раҳбарига кўра¸ атрофдагилар тупроқни қўлда кавлаб¸ икки ишчини қутқариб олган¸ аммо учинчисининг аниқ жойини ҳеч ким билмаганидан¸ уни қўлда кавлаб олишга тўрт соатча уринилган.

Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича¸ яқинлари ва ИИБ ходимлари ишчини тирик топиш умиди узилгач¸ экскаватордан фойдаланишга қарор қилган - экскаватор иккинчи чўмич (ковш) солганда¸ тупроқ остида қолиб кетган йигитнинг танадан ажраган калласи чиққан.

Каттақўрғонликларни титратган бу воқеа тафсилотларини тасдиқлаган Эргаш ота хусусий клиникаси раҳбари¸ бунинг бахтсиз ҳодиса экани¸ воқеада ҳеч кимнинг айби йўқлигини билдирди.

Врачга кўра¸ 26 июнь кечқурун дафн этилган марҳумнинг яқинлари ўлим юзасидан ҳеч кимга даъвоси йўқлигини билдирган.

Узилган калла ëки экскаватор ковши жасадга тегди?

Озодликка 26 июнь кунги фожиа тафсилотларини хабар қилган гувоҳлардан бирига кўра¸ ҳодиса Каттақўрғон шаҳридаги Дашти Бозор қабристони ёнида канализация учун кавланаётган чуқур ичида содир бўлган.

Фожианинг тахминий жойи.
Фожианинг тахминий жойи.

Экскаватор ёрдамида канализация кавлатилган ва қазилган траншеянинг ичида қувурларни монтаж қилаётган Жаҳонгир исмли йигитни эрталабки 9 ларда тупроқ босиб қолган. Буни ҳеч ким пайқамаган, тахминан тушлик вақтида соат 13:00 ларда монтажчи йигитнинг йўқлигини¸ унинг эрталаб ямага тушганча қайтиб чиқмаганини сезиб қолишган. Зудлик билан уни тупроқ остидан ковлаб олиш учун экскаватор билан ковлашни бошлашди. Биринчи ковш тупроқ олинди, экскаватор иккинчи ковш тупроқни олаётганда¸ тупроқ тагида қолиб кетган йигитнинг калласини узиб юборди. Кечанинг ўзида кечки пайти йигитнинг жанозаси ўқиб ¸ дафн қилишди”¸ деди Озодлик билан гаплашган каттақўрғонликлардан бири.

Озодликка маълум бўлишича¸ 32 яшар марҳум икки фарзанднинг отаси¸ вақтинча ишсиз бўлган.

Марҳумнинг исми Жаҳон, 1987 йилда туғилган. Отасининг исми Нурмамат ака. Каттақўрғон шаҳар Сўфи Оллоёр маҳалласидан. Анча пайт ишсиз бўлган¸ бир қариндошининг таклифи билан ўша ишга борган экан бечора”¸ дейди воқеа тафсилотларига яқин каттақўрғонликлардан бири.

Бахтсиз ҳодиса¸ ëки техника хавфсизлиги қоидаларига лоқайдлик?

Озодлик билан суҳбатда Эргаш ота хусусий клиникаси раҳбари фожиа тафсилотларини¸ айрим жузъий тафовут билан тасдиқлади.

Тиббий туризмни ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг дастури¸ президентимизнинг фармони бўйича¸ шифохонамизни кенгайтириш ва замонавий меҳмонхона қуриш учун 3 километр жойга канализация тортиш бўйича туман ҳокими¸ шаҳар ҳокими қарорига мувофиқ¸ водоканалнинг ходимлари ишлаëтган эди. Бир ярим ойдан бери 3 километрлик чуқур қазишаëтган эди. Эни бир ярим¸ чуқурлиги 4 метрларча бор. Центральний канализация қазиш учун 28 та ташкилотнинг рухсати олинган. Экскаватор қувурни ковлаб қўйган¸ ишчилар ишлаëтган бўлган. Бу йигит 40 кундан бери ишлаëтган бўлган. Қабристон олдига келганда¸ кутилмаганда тупроқ босиб қолаяпти. Бахтсиз тасодифда бу”¸ деди Эргаш ота хусусий клиникаси раҳбари.

Унга кўра¸ тўрт метрларча чуқурнинг беш метрчасини тупроқ босган ва учта ишчи тупроқ тагида қолган.

Ташқарида турганлар секундда хабар берди¸ мутахассис чақириб¸ ҳаммамиз қўл билан тупроқни кавлаб¸ иккитасини соғ-саломат чиқариб олдик. Учинчисининг аниқ жойини ҳеч ким билмагани учун топишнинг иложи бўлмади. Қўлда қидириш уч ярим-тўрт соатга чўзилиб кетди. Одам тупроқ тагида узоғи билан 15 минутга бардош бериши мумкин¸ эксперт тўрт соатдан кейин тирик чиқмаслигини айтди”¸ дейди бу суҳбатдош.

Айрим гувоҳлар ва канализация буюртмачиси бўлган клиника раҳбари¸ воқеа жойига прокуратура¸ ИИБ ва тупроқ босган Жаҳонгирнинг яқинлари етиб келгани¸ уни тирик чиқаришдан умидини узган оиласи¸ экскаватор билан жасадни кавлашга рози бўлганини айтди.

Экскаваторчи олдинига хоҳламади – жасаднинг қаердалигини билмай¸ қазимайман деди. Лекин мелисалар бу ерни қаз¸ у ерни қаз¸ дегандан кейин иложсиз¸ қазди. Жаҳонгирнинг ака-укалари ҳам шунга рози бўлди. Экскаватор ковши жасадга тегди¸ лекин қон чиқмади. Уйидагилар тушунган одам экан¸ ҳеч кимга даъвоим йўқ деяпти”¸ деди бу фожиага бевосита алоқаси йўқлигини таъкидлаган клиника врачи.

Озодлик ¸ яқинларининг канализация буюртмачиси айтган каби ўлим юзасидан ҳеч кимга даъвоси йўқлигини ойдинлаштириш мақсадида¸ марҳум яқинлари билан боғланишга уринди¸ аммо қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Воқеа юзасидан Каттақўрғон прокуратураси терговгача суриштирув бошлаган¸ ҳозирча бу воқеа бўйича жиноят иши очиладими йўқми¸ очилса кимга нисбатан очилади¸ бу саволларга ҳам жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ҳисобга олиб бориш ва текшириш” ҳақидаги 222-моддасида:

Иш берувчи ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ўз вақтида текшириши ва ҳисобга олиб бориши шарт. Жабрланувчининг талабига биноан текширув тугаган кундан эътиборан узоғи билан уч кун ичида иш берувчи шу бахтсиз ҳодиса тўғрисида далолатнома бериши шарт”¸ дейилган.

Бахтсиз ҳодиса ўлим билан тугаган вазиятда амалга оширилиши лозим бўлган ҳатти-ҳаракатлар Вазирлар Маҳкамасининг “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги Низом”и орқали тартибга солинади.

Бу Низомга кўра¸ Каттақўрғондаги канализация қувурида тупроқ босиб ўлган ишчи оиласига товон пули тўланиш масаласида бахтсиз ҳодиса сабабларини ўрганиб чиқиши лозим махсус комиссия қарор беради.

XS
SM
MD
LG