Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 22:13

Муҳожирлар ҳақидаги «Салам Масква» фильми ўзбек зиëлилари танқидига учради


Салам Масква филми постери.

Наврўз байрами куни Россиянинг 1-каналида намойиши бошланган 16 қисмли «Салам Масква» сериали бир вақтнинг ўзида рус миллатчилари¸ тожик ватанпарварлари ва ўзбек зиëлилари танқидига нишон бўлди.

Рус миллатчилари назарида фильмдаги бош роль-милиционер ҳаддан ташқари салбий қилиб кўрсатилган. Кинода акс этган тожик мардикорларининг ҳаддан зиëд ҳуркак ва хокисорлиги эса¸ тожик ватанпарварларининг ижтимоий тармоқлардаги эҳтиросли эътирозига сабаб бўлди.

Ўзбек зиëлилари эса, бу филмни мигрантларга қарши пропаганданинг янги кўриниши дея баҳолашди.

Собиқ мулозим¸ Ўзбекистон Бадиий академияси ва Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлигининг собиқ раҳбари Турсунали Қўзиев ўзининг Facebookдаги саҳифасида бу фильмни «aнтимигрант пропагандасининг янги акценти» дея атади. Собиқ мулозимга кўра¸ фильм « мигрантларни камситувчи оҳанги¸снобизм ва нацистларнинг янги авлодини парваришлаш учун зарур бўлган барча салбий унсурлардан иборат».

Ўзбекистонлик кинодраматург ва режиссер Мастура Исҳоқова ҳам ижтимоий тармоқда бу фильмни танқид қилди.

«Ким ҳақида бўлишидан қатъий назар¸ бу кинони томоша қилиб бўлмайди! Қўпол¸ натурал ва кўнгилни оздирадиган тарзда жирканч» дея таъкидлайди Исҳоқова.

Ўзбекистондаги кабель телеканаллари тарафидан бутун республикага трансляция қилинган «Салам Масква» фильмидаги асосий роллардан бирини ижро қилган асли ўзбекистонлик киноактер Фарҳод Маҳмудов танқидчилар фильм ижодкорлари ўз олдига қўйган мақсадни тушунмаганини айтади:

- Башаранг қийшиқ бўлса¸ ойнадан ўпкалама¸ дейишади. Шу маънода бу фильм башараси қийшиқ рус милиционерлари¸ наркотрафик билан шуғулланадиган тожиклар¸бировнинг қилган жиноятини бўйнига олиб қамоққа индамасдан борадиган ўзбеклар¸ қотиллик ва одам савдоси билан шуғулланадиган кавказликларнинг гротеск тасвирларидир¸ дейди Озодлик билан суҳбатда киноижодкор Фарҳод Маҳмудов.

Суҳбатдошга кўра ¸ таниқли режиссер Павел Бардин тарафидан 2012 йили суратга олинган «Салам Масква» фильми Россия цензураси элагидан ўта олмасдан 4 йилдан зиëд токчада ëтган:

- 1-канал раҳбари Константин Эрнст бу фильмга продюсерлик қилган бўлса ҳам¸ намойиш қилиш изни олингунича тўрт йил ўтди. Чунки фильм моҳиятан ксенофобияни фош қилади ва мигрантларни ҳам қўй оғзидан чўп олмаган фаришта қилиб кўрсатмайди. Фильм документал кинога яқин операторлик услубида тасвирга олингани билан қадрли¸ дейди суҳбатдош.

Фильмда таниқли тожик актери Сайёра Сафари билан биргаликда роль ўйнаган ўзбек Камилла Мухлисова бу киноижодкорларининг эркин фикрли эканига эътибор қаратди:

- Сизларнинг радиони исми каби озод ижодкордир бу фильмни суратга олган Павел Бардин. Шу боис мен фильмда роль ижро этар эканман¸ ўзимни жуда эркин ҳис қилдим¸ дейди Россияда машҳур бўлган «Оттепель»¸ «Москваободдан қочиш» каби фильмларда роль ўйнаб танилган Камилла Мухлисова.

Ксенофоб билан мусулмоннинг дўстлиги ҳақидаги кино

Кино мигрантлар ичидаги жиноятларни текширадиган махсус милиция бўлими билан боғлиқ саргузаштларни ҳикоя қилади.

Бўлимга тақирбош ксенофоб Ребров (Александр Голубков) раҳбарлик қилади. Бўлимда малака ошираëтган авар миллатига мансуб стажер Рустам (Али Алиев) эса рўза тутиб¸ номозини канда қилмайдиган мўмин мусулмон.

Аввалига бир-бири билан низолашган бу икки қутб вакиллари 16 сериялик кино давомида бир-бири билан дўстлашиб кетади.

"Чодирхаëл"нинг мазкур фильм таҳлилига бағишланган махсус сонини тингланг.

Чодирҳаëл дастури
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:08 0:00
Бевосита линк

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG