Линклар

Шошилинч хабар
24 сентябр 2018, Тошкент вақти: 12:53

Ковальчук кокаинни Аргентинадан Россияга Ўзбекистон учоғида олиб келмоқчимиди?


Аргентина Хавфсизлик вазири Патрисия Буллрич кокаин можароси ҳақида гапирмоқда.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Андрей Ковальчукни Аргентинадан Москвага 400 килограмм кокаинни контрабанда қилишга уринганликда гумон қилмоқда. Гумонланувчи эса¸ АҚШ разведка хизмати билан Аргентина полициясини ўзига қарши фитна уюштирганликда айбламоқда, деб хабар беради Россия оммавий ахборот воситалари (ОАВ).

Андрей Ковальчукнинг адвокати 28 февралда берган баёноти 16 жомадонлик юк билан боғлиқ миш-мишларга тўла ишда кутилмаган бурилиш бўлди. Москва ҳокимият идоралари иддаосича, 60 миллион доллар деб баҳоланаётган юқори сифатли кокаин Россиянинг Буэнос-Айресдаги элчихонаси омборида қолдириб кетилган.

Аргентина хавфсизлик вазири Патрисия Буллрич ўтган ҳафта 389 килограммлик кокаин 2016 йил декабрида жомадонлардан топилганини хабар қилди. Бу ҳақда полицияга Россиянинг элчиси ва уч нафар ФХХ зобити хабар қилган. Бу воқеани шарҳлаган вазир «Аргентина илгари ҳеч қачон наркотиклар билан боғлиқ бу қадар мураккаб ва ғайритабиий амалиётига дуч келмаган эди», дея эътироф этди.

Кокаин ўрнига жомадонларга ун жойланди ва юк 2017 йили Россияга жўнатилди. Уларни олиб кетишга келган икки киши ҳибсга олинди. Исми К ҳарфи билан бошланувчи гумондор кокаинни сотиб олган ва элчихона ҳудудига олиб кирган.

ФХХга кўра, жами уч киши Россияда, яна икки киши Аргентинада ушланди. Буни икки мамлакат вакиллари қўшма амалиёт деб атамоқда. Унга бош-қош бўлган кишига нисбатан халқаро қидирув эълон қилинди. Кейинчалик бу одамнинг исми Андрей Ковальчук экани, Россиянинг Аргентинадаги элчихонасида техник ходим бўлиб ишлагани ва айни пайтда Германияда яшаётгани маълум бўлди.

Ковальчук адвокати Владимир Жеребенковнинг 27 февраль куни маълум қилишича, мижози 2016 йили жомадонларни элчихонада қолдирган ва уларда кокаин эмас, қаҳва, спиртли ичимликлар ва бошқа нарсалар бўлган.

Россия ОАВнинг 28 февраль куни Жеребенковга иқтибосан хабар беришича, ушбу амалиёт АҚШ разведка хизматлари Аргентина полицияси билан бирга Россия элчихонасининг обрўсини тўкиш учун уюштирган иғводан бошқа нарса эмас.

Жеребенков иддаосини исботлаш учун ҳеч қандай далил келтирмади. Фикрича, Ковальчук Россияга келиш ҳамда “айбсизлигини исботлаш ва ҳақиқатни қарор топтириш” учун терговчилар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова 23 февраль куни кокаин можароси Россия дипломатияси номига “доғ бўлиб тушиши” ҳақида ёзган ОАВни танқид қилди.

– Аслида мутлақо бунинг тескариси бўлиб чиқди. Ушбу амалиётнинг муваффақиятини Россия элчиси билан дипломатия ходимлари саъй-ҳаракатлари таъминлаб берди, – деди Захарова.

Шу ўринда Ковальчукнинг адвокати баёнотидаги ғалати бир жиҳатга эътиборни қаратмасдан бўлмайди. Ушбу машмашага Ўзбекистон номи ҳам аралашиб қолмоқда.

Адвокатга кўра, Ковальчук Россияга олиб келмоқчи бўлган юки – қаҳва, сигара ва спиртли ичимликлар учун Ўзбекистондан хусусий учоқ ёллашга келишиб олган. Шундан сўнг Россиянинг Аргентинадаги элчихонасига юкни олиб чиқиб кетиш учун бир неча ой давомида тинимсиз қўнғироқ қилган ва нима учун элчихонадагилар “юкни жўнатишни истамаётганидан ҳайрон бўлган”.

Ушбу кокаин машмашаси 22 февралда ошкор бўлди. Ҳибсга олинган 5 кишига ва қидирувдаги Ковальчукка Россия Жиноят Кодексининг наркотикларни жуда кўп миқдорда ишлаб чиқариш, сотиш, ёки жўнатиш ва контрабанда қилиш тўғрисидаги моддаси билан айб қўйилмоқда.

XS
SM
MD
LG