Линклар

Ўзбекистонлик кўзи ожизларга китоб чиқарадиган ягона босмахонани мелисалар эгаллаб олди


Кўзи ожизлар жамиятига қарашли босмахона биносининг иккита хонасини 1999 йилдан бери участка нозири эгаллаб келган.

Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов 3 май куни имзолаган 543-қарор асосида Шайхонтоҳур туман Ички ишлар бўлими ходимлари 20 май куни қарийб куч воситасида республика Кўзи ожизлар жамиятининг мазкур туман ҳудудидаги босмахонаси биносининг бир қисмини эгаллади.

Мелисаларни маҳаллалар ичига жойлаштириш

Пойтахт ҳокими қарорида ëзилишича¸ бинонинг босмахона балансидан ички ишлар тизимига ўтказилишига Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг 1 май кунги мурожаати асос бўлган.

Тошкент шаҳар ҳокими қарорининг Озодликка жўнатилган нусхаси.
Тошкент шаҳар ҳокими қарорининг Озодликка жўнатилган нусхаси.

Бу мурожаатда эса “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш¸ хавфсизликни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши кураш ишларини янада самарали ташкил этиш мақсадида¸ туман ИИБлари ҳузурида шаҳар ички ишлар бўлимларини ташкил этиш” ва уларга бино ажратиш сўралган.

Шаҳар ҳокими қарорига ИИБ балансига ўтказиладиган манзиллар рўйхати илова қилинган.
Шаҳар ҳокими қарорига ИИБ балансига ўтказиладиган манзиллар рўйхати илова қилинган.

Усмонов қарорининг Озодликка етиб келган нусхасига кўра¸ шу мақсадда пойтахтнинг барча туманидаги ўнлаб бино битта имзо билан олдинги эгалари ихтиëридан Тошкент шаҳар Ишчи ишлар бош бошқармаси балансига ўтказилган ва улар орасида Кўзи ожизлар жамияти ихтиëридаги махсус босмахона ҳам бор.

"Қуроллилар ишғоли"

Шайхонтоҳур туман, Ўзгариш кўчаси, Керки тор кўчасидаги 32-уйда жойлашган босмахона биносига 20 май куни ҳоким қарори билан келган милиция ходимлари¸ унинг бош муҳаррири Рихсивой Аббосхоновнинг Озодликка айтишича¸ 1-қаватдаги саккизта хонани эгаллаган:

- Шанба куни ҳокимнинг 543-сонли қарорини олиб келишди ва шу куннинг ўзидаëқ бу бинони қонуний ижарага олиб ишлаëтган хусусий тадбиркор-устани босим билан чиқариб¸ саккизта хонани эгаллашди ва ремонтни ҳам бошлаб юборишди. Ҳоким қарорига қаралса¸ бизга тегишли юридик адрес тўлиғича ИИБга олинган ва ҳозир улар эмас¸ биз уларга қарашли бинода ўтирган бўлиб чиқамиз¸ деди Аббосхонов 22 май куни Озодлик билан суҳбатда.

Аббосхоновга кўра¸ Шайхонтоҳур туман ҳокими Ойбек Миртемиров ўтган ой босмахонага келиб¸ унинг бир қисмини Ички ишлар бошқармасига олиб бериш режаси борлигини билдирган.

Бош муҳаррир ҳокимга босмахонанинг мамлакатдаги кўзи ожизлар учун аҳамиятини тушунтиришга¸ Брайль ëзувидаги дарслик¸ журнал ва китоб чоп қилувчи ягона бу матбаа воситаси фаолиятини замонавийлаштириш жараëни бораëтгани тафсилотларини тақдим этишга уринган.

Афтидан¸ ҳоким муҳаррир берган маълумотларни асосли, деб топмаган ва у келиб кетгандан кўп ўтмай, Шайхонтоҳур туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан босмахона биносини ҳеч бир қонуний асоссиз ўзлаштириш ҳаракатлари бошланган. Аббосхонов бу ҳаракатларга норозилик билдириб¸ 10 май куни президент порталига шикоят ҳам ëзган.

Бу шикоятдан 10 кун ўтиб¸Тошкент шаҳар ҳокимининг Кўзи ожизлар жамиятига нусхаси олдиндан жўнатилмаган қарори билан қуролланган ички ишлар тизими ходимларини бинонинг бир қисмини эгаллаган.

Кўзи ожизлар биносидан бошқа жой топилмадими?

Нега айнан Брайль ëзувида китоб-журнал чиқарувчи Ўзбекистондаги асосий босмахона биносининг Тошкент милициясига олиб беришга қарор қилинганига оид пойтахт ҳокимлигидан аниқ изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ҳокимликнинг юридик масалалар бўйича мутахассиси¸ айнан қайси бино ва ҳудуднинг Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси балансига ўтказилиши ҳақида ҳар бир туман ҳокимлиги қарор чиқаргани ва шу асосда шаҳар ҳокими Усмонов 543-сонли қарор чиқарганини билдирди:

- Ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудидаги айнан қайси бинонинг ИИБга берилишини ўзи ҳал қилди. Нега айнан кўзи ожизларга қарашли босмахона биносининг олиниши ҳақида улар изоҳ бериши керак¸ деди Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутахассиси.

Шайхонтоҳур туман ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими¸ босмахона биносининг ИИБ балансига ўтказилганини тасдиқлай туриб¸ бу ҳаракат юзасидан президент порталига шикоят тушганини ҳам эътироф этди:

- Ҳозир порталдан келган сўровга жавоб тайëрланаяпти. Матбуотга ҳам¸ ëзма мурожаат бўлса¸ қонунда белгиланган тарзда жавоб берамиз. Бу бинонинг нега босмахонадан олингани ва унинг босмахонага қайтарилиш-қайтарилмаслиги масаласида туман ҳокими қарор беради¸ деди Шайхонтоҳур ҳокимлиги мулозими.

Шайхонтоҳур ҳокими Ойбек Миртемиров билан кун давомида боғланишнинг имкони бўлмади.

Айтилишича¸ кадастр ҳужжатларида босмахона биносининг эгаси бўлган республика Кўзи ожизлар жамияти ҳам туман ва шаҳар ҳокимининг бу қарори юзасидан шикоят билдиришни режаламоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG