Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:19

Лондондаги террор ҳужумини 52 ёшли Холид Масъуд амалга оширган


22 март куни Лондонда содир этилган ҳужумда, расмий маълумотларга кўра, 5 киши ҳалок бўлган.
22 март куни Лондонда содир этилган ҳужумда, расмий маълумотларга кўра, 5 киши ҳалок бўлган.

Лондон полицияси Британия парламенти олдида 22 март куни амалга оширилган ҳужумда гумонланаётган шахс Британияда туғилган 52 ёшли Холид Масъуд эканлигини билдирди. Холид кейинги пайтда Бирмингем шаҳрини ўз ичига олувчи Уэст-Мидлендс графлигида яшаётган бўлган.

Британия расмийлари 23 март куни ўтказилган рейдлар давомида қўлга олинган яна саккиз шахс террор ҳужумларига ҳозирланганликда гумонланиб, ушлаб турилганини билдиришди.

Гумонланувчиларнинг етти нафари Бирмингем шаҳрида, биттаси шарқий Лондонда қўлга олинган.

Масъуд террор ҳужумини амалга ошираётганида полиция томонидан отиб ўлдирилган. Полиция вакиллари у бошқа бир неча ном билан ҳам маълум бўлганини билдирди.

Мамлакат расмийлари Масъуднинг террор ҳужумини амалга ошириш нияти ҳақида олдиндан бирор маълумотга эга бўлмаган.

Британия бош вазири Тереза Мэй 23 март куни эрталаб парламентнинг қуйи палатасига Масъуд хавфсизлик расмийларига маълум бўлган шахс эканлигини таъкидлаган эди.

Полиция Масъудни диний терроризм руҳлантирган, деган ўйда. Расмийларга кўра, Масъудга аввал терроризм айблови қўйилмаган.

Расмийлар Холид Масъуд бундан аввал бошқаларга ҳужум қилиш, жумладан, жиддий тан жароҳат етказиш, ноқонуний равишда қуролга эгалик қилиш ҳамда оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришда айбдор топилганини тасдиқлашди.

Масъуд илк маротаба 1983 йилнинг ноябрида биров мулкига зарар етказишда айбдор, деб топилган. Сўнгги марта 2003 йилнинг декабрида ноқонуний равишда ханжарга эгалик қилишда айбланган.

Масъуд 22 март куни Вестминстер кўприги яқинида автомобилини атайин пиёдалар устига ҳайдаган. Натижада икки одам ҳалок бўлган, камида 30 одам жароҳат олган. Сўнгра у Британия парламенти полиция офицерини пичоқлаб ўлдирган. Бунинг ортидан полиция ходимлари Масъудни отиб ташлашган.

Британия парламенти олдида отишма бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:29 0:00

Куни кеча “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи ҳужумни ўз “аскар”ларидан бири амалга оширганини таъкидлаб, теракт учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Бу орада ҳалок бўлган тўрт шахснинг уч нафарининг исми ошкор қилинди.

Кўприкда ҳалок бўлган икки пиёда Ойша Фрейд ҳамда Курт Кўкран экани маълум қилинди. 43 ёшли Фрейд парламент яқинидаги коллежда маъмур бўлган. Кўкран эса тўйининг 25 йиллигини нишонлаш учун рафиқаси билан АҚШдан келган сайёҳ бўлган.

23 март оқшомида полиция жароҳат олган 75 ёшли шахс шифохонада ҳалок бўлганини билдирди.

Вестминстер кўпригида жароҳат олганлар орасида 12 давлат ватандоши бор. Расмийларга кўра, жароҳат олганларнинг етти нафари оғир аҳволда.

Аввалроқ Британия расмийлари Масъуд ҳужумни мустақил равишда амалга оширган бўлса-да, унга бошқалар ёрдам берган бўлиши мумкинлигини билдирган эди.

Лондонда террорчилик хавфи иккинчи даражада қолмоқда. Бу шаҳарда террор ҳужуми хавфи жуда юқори демакдир.

XS
SM
MD
LG