Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:25

Ҳукумат мажбурий меҳнатга қарши қарор қабул қилди. Фарғона ҳокими божхоначиларга кўча супуртирди


Кўча супураëтган фарғоналик божгирлар
Кўча супураëтган фарғоналик божгирлар

Фарғона вилоятида божхона ходимлари 10¸ 11 май кунлари Фарғона-Олтиариқ магистрал йўлини супуриш¸ йўл бўйидаги бетон ариқлар ичини тозалаш ва дарахтларни оқлашга жалб қилинди.

Вилоят ҳокимлиги мулозимининг Озодликка 11 май куни маълум қилишича¸ божхоначилар¸ солиқчилар ва бошқа ходимларини ҳашарга чиқаришга вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев буйруқ берган.

Фарғона вилоят божхона бошқармаси ходимларининг ҳашарга чиқарилиши Вазирлар Маҳкамаси мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам беришга доир қарор қабул қилган кунга тўғри келди.

Ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи Озодлик мухбирига бу холатни изоҳлашдан бош тортди. Салом-аликдан сўнг мухбир божхоначиларнинг ҳашарга чиқарилишига оид саволни беришни бошлаши биланоқ, ҳоким алоқани узиб қўйди.

Фарғона вилоят божхона бошқармасининг мулозимларидан бири Озодлик мухбири билан суҳбатда шахсий таркибнинг ҳашарга чиқарилганини тасдиқлади¸ бошқарманинг яна бир вакили эса, божхоначилар "маҳалла фаоли сифатида ишдан кейин ўз маҳалласида тозалаш ишларига бош қўшганлигини" иддао қилди.

Божгирлар кўча супурганидан хафа

Озодлик 11 май куни кўча супуришга чиққан вилоят божхона бошқармасининг яна бир ходими билан гаплашди. Исми айтилмаслик шарти билан гапирган ходим кўча супуришга чиқарилганидан уялганини билдирди:

- Божхоначи деган номимиз бор¸ кўчада ариқ тозалаб юриш бизга ярашадими? Бошқарма бошлиғи Азимовнинг топшириғи билан кеча ва бугун мана “ҳашар-элга ярашар” деган шиор билан ариқларни, йўлларни супуриб, чопиб, дарахтларни оқлаб юрибмиз. Шуниси қизиқки, бирор бир шахс келиб “Сизлар кимсизлар, қайси ташкилотдан келиб ишлаб юрибсизлар” деб савол берса “Биз кўнгилли маҳалла фаолларимиз” дея жавоб берасизлар деб уқтиришди. Формани ечиб уйда киядиган кийим билан юриш буюрилди¸- деди божхона ходими.

Ҳоким амри билан...

Фарғона вилоят ҳокимлиги мулозимининг исми сир қолиш шарти билан 11 май куни Озодликка айтишича¸ божгирларни ҳашарга чиқариш масаласи ҳокимлик йиғилишида кўрилган:

- 9 май куни Фарғона вилоят ҳокимлигида соат 20:00 да вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев катта йиғилиш ўтказди. Шуҳрат Мадаминович Фарғонага президент келаëтгани боис бутун вилоят бўйича оммавий ҳашар ўтказилиши, ҳар бир қарич ер тозаланиши, ҳар бир вилоят раҳбарига, шунингдек, божхонага ҳам вилоят ҳокимияти томонидан тозалаш лозим бўлган ҳудуд ажратиб берилишини айтди, қайси раҳбарга ажратилган ҳудуд бўйича камчилик аниқланса ўз лавозимидан “учириб” юбораман деб аниқ вазифа қўйди,- деди мулозим. Унинг яна айтишича, ўқитуви ва шифокорлардан бошқа бюджетдан ойлик олувчи ходимларгина ҳашарга чиқарилган.

Озодлик Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб “Божхона ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилингани” юзасидан изоҳ сўради.

Аввалига яхши сўрашиб турган ҳоким саволни эшитиши билан телефонни ўчириб қўйди. Кейин эса, ҳоким билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Тилинг билан ялайсан..

Фарғона вилоят ҳокимининг божгирларни кўча супуришга жалб қилганини Фарғона вилоят божхона бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими ҳам тасдиқлади.

Исми эфирда айтилмаслигини сўраган мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ 9 майдан 10 майга ўтар кечаси Фарғона вилоят божхона бошқармаси бошлиғи фавқуллода мажлис ўтказиб “барча ходимлар ўзларига ажратилган ҳудудни тозаламаса ишдан бўшатилишини” айтган:

- Кечқурун бошлиқ келиб бутун бошқарма шахсий таркибини оёққа турғазди. Вилоят ҳокимидан қаттиқ гап эшитгани, президент келишидан олдин божхонага Фарғона-Олтиариқ магистрал йўлини тозалаш ажратилгани айтди. Ҳар бир божхона ходими 2018 йил 10-11 май кунлари шу ерда ишлашини, бу ҳудудда камчилик аниқланса лавозимидан олиб ташланишини айтди. Бошлиқ бизга қараб “керак бўлса ҳар бир қарич ерни тилинг билан ялаб чиқасан”, деб қўрқитди дейди Божхона бошқармаси мулозими.

Кўча супуртиришга чиқарилган фарғоналик божгирлар иш пайтида Фарғона-Олтиариқ магистрал йўлини тозалаб юргани акс этган фотосуратларни ҳам юборишди.

Кўча супураëтган божгирлар
Кўча супураëтган божгирлар

Фарғоналик расмийлар божхона ҳодимларига кўча супутираëтган 10 май куни мамлакатдаги инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга доир ҳужжат кучга кирди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан 10 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорида ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш тақиқланади.

XS
SM
MD
LG