Линклар

Марказий банк тадбиркорга банк картасини хотинига беришга рухсат берди


Ўзбекистонлик якка тартибдаги тадбиркор бундан буён банк карталаридан ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш ва ишларни бажариш билан боғлиқ бўлган, умуман ҳар қандай харажатлар учун тўловларни амалга ошириши мумкин. У ҳатто банк пластик картасини бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериши ҳам мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки “Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низомга киритган бу ўзгартиш шу пайтгача амал қилиб келган “ўзбекча тартиб”нинг мантиққа зид яна бир жиҳатини ёдга солди.

Тадбиркорнинг банк картаси нима учун ишлатилар эди?

Марказий банк бошқаруви раиси Ф. Муллажонов томонидан 2008 йилнинг 19 июлида имзоланган қарор билан тасдиқланган Низомда якка тартибдаги тадбиркор банк карталаридан фойдаланилган ҳолда амалга ошириши мумкин операциялар белгилаб қўйилган.

Яъни, шу пайтгача, якка тартибдаги тадбиркор фақат бевосита ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш ва ишларни бажариш фаолияти билан боғлиқ бўлган қуйидаги харажатлари учун банк карталаридан тўловларни амалга ошириши мумкин эди:

хом ашё ва материаллар (шу жумладан қурилиш материаллар), ярим фабрикатлар, фурнитура, асбоб-ускуналар сотиб олиш;

коммунал тўловлар (иситиш, иссиқ сув, ичимлик сув, оқова, электр энергияси, газ ва чиқинди учун тўловлар);

ижара учун тўловлар;

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар;

чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан аҳолига нақд пулга сотиш мақсадида харид қилинган товарлар учун;

жорий фаолияти билан боғлиқ бошқа харажатларни тўлаш учун.

Нима ўзгарди?

Тижорат банкларидан бирининг Марказий банк жорий этган янги тартибдан хабардор мулозими Озодликка “эндиликда якка тартибдаги тадбиркорга банк картасидан фойдаланиши учун ҳар қандай чеклов олиб ташланганини” айтди.

Хомтама бўлманг!

Марказий банк баёнотида келтирилган “ҳар қандай чеклов олиб ташлангани” тўғрисидаги гапни такрорлаган банкир Низомнинг 11- бандида белгилаб қўйилган меъёр ўзгармаганини айтди.

11- бандда бундай дейилган: “Якка тартибдаги тадбиркор банк картаси орқали нақд пул маблағлари берилишига йўл қўйилмайди”.

Тижорат банки мулозимининг айтишича, бу меъёр ўзгаришсиз қолди.

- Якка тартибдаги тадбиркорнинг банк картасидан фақат ойлик иш ҳақи учун нақд пул кўринишида берилиши мумкин, деди банк мулозими.

Марказий банк якка тартибдаги тадбиркорнинг банк картасига оид ўзгартишни “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони ва Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш зарурати билан изоҳлади.

Оптимист тадбиркорнинг айтганлари

Тошкентлик тадбиркор Маҳмуджон ака якка тартибдаги тадбиркор эмас, унинг микрофирмаси бор – юридик шахс. Лекин унинг ўғли – якка тартибдаги тадбиркор.

Сўнгги янгиликдан хабари бор Маҳмуджон ака АҚШда ўқиб, Ўзбекистонга қайтиб келган ўғлининг бизнеси ҳақида гапираркан, бундай деди:

- Ўғлим санитария-гигиена маҳсулотлари – қўл ва оғизга сепиладиган парфюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяяпти. Уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш арзонга тушади. Чунки ишчи кучи, энергия арзон. Ўз маҳсулотини Америкага экспорт қилиш йўлларини излаяпти, деди тошкентлик тадбиркор.

Унинг фикрича, ўғлининг иши юришишига бир томондан хўжалик субъектларига чет эл валютаси тушумини мажбурий сотиш тартибларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг 1 февраль кунги қарори, иккинчи томондан Марказий банкнинг якка тартибдаги тадбиркорлар банк картасидан фойдаланишга нисбатан чекловларнинг бекор қилингани яхши омил бўлиши мумкин.

Кимни "Якка тартибдаги тадбиркор", деб атаймиз?

"Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунда бундай дейилган:

"Якка тартибдаги тадбиркорлик якка тартибдаги тадбиркор томонидан ходимларни ёллаш ҳуқуқисиз, мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ туфайли ўзига тегишли бўлган мол-мулк негизида мустақил равишда амалга оширилади".

Қонунда яна бундай меъёр бор:

"Якка тартибдаги тадбиркорликни амалга ошириш учун эр-хотиндан бири эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мол-мулкидан фойдаланадиган ҳолларда, агар қонунларда, никоҳ шартномасида ёки эр-хотин ўртасидаги ўзга келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, эрнинг (хотиннинг) розилиги талаб қилинади".

XS
SM
MD
LG