Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:35

Марказий Осиёни ёритиш ва иситишнинг янги усуллари таклиф қилинди


Марказий Осиё қуёш энергиясидан фойдаланиш учун жуда қулай ерда жойлашган, минтақа мамлакатларида ҳар йили ўртача 250 кун қуёшли бўлади.
Марказий Осиё қуёш энергиясидан фойдаланиш учун жуда қулай ерда жойлашган, минтақа мамлакатларида ҳар йили ўртача 250 кун қуёшли бўлади.

Марказий Осиёнинг нафақат йирик шаҳар ва қўрғонлари, қолаверса, узоқ қишлоқлари уйларини ёритиш ва иситиш учун ҳам жорий энергия манбаларидан кўра арзонроқ қувват мавжуд ва етарлидир. Ушбу мавзу 11-12 сенябрь кунлари Грузиянинг Батуми шаҳрида “Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ҳамкорлик” (CAREC) лойиҳасининг энергетика соҳасига сармоя киритишга (EIF) бағишланган 3-форуми муҳокамалари марказида бўлди.

CAREC Осиё тараққиёт банки лойиҳаси бўлиб, “тўртта устувор соҳа: транспорт, савдога кўмаклашиш, энергетика ва савдо-сотиқ сиёсати бўйича минтақавий ҳамкорлик”ка кўмаклашишга хизмат қилади.

Ҳукумат амалдорлари ва компаниялар вакиллари CAREC-ка аъзо мамлакатларида ХХI асрнинг муқобил, яшил энергия манбаларидан фойдаланишни йўлга қўйишга оид ғояларини тақдим этди. Ушбу лойиҳа Афғонистон, Озарбайжон, Хитой, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни қамрайди.

Маърузачилар билдиришича, бу фақатгина экология масаласи эмас. CARECка аъзо кўплаб мамлакатларда, айниқса, Марказий Осиёда неча ўн йиллар олдин қурилган электростанцияларда ҳалигача кўмир, газ ёки нефть ёқилади. Улар ўрнини геотермал, қуёш, шамол ёки сув энергиясидан фойдаланиб ишлайдиган станцияларга бўшатиб бериши керак, чунки углеводород ёнилғиси билан ишлайдиган станцияларнинг харажатлари уларникидан кўп.

Қазиб олинадиган ёнилғи билан ишлайдиган электр станциялари самарадорлиги ҳам паст. Кичик қишлоқларга электр қуввати етказиб бериш учун электр қувватини узатувчи линияларни юзлаб километрларга тортиб бориш керак бўлади. Ушбу линияларда электр қувватининг муайян қисми йўқолади. Ҳатто янги технологиялар қўлланганда ҳам, узоқдаги электростанциялардан узатилаётган қувватнинг 10 фоизи йўлда исроф бўлади.

Яшил манбалардан олинаётган электр қуввати йирик шаҳарлар ва улкан электростанциялардан юзлаб километр наридаги қўрғон ва қишлоқлар аҳолисининг унга бўлган эҳтиёжини яхшироқ қондириши мумкин. Вилоят ёки туман марказларидан йироқлардаги аҳоли яшаш жойларини қувват билан таъминлаш учун қуёш ёки шамол энергиясини электрга айлантириб берувчи электростанциялар қуриш керак бўлади. Улар аҳолини ёруғлик ёки иссиқлик билан таъминлабгина қолмасдан, янги иш жойлари яратувчи янги корхоналар очиш имконини ҳам беради.

Қуёш энергияси зарур қувват манбаи бўла олади. “Инсоният тамаддуни қуёш елкамизни куйдираётган пайтда ерга тикилишга жуда кўп вақт сарфладик”, деди ОТБ вакили Суҳайл Ҳасние конференцияда. 100 ватт электр қуввати ишлаб чиқарадиган битта қуёш панелининг нархи 2016 йили, тахминан, 37 доллар эди. Аммо жорий йил охирига бориб, бу кўрсаткич 24 долларгача пасайиши кутилмоқда. Ушбу тамойил давом этаверади.

Марказий Осиё қуёш энергиясидан фойдаланиш учун жуда қулай ерда жойлашган,у ердаги мамлакатларда ҳар йили ўртача 250 кун қуёшли бўлади. Қирғизистон Транспорт вазирлиги вакили Марина Асанқулова гидроэнергетика ресурсларига бой мамлакатида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш йўллари ахтарилаётганини айтди.

Қайд этилишича, қуёш энергияси билан гидроэнергетика ёнма-ён ривожланиши мумкин. Бир тақдимотда Хитой Уч дара деган жойда яшил энергия манбаларини сузиб юрувчи қуёш электростанцияси билан омухта ривожлантириш лойиҳасини амалга оширишга ёрдам бераётгани айтилди. Қизиғи шундаки, ўша жойда бир вақтлар кўмир кони бўлган ва уни сув кейинчалик сув босиб кетган экан. 151 миллион долларлик сузиб юрувчи қуёш электростанцияси 150 мегаватт электр қуввати ишлаб чиқаради ва бу 50 минг уйни электр билан таъминлаш учун кифоя қилади.

Тожикистон ноябрда Роғун гидроэлектростанциясининг биринчи турбинасини ишга туширмоқчи. У ерга жами 6 та турбина ўрнатилиб, 3600 мегаватт қувват ишлаб чиқарилади. Роғун сув омбори сатҳи 110 км2 бўлгани учун у ер сузиб юрувчи қуёш электростанцияси қуриш учун жуда қулай.

Албатта, гидроэлектростанциялар қор эрийдиган иссиқ ойларда тўла қувват билан ишлайди. Аммо ҳар бир кун қуёшли ёки шамолли бўлиши қийин. Шунинг учун Батумида бўлибўтган EIF форумида электр қувватини батареяларда сақлаш бўйича ишланмаларга оид тақдимотлар ҳам ўтказилди. “Тесла” компаниясининг ўта сифатли литий-ион батареялари ҳақида ҳам сўз юритилди. Компаниялар қуёш ва шамол энергиясини сақлаш борасида олиб бораётган ишлар самарадорлиги ошган сари батареяларнинг нархи камайиб бормоқда.

...Лекин бир ишкали бор

Мен бир лаҳза чекиниш қилмоқчиман, чунки ушбу технология Марказий Осиёда кичик миқёсда қандай ишлаётганини ўз кўзим билан кўрдим. Қирғизистоннинг Тошкўмир шаҳри яқинидаги адирларда жойлашган ёлғиз бир уйда чоғроқ шамол тегирмонидан электр қуввати олинганини эслайман.

Қирғизистоннинг узоқ Боткен вилоятида бир уйда “кичик гидроманба”дан электр қувват олинаётганига гувоҳ бўлдим: автомобиль шинаси катталигидаги чиғир ҳовлидан оқиб ўтадиган ариққа жойлаштирилган экан. Мен бир неча йил олдин келажак ўтови ҳақида ёзган эдим.

Ушбу электр қуввати манбалари арзон ва тозадир. Улардан бир-иккитасини исталган жойга ўрнатиш мумкин. Яна бир имкон эмасми?

Лекин битта тўсиқ бор, у ҳам бўлса, ёқилғи қазиб олиш корхоналаридир. Уларнинг эгалари ҳукумат амалдорларига яқин кишилар ёки уларнинг ўзаларидир. Шунинг учун яшил ёки энергияга ўтиш бунга уринаётган кишиларга муаммолар туғдириши мумкин.

Брус Панниер, Озодлик радиоси

XS
SM
MD
LG