Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:46

Таниқли актёр Матёқуб Матчонов устидан маҳкама бошланди


14 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида таниқли актёр Матёқуб Матчонов дохил яна уч киши устидан маҳкама жараёни бошланди. Матчонов бир қатор молиявий жиноятларда айбланмоқда. Манбаларга кўра, маҳкама кутилмаганда бошланган бўлсада, суд залига одам сиғмаган. Айни пайтда актёрнинг ҳамкасблари юқори идораларга илтимоснома йўллаб, Матчоновни озод қилишни сўрашган.

"Суд залига одам сиғмади"

60 яшар Матчонов ва унинг шериклари устидан бораётган маҳкама жараёнига Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Сарвар Каримов раислик қилмоқда.

“Суд бугун соат 10 да Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида бошланди. Судни олдиндан огоҳлантирмасдан бошлашди. Улар ими-жимида, ошкор қилмасдан ўтказишни режалаштиришган экан. Лекин Матчоновнинг яқинлари хабар топгач, суд залига одам сиғмай кетди. Қариндош-уруғи, Матчоновнинг ҳамкасблари, жуда кўп одам судга келди”, деди хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз исми фош этилишини истамаган маҳкама қатнашчиларидан бири.

Суднинг кейинги йиғилиши 20 сентябрга белгиланган.

"Қолдирилган маҳкама"

Ўтган ой ўртасида Матёқуб Матчонов устидан 17 августга режаланган маҳкама қолдирилиб, иш қайта терговга жўнатилган ва актёр МХХ назоратидаги ҳибсхонадан умумий режимдаги Тоштурма ҳибсхонасига кўчирилган эди.

60 яшар Матчонов ва яна уч шахс қатор "молиявий-иқтисодий" жиноятларда айбланмоқда. Ўзбекистонда xизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов 4 июлда МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Аëн бўлишича¸ ҳибсга олинганлар актёр асос солган “Марса” номли тижорий ширкат ходимларидир.

Улардан бири Ҳ. исмли шахснинг мол-мулклари судгача арест қилинган.

Озодлик манбаларига кўра, айни иш юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари яна икки шахсга нисбатан қидирув эълон қилган.

"Наркотикка алоқадор айблов йўқ"

Озодлик жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг Матёқуб Матчонов иши бўйича 5 июлдаги ажрими нусхасини қўлга киритди.

Ажримга кўра, Матчанов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 184-моддаси (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 186-моддаси (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айбланмоқда.

Матчонов ҳибсга олинган пайтда унинг наркотик моддалар савдосига алоқадорлиги ҳақидаги гап-сўзлар пайдо бўлганди. Бироқ ушбу ажримда наркотикка алоқадор бирорта ҳам айблов йўқлигини кўриш мумкин.

Тергов ишидан хабардор Озодлик манбаларига кўра, Матчонов ва унинг шериклари аниқланган молиявий камомадни давлатга қайтаришган:

“Матчонов фирмасида солиқдан 180 миллион сўм камомад аниқланди ва бу камомад давлатга қайтарилди”, дейди манба.

Ўзбекистонда президент қарори билан тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини либераллаштириш бўйича қонунга киритилган ўзгартириш асосида етказилган зарар қопланса, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгиланади.

"Матчонов ушланишига сабабчи генерал Ўзбекистондан чиқиб кетган"

Бир-биридан мустақил икки манбанинг иддао қилишича, “Матёқуб Матчоновнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон хавфсизлик тизимларидаги юқори мартабали икки генерал ўртасидаги шахсий адоват билан боғлиқ”.

Озодлик манбалари айтаётган икки генерал адоватининг манбаи оилавий-маиший, шахсий характерга эгалиги туфайли унинг тафсилотларига тўхталишни номаъқул, деб топди.

Бироқ айни шу адоват “Матёқуб Матчонов ва яна бир қатор одамлар бошига етгани” айтилмоқда.

14 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатлашган Матчонов ишидан хабардор манбанинг айтишича, Матёқуб Матчонов ҳибсга олинишига сабабчи бўлган шахслардан бири Ўзбекистонни тарк этган:

"МХХнинг юқори лавозимли генерали бўлган бу шахс Ислом Каримов ўлган куни Ўзбекистондан чиқиб кетган. У барча оила аъзоларини олиб кетган", деди манба.

Лекин Озодликда бу маълумотни мустақил манбалар орқали текшириш имкони бўлмади.

Матчонов ҳимоясига акциялар

Айни пайтда таниқли ўзбек кино ва театр актёри Матёқуб Матчоновнинг театрдаги ҳамкасблари ҳам унинг ҳимоясига чиқмоқда.

Озодлик билан суҳбатда Матчоновнинг яқинларидан бирининг айтишича, бир гуруҳ санъаткорлар тегишли идораларга илтимоснома йўллаб, актёрни озод қилишни сўрашган:

"Бу илтимоснома Олий судга, МХХ бошлиғи Иноятовга ва Бош прокуратурага юборилган. Илтимосномага 5 Ўзбекистон Халқ артисти, 12 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист ва бир қатор машҳур артистлар имзо чекишган. Улар Матчоновнинг ҳибсдан чиқарилишини сўрашган", деди Матчоновнинг яқини Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекнинг таниқли актёри

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов 1980 йиллар ўрталаридан ўзбек театр ва кино мухлисларига яхши таниш.

У "Шайтанат", "Темир эркак", "Суғдиёна", "Улфатлар", "Дада", "Арзанда", "Хизмат доирасидан ташқарида ", "Сотқин" каби фильмлардаги роллари билан киномухслар орасида шуҳрат топган.

Уч фарзанднинг отаси Матёқуб Матчонов 2011 йили “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Уни яқиндан таниган ҳамкасблари ва режиссёрларга кўра, актёр ўз ишига ўта талабчанлиги, жиддийлиги ва самимийлиги билан ажралиб туради.

Озодлик "Матчонов иши" юзасидан қўшимча маълумотларни ўрганишда давом этаётир.

XS
SM
MD
LG